Жаҳон | 10:34 / 14.07.2025
2043
2 дақиқада ўқилади

Лавров: Россия ва КХДР ҳамкорлиги Корея яриморолидаги вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам беради

Россия ташқи ишлар вазири ва КХДР ташқи ишлар вазири Вонсан шаҳрида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ТИВлараро алмашинув режасини имзолади.

Фото: Россия ТИВ

Россия ва КХДР ҳамкорлигининг ривожланиши Корея яриморолидаги вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам беради. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров КХДР ташқи ишлар вазири Чой Сон Хи билан Вонсан шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида айтиб ўтди.

«Мен ҳамкасбим Чой Сон Хи билан муносабатларимизнинг изчил ривожланиши мамлакатларимиз, давлатларимиз манфаатларига жавоб беришини ҳамда Корея яримороли ва бутун Шимолий-Шарқий Осиё минтақасидаги вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам беришини таъкидладик», — деди Лавров.

Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин ва КХДР давлат ишлари раиси Ким Чен Ин доимий алоқада ва «бу амалиётни ҳеч ким тўхтата олмайди».

Лавровнинг қайд этишича, музокаралар давомида Шимолий Корея томони «махсус ҳарбий операция»нинг барча мақсадлари ва Россия раҳбариятининг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган.

«Украина инқирози атрофидаги вазият юзасидан фикр алмашдик. Кореялик дўстлар "махсус ҳарбий операция"нинг барча мақсадлари ҳамда Россия раҳбарияти ва Россия армиясининг ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Ўз навбатида, Корея халқ армияси ҳарбий хизматчиларига Курск вилоятидаги операцияни муваффақиятли якунлашда қўшган ҳиссаси учун яна бир бор самимий миннатдорчилигимизни билдирдик», — деди Лавров.

Унинг сўзларига кўра, Россия Федерациясида самимий бирдамлик белгисини кўрсатишни рад этиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди. «КХДРнинг ўзи биз стратегик шериклик бўйича келишувимизни амалга ошириш шаклларини илгари сурмоқда», — деди Лавров.

Россия ТИВ раҳбари, шунингдек, Москва Сеул билан мулоқотда Пхенянни қизиқтирган масалалар бўйича ёрдам беришини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид