Жаҳон | 23:23 / 08.07.2025
3217
2 дақиқада ўқилади

АҚШ импорт божларидан келадиган даромад 300 млрд доллардан ошишини кутмоқда

Трамп Қўшма Штатларнинг савдо шерикларига қўшимча тарифлар жорий этилиши тўғрисида хабарномалар боришни давом этишини эълон қилди.

Фото: Reuters

АҚШда янги импорт божларидан келадиган даромад жорий йил охирига бориб 300 миллиард доллардан ошиши мумкин. Бу ҳақда молия вазири Скот Бессент Оқ уйда президент Доналд Трампга маълум қилди.

«Йил охирига бориб, ушбу рақамлар 300 миллиард доллардан ошишини кутишимиз мумкин», — деган Бессент. Шунингдек, у божлар жорий этилганидан кейин АҚШ 100 миллиард долларга яқин даромад олган.

Бугун, 8 июл куни Трамп АҚШнинг савдо шерикларига қўшимча тарифлар жорий этилиши тўғрисида хабарномалар боришни давом этишини эълон қилди. Апрел бошларида у Вашингтон дунёнинг 211 та давлати ва ҳудудидан импорт қилинадиган товарларга божлар жорий этилишини маълум қилганди.

Тарифлар 9 апрелдан кучга кириши керак эди, аммо Доналд Трамп уларни яна уч ойга кечиктирган. Бу вақт давомида АҚШ Хитой, Буюк Британия ва Ветнам билан савдо битимларини имзолади.

Аввалроқ Трамп ЕИ товарларига божларни оширишни яна кечиктиргани тўғрисида хабар берилганди. Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасида савдо келишувига эришишнинг янги муддати — 1 август. Трамп Япония, Жанубий Корея, Жанубий Африка ва бошқа бир қанча давлатлар учун тарифларни ошириш бўйича хатларни чоп этди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид