Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бразилия прокуратураси собиқ президент Болсонаруни давлат тўнтаришига уринишда айблади
Собиқ давлат раҳбари «зўравонлик йўли билан демократик тузумни ағдаришга уринган». Агар суд Жаир Болсонаруни айбдор деб топса, у 40 йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Бразилия прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Жаир Болсонаруни давлат тўнтаришига уринишда айбдор деб топишни талаб қилди.
Айблов томонининг ҳисоблашича, собиқ давлат раҳбари «қуролланган жиноий ассоциация»да иштирок этган ва «зўравонлик йўли билан демократик тузумни ағдаришга уринган».
Болсонарудан ташқари, бу турдаги жиноятларда яна етти киши айбланмоқда.
Энди иш Бразилия Федерал олий суди судяси Алешандри ди Мораис томонидан кўриб чиқилади. Агар Болсонару ва бошқа иштирокчилар айбдор деб топилса, улар 40 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Феврал ойида Бразилия прокуратураси Болсонаруга нисбатан мамлакатнинг амалдаги президенти Луис да Силвага қарши фитна уюштириш айбловини илгари сурганди.
Болсонару 69 ёшда. Ҳукумат унга 2030 йилга қадар мамлакат президенти лавозими учун сайловларда иштирок этишни тақиқлаган, аммо у 2026 йилги сайловларда қатнашиш йўлларини қидирмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп бир неча бор Болсонаруни қўллаб-қувватлаб, унга боғлиқ суд ишларини тўхтатишга чақирган.
Болсонару 2019 йилдан 2023 йилгача Бразилия президенти бўлган ва Лула да Силва унинг ўрнига келган эди. Сиёсатчи мағлубиятини тан олмаган, лекин лавозимини тарк этган. 2023 йил январ ойи бошида натижалардан норози Болсонару тарафдорлари Бразилия пойтахтида норозилик намойишлари ва тартибсизликлар уюштирган, жумладан, ҳукумат биноларини эгаллаб олишга уринган.
Мавзуга оид
19:13 / 17.05.2026
Дунёдаги энг кекса опа-сингиллар Бразилияда яшаётгани маълум бўлди
21:17 / 12.05.2026
Президент Бразилия ташқи ишлар вазири билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
08:14 / 12.05.2026
Дунёда энг кўп қаҳва қайси давлатда етиштирилади?
18:23 / 27.04.2026