Жаҳон | 20:17 / 24.07.2025
3110
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Ғазо бўйича келишувнинг жорий матнини рад этди ва тузатишларни таклиф қилди

Фаластин томонининг талаблари орасида маҳбусларни алмашишнинг бошқа механизми ва Исроил томонидан ҳарбий ҳаракатларни давом эттирмаслик кафолати бор.

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторидаги можарони ҳал қилиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича воситачилар таклиф қилган келишув лойиҳасини жорий вариантда қабул қилишга рози бўлмади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Нашр манбасининг сўзларига кўра, ҲАМАС уни такомиллаштиришни таклиф қилмоқда. Фаластин томонининг талаблари орасида маҳбусларни алмашишнинг бошқа механизми ва Исроил томонидан ҳарбий ҳаракатларни давом эттирмаслик кафолати бор.

«Манбанинг хабар беришича, ҲАМАС агар 60 кунлик сулҳ даврида келишувга эришилмаса, Исроилга урушни қайта бошлашга тўсқинлик қиладиган бандни киритиш талабини қўшган», деб ёзди Reuters.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, ҲАМАС шунингдек, Ғазога инсонпарварлик ёрдами жамғармасини (GHF) тугатишни талаб қилмоқда, маҳбусларни алмашишнинг бошқача механизмини таклиф қилмоқда ва келишувга Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктининг ҳар икки йўналишда узлуксиз ишлаши кафолатланиши ҳақидаги бандни киритишга чақирмоқда.

6 июл куни ҲАМАС ва Исроил Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида Доҳада ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларни қайта бошлади. Ўтган душанба куни Фаластин ҳаракатига яқин бўлган Maan агентлиги томонлар келишувни шу ҳафтада, узоғи билан келаси ҳафта бошида имзолаши мумкинлигини маълум қилди. Шу билан бирга, агентлик барча бандлар ҳали келишиб олинмаганини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид