Жамият | 21:44 / 04.04.2025
23522
7 дақиқада ўқилади

“Гулзор қилиб қўйганди, энди у йўқ” – Сурхондарёда 200 туп дарахт йўқ қилингани айтилмоқда

Реконструкция сабаб “Дарбанд-Элбаён” автомобил йўлидаги салкам мингта, “Мангузар-Денов”да эса 2 мингга яқин дарахт кўчириляпти. Бунга Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси рухсат берган. Маҳаллий аҳолига кўра, жараён бошланиб бўлган, яшиллик йўқ қилиняпти. Бу Kun.uz’га берилган видеотасвирларда ҳам акс этади. Қизиғи, аввалроқ Эковазирлик айни ҳудуддаги дарахтларни кўчириб ўтказишга қарши эканини билдирганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Амалда жиловланиши имконсиз бўлиб бораётган газ конидан чиқаётган заҳарли ҳаво бойсунликларнинг ягона муаммоси бўлиб қолмайдиган кўринади: энди бу ҳудуддаги минглаб дарахтларга "ҳужум" бошланган.

Kun.uz’га Сурхондарё вилоятидан ўтувчи 4Р-105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобил йўлининг бир қисмида кўплаб дарахтлар қўпориб олингани ёки кесиб ташлангани акс этган видеолар келиб тушди. Ҳудудда яшовчиларга кўра, олиб ташланган дарахтларнинг бир қисми “Бойсун баҳори” халқаро фолклор фестивали доирасида экилган.

Мана шу ерда “Бойсун баҳори” бўлган йўлларни шунча гулзор қилиб қўйган эди, ўртадаги [дарахтлар] йўқ-да. Тунов куни “заправка”га борганимда шунинг гувоҳи бўлдим, йўлнинг ўртасидаги қарийб 200 дан ортиқ арча йўқ, у ерда йўл қурилаётган экан, Бойсун йўли ўтяпти-ку, бетонли йўл – шу қуриляпти дейишди, шу муносабат билан олиб ташлашганми? [Ҳали] йўлнинг икки четидагиларини олишгани йўқ, фақат ўртадагисини йўқотган”,– дейди мурожаат қилган фуқаро.

Шунингдек, шахсини очиқлашни истамаган юртдошимиз одамлар орасида жойдаги 13 мингта дарахт кесилишига оид маълумотлар юрганини, бундан кўпчилик хавотирланаётганини билдирди.

Йўлнинг ёқасидаги дарахтларга “Х” белгилари қўйиб чиқилганди, ўчириб чиқишибди. Бирор жойда шов-шув бўлганми ёки бошқа бўлганми, яқинда шундай қилишибди.

[Дарахтларнинг] баъзиларини кесиб ташлаган, баъзиларини қўпориб, қабристонларга тарқатиб чиққан. Қабристонга 10-15 тасини кўкартириш вазифаси қоровулга берилган экан. Арчалар бирор жойда йўқ, ўзидан ўзи кесиб ташлаяпти. Экология идораси шу кесилган арчалар жойидан бир томон 200 метр ичкарида, бир томондан эса 1 км ёки 2 км чиқади[ган ҳудудда жойлашган]”,– дейди у.

Фуқаро тақдим этган тасвирларда ҳақиқатан ҳам арча дарахтларининг ўрни қазиб ташлангани, айримларида эса илдиз қисми қолиб, кесиб ташлангани кўринади. Қолаверса, яна бир видеода бир туп қарағай дарахти илдизи билан қўпорилган ва ерга ётқизилгани акс этади.

 

Қарши турилган аризага розилик берилган – вазирлик ҳам айтади, ҳам қайтадими?

 

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳолат юзасидан Kun.uz’га изоҳ берди. Унга кўра, шу йил 28 январ куни вазирликнинг Сурхондарёдаги бошқармаси томонидан лойиҳани амалга ошираётган компанияга дарахтлар тақдири юзасидан хулоса берилган.

Яъни Дарбанд, Мустақиллик, Бибиширин, Газа, Шўрсой маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи 24 км.ли автомобил йўлидаги ўсувчанлигини йўқотмаган жами 946 туп мевали, манзарали дарахтлар ҳамда ёш кўчатларни кўчириб ўтказиш белгиланган.

Шунингдек, компания дарахтларни агротехник талабларга риоя қилган ҳолда кўчириш, 3 йил давомида доимий парвариш қилиш тўғрисида кафолат хатини тақдим қилгани айтилмоқда. Расмийлар шуларга асосан ҳозиргача 122 туп дарахт кўчирилганини маълум қилди.

Дарахтларни махсус техника ва мутахассислар иштирокида илдиз тизимига шикаст етказмасдан, ўсувчанлигини сақлаб қолган ҳолда Бибиширин маҳалласи ҳудудидаги Бойсун туман 3-сон политехникумига қарашли ҳудудга 27 туп элдор қарағайи, 22 туп гўзал каталпа, 15 туп виргин арчаси – жами 64 туп манзарали дарахт ва дарахт кўчатлари, Мустақиллик маҳалласидаги 39-сон умумтаълим мактабига 15 туп виргин арчаси, 3 туп элдор қарағайи – 18 туп манзарали дарахт, Бибиширин маҳалласидан ўтувчи 4К-611 автомобил йўли ёқасига 15 туп виргин арчаси, Газа маҳалласидаги “Бойсун вахшивори” МЧЖ ҳудудига 25 туп виргин арчаси – ҳаммаси бўлиб жами 122 туп манзарали дарахт ва дарахт кўчатлари кўчириб ўтказилди.

Кўчириб ўтказилган дарахтларнинг ўсувчанлигини сақлаб қолиш ва доимий парваришлаш ишларини олиб бориш “Сурхондарёйўлкўкалам” ДМ бошлиғига бириктирилади”, дейилади расмий муносабатда.

Аммо юқорида дарахтлар илдиз қисмидан қўпорилганига оид тасвирлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Вазирлик бу ҳолатга изоҳ бермади. Қолаверса, экология бошқармасининг 28 январда дарахтларни кўчиришга оид хулосасидан олдин 21 январ куни расмий маълумот берилган. Унда “Дарбанд-Элбаён” автойўлидан ташқари, 4Р-100 “Мангузар-Денов” йўлининг айрим қисмлари реконструкциясига жами 2 706 туп дарахт халал бераётгани, уларни кўчириб ўтказиш, тўлиқ сақлаб қолиш бўйича чоралар белгилаб олингани маълум қилинган. Ёзилишича, 4Р-100 йўлида 1 976 туп дарахт қурилиш остига тушган, эски лойиҳада бу 10 567 тупни ташкил этган, ҳозирда 8 591 туп дарахт сақлаб қолинган.

Қизиғи, ўтган йили сентябр ойида вазирлик бу ишларга қарши эканини билдирганди. Қурувчиларнинг дарахтларни кўчириш юзасидан берилган аризасига рад жавобини бериб, лойиҳани амалга оширишда дарахтлардан холи ҳудудни танлаш ва бу борада лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритишни тавсия қилганди. Нима сабаб ҳозирга келиб ташкилотнинг фикри ўзгариб қолди? Ташкилот бу сўровимизни ҳам эътиборсиз қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг июл ойида Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида режаланган йўл қурилиши сабаб иккала ҳудудда жами 70 мингга яқин дарахт ва буталар кесилиши мумкинлиги маълум бўлганди. Экология вазирлиги бу лойиҳага қарши эканини билдирганди.

Кейинроқ Автомобил йўллари қўмитасига яшилликка зарар келтирмаган ҳолда лойиҳани қайта ишлаб чиқиш вазифаси топширилганди.

Ўтган йили ноябрида эса Kun.uz Фарғонада беш юлдузли меҳмонхона қурилиши бошланиши арафасида 25 йиллик дарахтлар бошқа жойга кўчирилгани ва бунинг оқибатида қуриб қолганини ёзганди.

Мавзуга оид