Жаҳон | 21:19 / 28.07.2025
7175
2 дақиқада ўқилади

Россияда совет қуроллари захираси тугаб бормоқда

Мамлакат тобора кўпроқ КХДР ва Хитойдан ёрдам етказилишига қарам бўлиб қолмоқда.

Фото: Financial Times

Россия уч ярим йиллик кенг кўламли уруш давомида совет қуроллари захираларини деярли тўлиқ тугатди, деб ёзади Financial Times Киев Иқтисодиёт мактаби (KSE) тадқиқотига таяниб.

KSE’​​нинг логистика таҳлили шуни кўрсатдики, Россиянинг асосий омборларидан етказиб бериш 2022 йилдаги 242 минг тоннадан 2025 йилда 119 минг тоннагача камайган. Таҳлилчилар фикрича, бу ресурслар тугаб бораётганидан далолат беради. «Россия ҳозирда тиклаш ва таъмирлаш учун бизга маълум бўлган таъмирлаш станциялари қайта ишлаши мумкин бўлганидан камроқ материал юбормоқда», – дея таъкидлайди KSE.

Шу билан бирга, FT билан суҳбатлашган таҳлилчилар таъкидлашича, захиралар қисқаришини Россиянинг «жанговар қобилиятини йўқотиши»нинг аниқ белгиси сифатида кўриш керак эмас – чунки, биринчидан, Россия қўшинларининг тактикаси оғир совет қуролларидан камроқ фойдаланиш томонга ўзгарди, иккинчидан, Москва янги захираларни яратишга катта маблағ сарфламоқда.

KSE Россия ўз ресурслари тугаб боргани сари осиёлик иттифоқчиларига тобора кўпроқ қарам бўлиб бораётганини таъкидлаган. Шимолий Кореядан Находка портига «портловчи моддалар» деб белгиланган товарлар етказиб бериш урушнинг дастлабки икки йилида нолдан 250 минг тоннагача ошди. Каспий денгизи портларига тахминан 13 минг тонна шунга ўхшаш юклар етказилди – катта эҳтимол билан Эрондан.

KSE таҳлили айни вақтда Россия мудофаа саноати учун асосий етказиб берувчи Хитой бўлиши мумкинлигини ҳам кўрсатмоқда. Уруш бошланганидан буён РФ шарқидаги чегарадош регионлардан йирик ҳарбий ва мудофаа объектларига етказмалар қарийб икки баравар ўсган ва 2021 йилдан буён бундай юклар миқдори уч миллион тоннага ошган. Таҳлилчилар тахмин қилишича, Хитой (ушбу давлат расман бетарафлик мақомида) РФга ўлимвор қуроллар етказиб бермаган тақдирда ҳам, у етказаётган ускуналар ҳарбий саноат фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид