Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ёлғон тарқатаётган Исроил, шиддат билан пастга шўнғиган нефт нархи ва Трамп рейтингида антирекорд — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
БМТ: Исроил ёлғон тарқатмоқда
Исроил Ғазода «етарлича озиқ-овқат бор», деган баёнот берганидан сўнг, БМТ бу иддаони «аҳмоқона ва масхараомуз», дея баҳолади. БМТ вакилларига кўра, Ғазо аҳолиси очлик бўсағасида, инсонпарварлик ёрдами захиралари эса тугаш арафасида.
1 апрелда БМТ расмийси Стефан Дюжаррик: «Бу мутлақо абсурд. Биз сўнгги имкониятларни ишга солиб ёрдам юбормоқдамиз», — деди. Унинг айтишича, БМТ қошидаги Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури шимолдаги нонвойхоналарни ёпишга мажбур бўлган.
БМТ Исроилни очликни қурол сифатида ишлатишда айблаб, буни ҳарбий жиноят сифатида баҳолаб келмоқда.
Бу орада Исроил армияси Ғазодаги Жабалия маҳалласида БМТнинг фаластинлик қочоқлар бўйича агентлиги — UNRWAнинг биноларидан бирига зарба берган. Бу ҳақда агентлик раҳбари Филипп Лаззарини хабар қилди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу бинода олдин шифохона жойлашган бўлиб, охирги бомбардимон вақтида у ердан 700 нафаргача фуқаро паноҳ топган. Ҳужум оқибатида тўққиз нафар бола, жумладан, икки ҳафталик чақалоқ ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.
Шунингдек, Ғазо шаҳри шарқидаги Дор ул-Арқам мактабига қилинган авиазарба оқибатида камида 27 фаластинлик, жумладан, болалар ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Фаластиннинг расмий WAFA агентлиги.
Мазкур мактаб ўрнини вақтинча бошпанага айлантирган фуқаролар бомба зарбаси пайтида бинода бўлган.
Ҳужум натижасида, расмий маълумотларга кўра, 70 нафардан ортиқ киши яраланган.
Лаззарини Ғазода жами 300 дан ортиқ БМТ объекти вайрон этилганини маълум қилиб, буни халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб атади ва мустақил суриштирув ўтказишни талаб қилди.
Нефт нархи шиддат билан пасайди
Жаҳон нефт бозорида кескин ўзгариш: бир кунда Brent 7 фоизга арзонлашиб, 70 доллардан пастга тушди. WTI нархи эса 66 долларгача тушди — бу 2022 йил мартидан бери энг катта кунлик пасайиш.
Таназзулнинг асосий сабабларидан бири — Доналд Трампнинг барча давлатларга божлар жорий қилиши бўлди. Бу глобал рецессия хавфини кучайтириб, нефтга бўлган эҳтиёж камайишига олиб келиши мумкин. JPMorgan таҳлилчилари сўнгги 25 йил ичида учинчи рецессия бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Иккинчи омил — ОПЕК+нинг кутилмаган равишда нефт ишлаб чиқаришни 411 минг баррелга ошириши, деб ҳисобланмоқда. Бу таклифнинг ҳаддан зиёд ортиб кетиши хавфини келтириб чиқарди.
Россиянинг Urals маркали нефти нархи баррелига 55 долларгача пасайса, Россия бюджети жиддий муаммоларга дуч келиши мумкинлиги айтилмоқда.
Трамп рейтингида антирекорд қайд этилди
АҚШ президенти Доналд Трампнинг рейтинглари 43 фоизга тушиб, қайтиб сайланганидан бери энг паст кўрсаткичга етди. Reuters/Ipsos сўровига кўра, бунга Трамп томонидан киритилган савдо божлари ва Ямандаги ҳарбий операция ҳақидаги маълумотлар мессенжерда тарқаб кетиши асосий сабаб бўлган.
Сўров натижаларига кўра, аҳолининг фақат 37 фоизи Трампнинг иқтисодий сиёсатини маъқуллайди, инфляцияга қарши чора-тадбирларини эса атиги 30 фоиз қўллаб-қувватлайди. Янги божлар, айниқса, автомобил ва эҳтиёт қисмларига жорий қилингани сайловчиларда хавотир уйғотган.
АҚШ президенти сиёсати туфайли 200 мингга яқин федерал ходим ишдан бўшатилган.
Трамп божларидан сўнг АҚШ доллари курси олти ойлик даврдаги энг паст даражага тушди ва АҚШ облигацияларининг даромадлилиги пасайди. Фонд индекслари ҳам қулади, сармоядорлар савдо уруши ва глобал рецессиядан қўрқиб, маблағларни облигациялар, олтин ва иенага тикмоқда.
Украинадаги экологик зарар 85 млрд долларга етди
Украина Россияни экоцид — атроф-муҳитга қасддан етказилган катта зарар — учун жавобгарликка тортишга уриняпти. Киев маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери табиий ресурсларга етказилган зарар 85 млрд доллардан ошган.
Ҳозирда Россияга қарши 247 та экологик жиноят иши очилган, шулардан 14 таси Украина қонунига кўра айнан экоцид деб баҳоланган.
Масалан, Каховка ГЭС портлатилиши натижасида Днепр ҳавзаси заҳарланган ва бутун соҳил экотизими йўқ қилинган.
Украинада қишлоқ хўжалиги ерлари қуриб, 2024 йилда кунгабоқар ҳосили 10 бараварга камайган. Расмийлар суд қарорлари ва далиллар товон тўлаш масаласида муҳим асос бўлади, деб ҳисоблайди.
Эстония Россия билан чегарани миналаштирмоқчи
Эстония Россия билан чегарага миналар экиб чиқиш ниятида. Буни амалга ошириш учун мамлакат Оттава конвенциясидан чиқишга қарор қилди. Мазкур конвенция пиёдаларга қарши миналардан фойдаланишни тақиқлайди.
Мудофаа қўшинлари вакили Айнар Афанасевга кўра, уруш юз берса, мина, портловчи воситалар, кўприк ва қувурларни йўқ қилиш чоралари ишга туширилади. Жорий йилдан мудофаа чизиғи қурилиши бошланиб, 600 та бункер ўрнатилади.
Мудофаа иншоотлари Россия билан чегарада, жумладан хусусий ерларда ҳам жойлаштирилади. Бункерларнинг баъзилари 152 мм снарядга чидамлилиги билан синовдан ўтган. Қурилишда Украина уруш тажрибаси, дронларга қарши воситалардан фойдаланилади.
Мақсад — эҳтимолий ҳужумни Эстония учун энг қимматга тушмайдиган қилиб, ҳарбий таҳдидни минималлаштириш.
Венгрия Халқаро жиноят судидан чиқмоқда
Венгрия ҳукумати Халқаро жиноят суди юрисдикциясидан чиқишни бошлаётганини эълон қилди. Бу ҳақда Бош вазир Виктор Орбан маъмурияти раҳбари Гергей Гуйяш маълум қилди. Унга кўра, жараён конституция ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ амалга оширилади.
Баёнот Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Будапештга ташрифи пайтида янгради. 2024 йил ноябрда ХЖС уни Ғазодаги ҳарбий жиноятлар учун ҳибсга олиш учун ордери берган эди. Орбан Нетаняҳуни ҳимоя қилиб, суд қарорини «сурбетона ва қабул қилиб бўлмас», деб атаган.
Венгрия 1999 йилда Рим статутини имзолаган, 2001 йилда ратификация қилган. Reuters баҳосига кўра, ХЖСдан чиқиш жараёни бир йилга яқин вақт олиши мумкин.
2023 йилда Венгрия ХЖСнинг Владимир Путинга нисбатан чиқарган ордерини ҳам бажармаган эди.
Маск Трамп маъмуриятида қолади
АҚШ вице президенти Жей Ди Вэнс Илoн Маск давлат ишларидан четлашиши ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Вице президентнинг сўзларига кўра, Илон Маск давлат аппаратини ислоҳ қилиш бўйича Трамп маъмуриятига маслаҳатчи сифатида хизматини давом эттиради.
«Ҳукумат самарадорлиги департаменти — DOGE дастуридаги 6 ойлик расмий вазифаси якунланса-да, Илoннинг ишлари ҳали тугамаган», – деди Вэнс.
Унинг таъкидлашича, Маск ҳукумат харажатларини қисқартириш ва ижтимоий тизимни қайта кўриб чиқиш ғояларини илгари сурмоқда.
Вэнс шунингдек, TikTok тақдирига оид яқин кунларда Оқ уй баёнот бериши кутилаётганини билдирди. Унинг айтишича, маъмурият миллий хавфсизликни таъминлаш ва ёшлар учун ахборот манбасини сақлаб қолишни мақсад қилган.
Apple қиймати 250 млрд долларга қисқарди
Доналд Трампнинг янги бож сиёсати Apple’га қимматга тушди. 4 апрел куни компания акциялари 8,5 фоизга арзонлашиб, бир кунда 250 млрд доллар бозор қийматидан ажралди.
Apple билан бирга Tesla, Nvidia ва Meta 6 фоиз атрофида, Amazon эса 7,2 фоизга арзонлашди.
Бу Трампнинг 5 апрелдан кучга кирадиган жадал божлари фонида юз берди. Унга кўра, барча импорт товарларига камида 10 фоизлик бож жорий этилади, Хитой учун эса бу кўрсаткич 54 фоизга етди.
Wedbush Securities божларни «инвесторлар учун энг ёмон сценарийдан ҳам ёмонроқ» деб баҳолади. Оқ уй эса буни миллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш деб ҳисобламоқда.
Божлар Apple’нинг барча асосий таъминловчиларига таъсир қилади. Компания икки йўлдан бирини танлаши мумкин: ё маҳсулот нархини оширади ёки миллиардлаб долларлик фойдадан воз кечади.
Мавзуга оид
13:51 / 08.05.2026
АҚШ ва Эрон ўртасида отишма, Хитойда ўлимга ҳукм қилинган вазирлар ва Ҳамас расмийсининг ўғлини ўлдирган Исроил – кун дайжести
15:39 / 07.05.2026
АҚШ–Эрон келишувга яқинлашди, Европада Кремлга қарши трибунал тузиляпти – кун дайжести
15:49 / 06.05.2026
Ҳўрмуздаги операцияни тўхтатган Трамп ва Туркиянинг илк баллистик ракетаси – кун дайжести
14:11 / 05.05.2026