Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонару тарафдорлари унинг сайловлардаги мағлубиятини тан олишдан бош тортган ҳолда, 8 январь, якшанба куни Миллий конгресс, Олий суд ва давлат раҳбарининг пойтахт Бразилиадаги қароргоҳига бостириб киришди.
Маҳаллий ОАВ томонидан эълон қилинган фотосуратлар ва видеоларда Бразилия байроқларини ушлаб олган, яшил ва сариқ либослардаги минглаб намойишчилар полиция тўсиқларини ёриб ўтиб, дераза ва эшикларни синдириб, сўнгра ҳукумат биноларига бостириб кирганини кўриш мумкин. Ичкарига кириб, улар у ерда вандализм ҳаракатларини амалга оширди. Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди, аммо намойишчиларга қаршилик кўрсата олмади.

Сан-Паулу штатига амалий сафар билан борган Бразилия президенти Луиз Инасиу Лула да Силва федерал кучларни шаҳарда тартибни тиклашга жалб қилишни буюрди. Буйруқ 31 январгача амал қилади. Бундан ташқари, давлат раҳбари тартибсизликларга сабабчи бўлганларни жазолашга ваъда берди ва уларни «фанатик фашистлар» деб атади. «Биз бу вандалларнинг кимлигини аниқлаймиз ва улар қонун доирасида тўлиқ жазоланади», — деди у матбуот анжуманида.

Шарҳловчилар ҳозирги воқеаларни 2021 йил 6 январда президентлик сайловларида мағлуб бўлган Доналд Трамп узоқ вақт давомида овоз бериш натижаларини тан олишдан бош тортганидан сўнг АҚШ Конгресси биносига бостириб кириш ҳолати билан солиштирмоқда.
Бразилия пойтахтидаги тартибсизликлар аллақачон АҚШ, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкасининг қатор давлатлари томонидан қораланди. Аргентина президенти Алберто Фернандес Twitter саҳифасида: «Бразилияда содир бўлаётган воқеаларга норозилигимни билдирмоқчиман. Мен ва Аргентина халқи Лула да Силвани у тўқнаш келган давлат тўнтаришига уриниш хавфи олдида сўзсиз қўллаб-қувватлаймиз», деб ёзди. Чили президенти Габриэль Борич «демократияга қўрқоқ ҳужум» ҳақида гапирди. Колумбия раҳбари Густаво Петро Америка давлатлари ташкилотининг шошилинч йиғилишини таклиф қилди ва шундай деб таъкидлади: «Фашизм зарба беришга қарор қилди. Ўнглар зўравонликка йўл қўймаслик шартномасини бажармади».

















