Жаҳон | 12:06 / 03.07.2025
2783
2 дақиқада ўқилади

Одессада Россия дрони 9 қаватли бинога урилди, жабрланганлар бор

Одессада Россия ҳужуми оқибатида ёнғин келиб чиққан 9 қаватли турар жой биносидан 50 киши эвакуация қилинди. Беш киши жароҳатланган.

Фото: Telegram/odeskaODA

3 июл, пайшанбага ўтар кечаси Россия армияси Одессага ҳужумкор дронлари билан ҳужум қилди. Ҳужум чоғида кўп қаватли бино зарар кўрган, деди шаҳар мэри Геннадий Труханов.

Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, Россия учувчисиз учоғининг 9 қаватли бинога урилиши натижасида 7-қаватдан 9-қаватгача бўлган қисмда ёнғин содир бўлган. Қутқарувчилар 50 нафар аҳолини эвакуация қилди, улардан 10 нафари, жумладан, икки бола махсус техника ёрдамида чиқариб олинди. Беш киши жароҳатланган. Улар орасида икки бола — 7 ва 9 ёшли ўғил ва қиз бола ҳам бор.

«Ёнувчи маҳсулотлардан заҳарланган болалар касалхонага ётқизилди. Бошқа жабрланганлар эса барча зарур тиббий ёрдам олиб, амбулатор шароитда даволанишни давом эттирмоқда», — деди Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Кипер.

Одессада портлаш товуши маҳаллий вақт билан эрталаб соат учларда эшитилди. Бундан бироз олдин ҳужумкор дронлар шаҳар томон ҳаракатланаётгани хабар қилинган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид