Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ливерпулда ҳайдовчи машинасини футбол ишқибозлари устига ҳайдади
«Ливерпул» клуби шарафига ташкил этилган парадга йиғилган одамларни машина босиб кетди. Полиция ходимлари ҳайдовчини қўлга олди.
Ливерпул шаҳрида автомобил Англия Премьер-лигасида ғалаба қозонган «Ливерпул» клуби шарафига ташкил этилган парадга йиғилган футбол ишқибозларини босиб кетди. Машина ҳайдовчиси қўлга олинди, деб ёзади BBC News.
Ҳозирча ҳайдовчи буни нима сабабдан амалга оширгани ва қурбонлар сони бўйича расмий маълумот берилмади. BBC камида уч киши жароҳат олгани ҳақида ёзмоқда. Ҳалок бўлганлар тўғрисида ҳам ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас.
Парадни деразадан туриб кузатган гувоҳнинг Sky News’га маълум қилишича, юз берган воқеадан кейин парад иштирокчилари машинани таъқиб қилишни бошлаган, бироқ полициячилар уларни орқага четлатган.
«Ливерпул» жорий мавсумда Премьер-лигада муддатидан олдин ғолиб бўлди — бу клубнинг 20-ғалабаси ҳисобланади. Клуб Англия олий футбол дивизионида 2020 йилдан бери биринчи марта чемпион бўлмоқда. 25 май куни жамоани тақдирлаш маросими бўлиб ўтганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февралида Мюнхенда Mini Cooper русумли автомобил иш ташлаган бир гуруҳ ишчиларни уриб юборган ва ҳодиса оқибатида камида 28 киши жабрланган эди.