Жаҳон | 10:58 / 07.07.2025
6994
2 дақиқада ўқилади

Исроилда Ғазода доимий оташкесим ўрнатиш талаби билан кўп минг кишилик акция ўтказилди

Намойишлар бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифи олдидан бўлиб ўтди.

Фото: Anadolu Agency

Исроилда ҳукумат сулҳ таклифини «маъқуллаганидан» кейин минглаб намойишчилар доимий ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС билан асирлар алмашиш талабини илгари сурган ҳолда кўчаларга чиқди.

Намойишлар бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифи олдидан бўлиб ўтди. Пойтахт Тел-Авив митингларнинг диққат марказида бўлди. Минглаб намойишчилар Бегин шоҳкўчаси ва Ҳабима майдони кўчаларини тўлдирди.

Асирга олинган исроиллик аскар Нимрод Кохеннинг укаси Йотам Кохен митингда сўзлаган нутқида фақат 60 кунлик сулҳ ва исроиллик маҳбусларнинг қарийб ярмини босқичма-босқич озод этишни назарда тутувчи оташкесим таклифини танқид қилди.

Кохен ўта ўнг вазирлар — миллий хавфсизлик вазири Итмар Бен-Гвир ва молия вазири Безалел Смотрични Исроилни «диний уруш» га олиб бораётганликда айблади ва уларни ноқонуний аҳоли пунктлари ҳамда мессиан амбицияларини кенгайтириш учун аскар ва маҳбуслар ҳаётини қурбон қилишга йўл қўймасликка чақирди.

«Музокараларда узоқ муддатли оташкесим ва асирларни тўлиқ озод қилиш таклифи йўқ. Нега биз қисман келишувга боряпмиз?» – дея сўради фаол.

Ғазода сақланаётган исроиллик асир Матан Зангаукернинг онаси Эйнав Зангаукер Ғазога ҳужумларни тўхтатиш ва барча асирдагиларни озод этилишини таъминловчи келишувга эришишга чақирди. У 60 кунлик сулҳ тугаганидан кейин Ғазода асирлар қолишидан хавотирда эканини билдирди.

«Раҳбарлар биз уларнинг ўринлари учун абадий курашиш учун яшаймиз деб ўйлайди, лекин улар қаттиқ адашади», деди исроиллик тиббиёт ходими Итай Штейнметц Хабима майдонидаги митингда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид