Жаҳон | 19:26 / 05.06.2025
1560
2 дақиқада ўқилади

Трамп маъмурияти Сербиядан депортация қилинган мигрантларни қабул қилишни сўради

АҚШ Давлат департаменти минтақавий бюросига ушбу ғояни илгари суриш топширилган. Оқ уй бунга изоҳ беришдан бош тортди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Сербия ва бошқа Болқон мамлакатларига мурожаат қилиб, уларга Қўшма Штатлардан депортация қилинган мигрантларни қабул қилиш таклифини билдирди. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Агентлик суҳбатдошларидан бирининг айтишича, АҚШ Давлат департаменти минтақавий бюросига ушбу ғояни илгари суриш топширилган. «Америка ҳукумати Болқон давлатлари билан музокаралар давомида депортация қилинган мигрантларни қабул қилиш бўйича келишувга эришган-эришмагани аниқ эмас», — дейилади хабарда.

Оқ уй бунга изоҳ беришдан бош тортган. Давлат департаменти ва Сербия Ташқи ишлар вазирлиги журналистларнинг сўровларига жавоб қайтармаган.

Трамп маъмурияти ноқонуний миграцияга қарши кенг кўламли курашни бошлаган. WP маълумотларига кўра, Трамп президентлигининг биринчи йилида Америка ҳукумати 1 миллион мигрантни депортация қилиш ниятида. АҚШ бир неча ойдан бери бундай мигрантларни қабул қилишга тайёр мамлакатларни қидирмоқда. Африка, Осиё ва Шарқий Европа давлатлари, жумладан, Молдова ҳамда қисман тан олинган Косово билан бу борадаги музокаралар олиб борилмоқда. Шунингдек, АҚШ Украинага ҳам шу каби таклифни билдирган.

Болқон яримороли давлатлари аллақачон бошқа давлатлардан депортация қилинган мигрантларни қабул қилиб келмоқда. Албания ва Италия ўрасида шу каби келишув бор. Италия бош вазири Жоржа Мелони Албания ҳукумати денгиз орқали Африкадан Европага келмоқчи бўлган мигрантлар учун марказлар яратишга кўндирган. Италия бундай марказларга кетадиган харажатларни ўз зиммасига олган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид