Жаҳон | 21:58 / 21.07.2025
4077
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 2008 йилдан бери биринчи марта Британияда ядровий бомба жойлаштирди

АҚШ 2008 йилда ядровий бомбаларни қуролсизланиш жараёни доирасида Британиядан олиб ташлаган эди.

Фото: Getty images

Шу ҳафта АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Англия шарқидаги Саффолк графлигидаги Қироллик ҳаво кучларининг Лейкенхит авиабазасига бир нечта B61-12 термоядровий бомбаларини етказиб берди. Бу ҳақда 20 июл куни UK Defence Journal хабар берди.

Нашр OSINTDefender очиқ маълумотлар таҳлилчисига таянмоқда. Унинг сўзларига кўра, бомбалар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Ню-Мексикодаги Киртленд авиабазасидан келтирилган. 17 июл куни Ню-Мексикодан Саффолкка C-17A Globemaster ҳарбий-транспорт самолёти учиб келди, унинг бортида Буюк Британияда жойлаштириш учун мўлжалланган биринчи B61-12 бомбалари бўлган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги бомбаларнинг кўчирилиши ҳақидаги маълумотни расман тасдиқламади, Британия ҳарбий идораси эса, «одатда, муайян жойларда ядро қуроли бор-йўқлигига изоҳ берилмайди», деди.

Илгари Американинг ядровий бомбалари Совуқ уруш даврида Лейкенхит базасида сақланган. 2008 йилда улар қуролсизланиш жараёни доирасида олиб ташланди. Агар бомбаларнинг қайтарилгани ҳақидаги хабар тасдиқланса, бу Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви фонида НАТО Европа минтақасидаги ядровий сиёсатида сезиларли ўзгариш ва Москвани тийиб туришга урғу кучайтирилганини англатади, деб ёзди UK Defence Journal.

B61 ядровий бомбалар оиласи 1960-йилларнинг бошида ишлаб чиқилган. 2022 йил октябр ойида Politico нашри АҚШ эскирган бомбаларни алмаштириш учун, шунингдек, Россия раҳбариятининг ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидлари туфайли B61-12 бомбаларини тезкор тартибда Европага кўчириши ҳақида ёзган эди.

B61-12 АҚШ арсеналидаги биринчи бошқариладиган ядровий бомба бўлди. 2023 йилда Пентагон «эҳтимолий душманларнинг ўсиб бораётган таҳдидлари» туфайли B61 бомбасини B61-13 вариантига модернизация қилиш режаларини эълон қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид