Жаҳон | 21:02 / 08.04.2025
2831
2 дақиқада ўқилади

Пентагон АҚШнинг НАТО ҳарбий қўмитасидаги вакилини лавозимдан бўшатди

Лавозимдан олинган вице-адмирал Шошана Чатфилд АҚШ Ҳарбий-денгиз коллежини бошқарган биринчи аёл ҳисобланади.

Фото: Getty images

Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет АҚШнинг НАТО ҳарбий қўмитасидаги доимий вакили вице-адмирал Шошана Чатфилдни лавозимдан олди. Бу ҳақда Америка ҳарбий идорасининг расмий вакили Шон Парнелл маълум қилди.

Пентагон вакилининг баёнотида айтилишича, Пит Ҳегсет АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари вице-адмирали Шошана Чатфилдни «унинг бошқарув қобилиятига бўлган ишонч йўқолгани» сабаб Қўшма Штатларнинг НАТО ҳарбий қўмитасидаги вакили лавозимидан бўшатган.

Шошана Чатфилд НАТОнинг ҳарбий сиёсат ва стратегиялар бўйича тавсиялар ишлаб чиқувчи олий ҳарбий органида фаолият юритиб келаётган эди. AFP маълумотларига кўра, у мазкур лавозимни 2023 йилда эгаллаган.

Чатфилд ишдан олингани тўғрисида олдинроқ Reuters ва The Washington Post ҳам хабар берганди. Маълумотларга кўра, вице-адмирал ўтган дам олиш куни лавозимдан олингани тўғрисида хабардор қилинган. Reuters Шошана Чатфилд — АҚШ Ҳарбий-денгиз флотида уч юлдузга лойиқ кўрилган кам сонли аёл офицерлардан бири ва Ҳарбий-денгиз коллежини бошқарган биринчи аёл экани ҳақида ёзган эди. У армияда аёллар ҳам эркаклар каби хизмат қилишда тенг имкониятларга эга бўлиши учун курашиб келган.

Аввалроқ Доналд Трамп маъмурияти бир нечта юқори мартабали ҳарбий хизматчиларни лавозимдан олганди. Улар орасида мудофаа вазирининг катта ёрдамчиси генерал-лейтенант Женнифер Шорт, Ҳарбий-денгиз кучлари адмирали Лиза Франкетти, шунингдек, соҳилни қўриқлаш хизмати коменданти адмирал Линда Фэган ҳам бор. Феврал ойида Доналд Трамп Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Чарлз Браунни истеъфога жўнатганди.

 

 

Мавзуга оид