Colossal Biosciences компанияси қирилиб кетган ҳайвон турини тирилтириш билан боғлиқ биринчи муваффақиятли тажрибани эълон қилди: олимлар ваҳший бўри болаларини кўрсатди. Ушбу тур Шимолий Америка ҳудудида яшаган ва 10 минг йил олдин қирилиб кетган. Аммо баъзи мутахассислар компания муваффақиятини тан олишни истамаяпти ва бу аслида йўқолиб кетган турнинг қайта тикланиши эмас, балки гибрид эканини таъкидламоқда. BBC воқеалар ривожини жамлади.

Қўриқхонадаги ваҳший бўрилар

Ваҳший бўри (Aenocyon dirus) Жорж Мартиннинг «Муз ва олов қўшиғи» китоблари ва улар асосида суратга олинган «Тахтлар ўйини» сериали туфайли маданиятда оммалашди.

Colossal Biosciences ўзининг сўнгги ютуғини шов-шув билан эълон қилди: Рем исмли ваҳший бўри TIME журнали муқовасида пайдо бўлди.

Компания кулранг бўрининг (Canis lupus) ДНК тизимига ўзгариш киритди. Кейин катта итлардан суррогат сифатида фойдаланган ҳолда, «кесарча кесиш» йўли орқали учта бўри боласини дунёга келтирди.

Ромул ва Рем 2024 йил 1 октябрда туғилди ва афсонага кўра, она бўри томонидан эмизилган ҳамда Рим шаҳрига асос солган ака-ука шарафига номланди. Урғочи бўри Кхалиси 2025 йил 30 январда туғилди ва «Муз ва олов қўшиғи» ҳамда «Тахтлар ўйини» қаҳрамони номи билан аталди.

Кулранг бўри болалари билан солиштирганда, Рем, Ромул ва Кхалиси елкаси кенг, бош суяги ва жағи каттароқ, оёқларидаги мушаклар кўпроқ. Аммо энг сезиларли фарқ уларнинг оппоқ мўйнасидир.

Ҳозир жониворлар Colossal Biosciences компаниясига тегишли 800 гектарлик экологик қўриқхонада яшайди. Компания генетик модификациялар кутилмаган таъсир кўрсатдими ёки йўқлигини билиш учун уларни бутун ҳаёти давомида диққат билан кузатиб боришни режалаштирмоқда.

14 генда 20 та модификация

Ваҳший бўрини «тирилтириш» учун Colossal Biosciences олимлари кулранг бўрининг 14 та генига 20 та ўзгартириш киритди. Аммо уларга қайси генларда қандай ўзгаришлар қилишни аниқ тушуниши учун қирилиб кетган турнинг намунаси керак эди.

Олимлар музейлар томонидан тақдим этилган иккита намунадан фойдаланди. Улардан бири Оҳайо штатида топилган ваҳший бўрининг тиши бўлиб, ёши тахминан 13 минг йил. Иккинчиси Айдаҳо штатида топилган суяк, унинг ёши 72 минг йилга баҳоланади.