Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада янги ҳукумат таркиби тасдиқланди
39 ёшли Юлия Свириденко янги бош вазир бўлди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби тасдиқланди.
17 июл куни Олий Рада 39 ёшли Юлия Свириденко номзодини Украинанинг бош вазири лавозимига тасдиқлади. Бир кун олдин Денис Шмигал бошчилигидаги ҳукумат истеъфога чиққан эди.
Шу куниёқ бош вазир Юлия Свириденко янги ҳукумат таркибини Олий Радага тақдим қилди. 253 нафар депутат уни ёқлаб овоз берди.
Депутатлар томонидан қуйидаги вазирлар рўйхати тасдиқланди:
- Михайло Фёдоров — бош вазирнинг биринчи ўринбосари, рақамли трансформация вазири;
- Олексий Кулеба — бош вазирнинг Украинани тиклаш бўйича ўринбосари, жамият ва ҳудудий ривожланиш вазири;
- Тарас Качка — бош вазирнинг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари;
- Матвей Бедний — ёшлар ва спорт вазири;
- Герман Галушченко — адлия вазири;
- Светлана Гринчук — Энергетика вазири;
- Наталя Калмикова — фахрийлар ишлари бўйича вазир;
- Игор Клименко — ички ишлар вазири;
- Оксен Лисовий — таълим ва фан вазири;
- Виктор Ляшко – соғлиқни сақлаш вазири;
- Сергей Марченко — молия вазири;
- Олексий Соболев — иқтисодиёт, атроф-муҳит ва қишлоқ хўжалиги вазири;
- Денис Улютин - Ижтимоий сиёсат, оила ва бирлик вазири.
Мудофаа вазирлиги ўзгартирилди — унга Стратегик саноат вазирлиги функциялари берилди; ушбу бекор қилинган бўлим бошлиғи Герман Сметанин «Укроборонпром» раҳбари бўлади.
Президент Зеленский сўзларига кўра, янги ҳукуматнинг устувор йўналиши қуролларни мустақил ва шериклар билан бирга ишлаб чиқаришдир. Президент ҳозир Украина қуролларининг жанг майдонидаги улуши 40 фоизни ташкил этишини, бироқ бундан ҳам кўпроқ, 50 фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади.
Украина Конституциясининг 114-моддасига кўра, Рада Вазирлар Маҳкамасининг барча аъзоларини, мудофаа ва ташқи ишлар вазирларидан ташқари, бош вазирнинг тавсиясига кўра тайинлайди.
Депутатлар президент тавсиясига биноан Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларига алоҳида овоз беради. Ташқи ишлар вазири ўзгаришсиз қолмоқда — бу лавозимда 2024 йил сентябридан буён ишлаб келаётган Андрей Сибига. Аммо Зеленский Денис Шмигални мудофаа вазирлиги раҳбари этиб тайинлашни таклиф қилди.