Жаҳон | 19:03 / 14.07.2025
5958
1 дақиқада ўқилади

Путин Трампга Россия яқин орада Украинадаги ҳужумларини кучайтиришини айтди – ОАВ

Яқин 60 кун ичида Россия муҳим мавқега эга бўлган Украина вилоятлари маъмурий чегараларигача бўлган ҳудудларни босиб олиш бўйича янги ҳаракатларни амалга ошириши таъкидланмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

Россия яқин икки ой ичида Украинадаги ҳужумларини кучайтириш ниятида. Бу ҳақда Axios нашри Россия етакчиси Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг яқинда бўлиб ўтган суҳбати тафсилотларига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Путин АҚШ президентига «яқин 60 кун ичида Россия муҳим мавқега эга бўлган Украина вилоятлари маъмурий чегараларигача бўлган ҳудудларни босиб олиш бўйича янги ҳаракатларни амалга оширишини» айтган.

Манбаларга кўра, Трамп бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон билан шахсий суҳбатда маълум қилган.

«У ҳамма ерни эгалламоқчи», деди Трамп Макронга.

Таъкидланишича, айнан шу суҳбатдан кейин Америка президенти Путинни фаол танқид қила бошлаган ва Украинага янги қуроллар етказиб беришга қарор қилган. Бу ҳақдаги баёнот 14 июл куни эълон қилиниши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид