Трамп маъмуриятининг номдор амалдорлари Ямандаги операцияни Signal тижорий мессенжерида муҳокама қиларкан, унга журналист қўшилгани катта можарога айланди. Оқ уй ва президент Трамп буни душманларнинг масалани кўпиртириши, деди. Журналист Голдберг эса ўз фикрлари билан бўлишаркан, Пентагон раҳбарини “беқарор киши” дея таърифлади.

Журналистикада этик дилемма деган нарса бор. Уни тушунтириш учун гўёки Оқ уйга таклиф қилинган журналист президент столи яқинида уруш бошланиши ҳақидаги махфий маълумотга кўзи тушиб қолгани, энди унинг олдида ушбу муҳим ахборотни бошқалар билан бўлишиш ёки сир сақлашдек дилемма ҳосил бўлгани ҳақидаги воқеа ҳикоя қилинади.

Шунга ўхшаш ҳодиса 24 март куни АҚШда содир бўлди. The Atlantic журнали бош муҳаррири Жеффри Голдберг тасодифан АҚШ ҳукуматининг Ямандаги махфий ҳарбий режаларини муҳокама қилаётган Signal гуруҳи чатига қўшиб юборилди.

У қўшилиб қолган чатда АҚШнинг Ямандаги ҳусийларга қарши амалга ошириши режалаштирилган ҳаво ҳужумлари муҳокама қилинган. Бироқ Голдберг ҳужумлар амалга оширилгунгача жим туриб, сўнгра маълумотларни ошкор қилди.

Ўзи собиқ журналист, АҚШ мудофаа вазири лавозимига тайинлангунга қадар Fox News телеканалида сиёсий шарҳловчи бўлиб ишлаган Пит Ҳегсет ушбу воқеага жуда кескин муносабат билдирди:

Сизлар ўзини ўзи “журналист” деб атаётган, аслида мутлақо беобрў ва доимий равишда бу касбни шарманда қилаётган шахс ҳақида гапиряпсиз. У одам яна ёлғон шов-шув тарқатмоқда. Ҳеч қандай уруш режалари ҳақида хабар алмашгани йўқ, бу борада айта оладиганларим шу билан чекланади”.

Яъни мудофаа вазири Голдбергни ёлғон шов-шув кўтаришда айблади.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливиттга кўра The Atlantic журнали бош муҳаррири Жеффри Голдберг Доналд Трампни ёмон кўриши туфайли сиздирилган маълумотлар билан боғлиқ мoжарони тарқатган.

The Atlantic тан олди: чатдаги маълумотлар чинакам ҳарбий режалар эмасди. Бутун воқеа Трампнинг таниқли нафратчиси томонидан ёзилган навбатдаги ёлғон эди”, деди Левитт.

Чатдаги сўзлашувлардан айрим скриншотлар қўйган The Atlantic нашри бош муҳаррири Жеффри Голдбергнинг ўзи эса вазиятни қуйидагича изоҳлади: