Жаҳон | 19:20 / 28.03.2025
16451
5 дақиқада ўқилади

Путин Украинада ташқи бошқарув жорий этишни таклиф қилди. АҚШдагилар жавоб қайтарди

Россия президенти Владимир Путин яна бир бор Украинада легитим ҳокимият йўқлигини таъкидлаб, мамлакатда ташқи бошқарувни жорий этишни таклиф қилди. Бунга жавобан АҚШ президенти маъмурияти Украинани ким бошқариши ҳақидаги қарорларни фақат унинг халқи қабул қилиши мумкинлигини билдирди.

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин АҚШ, Европа давлатлари ва Россиянинг «дўстлари ва ҳамкорлари» билан Украинада БМТ ҳомийлигида вақтинчалик халқаро бошқарув жорий этиш имконини муҳокама қилишни таклиф қилди. У бу ҳақда Мурманскда «Архангелск» атом сувости кемаси экипажи билан учрашувда айтиб ўтди.

У Украинада 2024 йилда президент сайловлари ўтказилмаганини таъкидлаб, Украинанинг ҳозирги ҳукумати легитим эмаслиги ҳақидаги тезисини яна бир бор такрорлади ва ким билан тинчлик шартномасини имзолаш кераклигини тушунмаётганини айтди. Унга кўра, бу ҳолат мамлакатда «неонацистик тузилмалар» ҳокимиятга келиш хавфини келтириб чиқариши мумкин.

«Ҳозир ким билан нима имзолаш кераклиги номаълум, чунки эртага бошқа раҳбарлар келиб қолиши ва барчаси бекор бўлиши мумкин», — дейди у.

Кремл бир неча бор Украина президенти ва Олий раданинг легитимлигини шубҳа остига қўйиб, уларнинг ваколатлари тугагани ва янги сайловлар ўтказилмаганини таъкидлаган. Бироқ, бу баёнотлар Украина Конституцияси ва қонунларига зид келади, улар уруш пайтида сайловлар ўтказишни тўғридан тўғри тақиқлайди. Дунёнинг бошқа ҳеч бир давлати ёки халқаро ташкилот Украина давлат институтларининг қонунийлигига шубҳа қилмайди.

Путин Мурманскка ташрифи чоғида сиёсий беқарорлик мавжуд бўлган мамлакатларда халқаро амалиёт вақтинчалик ташқи бошқарувни жорий этишни назарда тутишини ва Украина билан ҳам шундай йўл тутиш кераклигини айтди.

«БМТнинг тинчликпарварлик фаолияти доирасида ташқи бошқарув, муваққат маъмурият деб аталадиган нарса аллақачон бир неча бор кузатилган», – деди Путин.

Путинга кўра, бундай ташқи бошқарув орқали Украинада демократик сайловлар ўтказиш, шу орқали «халқ ишончига сазовор ва салоҳиятли ҳукумат»ни шакллантириш мумкин. «Россия ана шундай ҳукумат билан тинчлик шартномаси тузиш ва бутун дунё томонидан тан олинадиган, ишончли ва барқарор ҳужжатларни имзолашга тайёр бўлади», дея қўшима қилади у.

Шу билан бирга, Россия президенти ўтмишда Шарқий Тимор, Папуа-Янги Гвинея ва собиқ Югославиянинг айрим қисмларида ташқи бошқарув жорий этилганда шунга ўхшаш вазиятлар бўлганига мисоллар келтирди.

Путин келтирган барча ҳолатларда гап ё узоқ йиллар давомида фуқаролик урушлари бўлиб ўтган ёки мустамлакачилик ҳукмронлигидан озод қилинган мамлакатлар ҳақида кетган.

БМТ Бош Ассамблеяси эса бир неча бор Россиянинг халқаро тан олинган чегараларга эга бўлган Украинага қарши тажовузини қораловчи резолюцияларни қабул қилган.

Аввалроқ Путин Украина президенти Володимир Зеленскийни «легитим эмас» деб атаган ва унинг ваколат муддати 2024 йил май ойида тугаганини таъкидлаган эди. Киев эса, ўз навбатида, Конституцияга мувофиқ, амалдаги президент сайловлар ўтказилгунича вазифасини бажаришда давом эта олишини билдирган.

Украина Марказий сайлов комиссияси раҳбари Олег Диденконинг сўзларига кўра, назарий жиҳатдан 2025 йилда сайлов ўтказиш мумкин, аммо бунинг учун уруш ҳаракатлари тўхташи ва ҳарбий ҳолат бекор қилиниши керак.

Зеленский эса феврал ойида «агар тинчлик ўрнатилиши ёки НАТОга қўшилиш учун керак бўлса», ўз хоҳиши билан истеъфога чиқишга тайёр эканини билдирган эди.

Вашингтондагилар нима демоқда?

Жумага ўтар кечаси АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти вакиллари Путиннинг таклифига изоҳ беришди.

«Украинадаги бошқарув тизими унинг Конституцияси ва мамлакат халқи томонидан белгиланади», – деди АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили аноним тарзда Reuters агентлигига берган интервюсида.

Аммо бу изоҳни Вашингтоннинг расмий позицияси деб ҳисоблаш мумкинми ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас.

Аввалроқ Трамп Кремлнинг Киев расмийларининг ноқонунийлиги ҳақидаги риторикасини такрорлаган ва президент Володимир Зеленскийни диктатор деб атаган эди.

«Бу таклиф ёқимсиз. Аммо Путин Трамп билан музокаралар олиб бораётганда ўзини ишончли ҳис қилмоқда, бу музокаралар давомида у аллақачон кўплаб ён беришларга эришди ва бунинг эвазига ўзи ҳеч нарсадан воз кечмади. Бунинг баробарида Оқ уйда ўзининг кремлча тезислари қандай такрорланаётганини эшитиб турибди», – деб ёзди Financial Times  мухбири Кристофер Миллер Х тармоғида.

Россиялик денгизчилар билан учрашувда Путин Американинг янги маъмурияти урушга чек қўйишни чин дилдан хоҳлашига ишонишини айтди. «Умуман олганда, биз ҳар қандай можароларни, шу жумладан, буни ҳам тинч йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлаймиз, фақат бизнинг ҳисобимиздан эмас», – деди у.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери