Жаҳон | 15:03 / 02.08.2025
6398
10 дақиқада ўқилади

Ядровий кемаларини ҳаракатга келтирган Трамп, «Орешник» билан мақтанган Путин ва Исроилга қурол эмбаргоси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Уиткофф учун Ғазода уюштирилган «саҳна»

1 август куни АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф дастлаб Исроилга, сўнгра Ғазодаги Gaza Humanitarian Foundation томонидан бошқарилаётган ёрдам марказига ташриф буюрди. Уиткоффнинг ташрифи Ғазода бошланган очарчилик ва Исроилга ортаётган халқаро босим вақтига тўғри келди.

«Бугун биз Ғазода беш соатдан ортиқ вақт ўтказдик — жойлардаги ҳолатни ўрганиб, вазиятни баҳоладик. GHF ва бошқа ташкилотлар билан учрашдик. Ташрифдан мақсад - АҚШ президентига Ғазодаги ҳуманитар вазият ҳақида аниқ тушунча бериш ва аҳолига озиқ-овқат, тиббий ёрдам етказиш бўйича режа ишлаб чиқишга кўмаклашиш эди», деб ёзди Уиткофф.

Al-Jazeera нашрининг ёзишича, аслида ташрифнинг асосий мақсади, АҚШнинг Ғазодаги вазият, айниқса фаластинликларнинг очарчиликдан азият чекаётган ҳолатига бефарқ эмаслигини намойиш этиш бўлиши мумкин. Чунки олдинроқ Трампнинг ўзи ҳам Ғазода даҳшатли очарчилик борлигини тан олган эди.

БМТнинг собиқ Бош котиб ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитз, Ғазодаги кўплаб хорижий нашр мухбирлари ва ҳуқуқ фаоллари, бу ташрифни «саҳналаштирилган пропаганда томошаси» дея баҳоламоқда.

«Ҳаммаси силлиқ ва маданиятли кўринади: на зўравонлик, на кўзни ачиштирувчи газ, на ўқ овози ва на қурбонлар бор, ҳаттоки одамларнинг тўполони ҳам йўқ. Бу томошанинг мақсади аниқ — ҳақиқатни йўқ қилиш, минглаб видеоларда ҳужжатлаштирилган воқеаларни рад этиш», дейди фаоллар.

Бундан ташқари, Уиткофф келган вақтда ёрдам пунктлари атрофида доим турадиган танклар ва снайперлар ҳудуддан олиб чиқиб кетилган. Хон Юнусдаги Нассер шифохонасида ишлаётган америкалик педиатр Том Адамкевич эса АҚШ махсус вакили Стив Уиткоффни шифохонага ташриф буюришга ва очарчиликнинг ҳақиқий кўламини ўз кўзи билан кўришга чақирди.

Ғазоликларнинг Al-Jazeera'га айтишича, Уиткоффнинг ташрифи «кўчирилган, руҳий зарба олган ва оч» одамлар учун ҳеч қандай умид бермайди. Бу ерда яшаётганлар «нега у биринчи куни келмади ва бу марказлардаги давом этаётган ваҳшийликларга чек қўймади?» дея савол бермоқда.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идорасининг маълум қилишича, май ойидан бери Ғазодаги айнан ушбу марказда ёрдам кутаётган 1 373 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. «Бу ўлдиришларнинг аксарияти Исроил армияси томонидан содир этилган», — дейилади БМТ баёнотида.

Путин ва Лукашенконинг интервьюси

Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь президенти Александр Лукашенко Россиянинг Валаам оролида учрашиб, олий даражадаги музокараларни ўтказди. Шундан сўнг 1 август куни скамейкада ўтирган ҳолда журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Асосий мавзу Украинадаги уруш бўлди. Лукашенко украиналикларни Россия билан шошилинч сулҳ тузишга чақирди. Путин Россиянинг Украинадаги мақсадлари ўзгаришсиз қолганини айтди.

«Музокаралар ҳар доим муҳим. Кимнингдир ҳафсаласи пир бўлишига келсак, ҳафсала пир бўлиши ортиқча умидлардан келиб чиқади. Россиянинг 2024 йил ёзида эълон қилган мақсадлари ўзгаришсиз қолди», деди Путин. Шунингдек, у янги «Орешник» ракетаси серияли ишлаб чиқарилаётганини айтди.

«Бизда ʼОрешникʼ мажмуаси — яъни биринчи серияли ракета ишлаб чиқарилди. Ва у аллақачон қўшинларга топширилди. Энди серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилди», — деди Путин.

Лукашенко эса Европани саноатсизлаштириш аллақачон бошланганини айтди.

«Айтишларича, америкаликларнинг мақсади шундай эмиш. Улар эса биз билан бирга бўлиши керак эди – Европа Иттифоқи ва Россия қудратли куч бўларди. Бу Хитойдан ҳам даҳшатлироқ куч бўларди», деди Беларусь раҳбари. Путин эса Европа Иттифоқида умуман суверенитет йўқлигини айтди.

Шунингдек, Лукашенко Украина энди шоша-пиша Россиядан сулҳ сўраши кераклигини, акс ҳолда, россияликлар аста-секин барчасини ғажиб, эгаллаб, мағлуб этиб, олдинга силжишини айтиб таҳдид қилди.

Иброҳим келишувлари кенгайиши мумкин

АҚШ президенти маъмурияти Озарбойжон ва айрим Марказий Осиё давлатларини Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган «Иброҳим келишувлари«га қўшиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда вазиятдан хабардор бўлган Reuters нашрининг беш манбаси маълум қилган. Мақсад – ушбу мамлакатларнинг Исроил билан мавжуд алоқаларини чуқурлаштириш.

Озарбойжон ҳамда барча Марказий Осиё давлатлари аллақачон Исроил билан дипломатик муносабатларга эга. Нашр манбаларига кўра, шу боис уларнинг келишувларга қўшилиши асосан рамзий аҳамиятга эга бўлиб, савдо ва ҳарбий ҳамкорлик каби соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилади.

Ғазодаги қурбонлар сонининг кескин ошиши, очарчилик ва Исроил томонидан ёрдам йўлларининг тўсилиши араб дунёсидаги ғазабни кучайтирди ва янги давлатларини «Иброҳим келишувлари»га жалб этишни қийинлаштирди. Хусусан, Саудия Арабистони Фаластин давлатчилиги тан олинмагунча Исроилни тан олмаслигини айтди.

АҚШ Давлат департаменти изоҳ сўралганда аниқ мамлакатларни тилга олмади, бироқ «Иброҳим келишувлари»ни кенгайтириш Трампнинг асосий ташқи сиёсий мақсадларидан бири эканини билдирди. «Биз кўпроқ давлатларни қўшиш устида ишлаяпмиз», деди бир АҚШ расмийси.

Reutersʼнинг ёзишича, Оқ уй, Исроил ТИВ, Озарбойжон ҳукумати ва Вашингтондаги Қозоғистон элчихонаси бу масалада изоҳ бермаган. Kun.uz ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига сўров юборди.

Маълумот учун «Иброҳим келишувлари« дастлаб 2020–2021 йилларда, Трампнинг биринчи президентлик даврида, АҚШ воситачилигида тузилган. У орқали тўртта давлат — БАА, Баҳрайн, Марокаш ва Судан Исроил билан дипломатик алоқаларни нормаллаштиришга рози бўлган эди. Эндиликда янги босқичда бу келишувлар АҚШ ва Исроилнинг юмшоқ кучини кенгайтириш воситаси сифатида кўрилмоқда.

Трамп ва Медведев баҳси

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг провокацион баёнотлари туфайли «тегишли ҳудудларга» иккита ядровий сувости кемасини юборишни буюрди. Бу ҳақда Америка етакчиси ўзининг ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Трампнинг тушунтиришича, бундай қарорни ҳар эҳтимолга қарши, «агар бу аҳмоқона ва гижгижловчи баёнотлар шунчаки оддий сўзлар бўлиб чиқмаса» қабул қилган.

«Сўзлар катта аҳамиятга эга ва кўпинча кутилмаган оқибатларга олиб келади. Умид қиламанки, бу сафар шунгача етиб бормайди», деб ёзди у.

Дмитрий Медведев АҚШ президентига нисбатан кўплаб баёнотларни берган. Аммо Трамп унинг айнан қайси баёнотларига эътибор қаратганини айтмади.

Аввалроқ, Трамп ва Медведев ижтимоий тармоқларда тортишиб қолган: Оқ уй раҳбари Дмитрий Медведевни «омадсиз» деб атаганди. Россиянинг собиқ президенти эса Трампга ядровий қурол билан таҳдид қилган.

Словения Исроилга қурол эмбаргосини жорий қилди

Словения «Исроил билан ҳар қандай қурол савдосини, шунингдек ўз ҳудуди орқали ҳарбий техника экспорти ва транзитини» тақиқлаган Евроиттифоқнинг илк давлати бўлди.

«Ички келишмовчиликлар ва бўлинишлар сабабли Европа Иттифоқи ҳозирча бу вазифани бажаролмаяпти. Натижа эса шармандали: Ғазода инсонлар ичимлик сув ва озиқ-овқатдан маҳрум ҳолда ҳалок бўлмоқда. Бундай вазиятда ҳар қандай масъул давлат ўз зиммасига жавобгарлик олиб, чоралар кўриши шарт», дейилади Словения ҳукуматининг баёнотида.

Шунингдек, Роберт Голоб ҳукумати Исроилга нисбатан бошқа миллий чораларни ҳам ишлаб чиқишини билдирди.

Ўтган ойда Словения «геноцидга даъват қилувчи баёнотлар» берган Исроилнинг миллий хавфсизлик ва молия вазирларини «персона нон грата» деб эълон қилган эди. 2024 йилда Словения парламенти Фаластин давлатини ҳам тан олган.

Трамп: Ҳиндистон Россиядан нефть харид қилишни тўхтатди

АҚШ президенти Доналд Трамп жума куни Ҳиндистон эндиликда Россиядан нефть харид қилмаётганини эшитганини айтиб, бу қарорни «яхши қадам» деб атади.

«Эшитишимча, Ҳиндистон энди Россиядан нефть сотиб олмайди», — деди Трамп Оқ уйда журналистларга. «Шундай эшитдим. Тўғрими-йўқми, аниқ билмайман, лекин бу яхши қадам. Воқеалар қандай ривожланишини кўрамиз», — дея қўшимча қилди у.

Трамп илгари ҳам Ҳиндистонни ноҳақ савдо сиёсати, шунингдек, Россия билан энергетика ва қурол-яроғ бўйича чуқур алоқаларда айблаб келган.

«Шу сабабли Ҳиндистон 1 августдан бошлаб 25 фоизлик бож ва қўшимча жазо тўлайди», — деб ёзганди у ўз ижтимоий тармоғида.

Трамп бу «жазо» тафсилотларини очиқламаган бўлса-да, Ҳиндистоннинг юқори бож ставкалари ва Россияга яқин муносабатларини танқид остига олди.

«Ҳиндистон бизнинг дўстимиз, аммо йиллар давомида биз улар билан унчалик катта ҳажмда савдо қилмаганмиз, чунки уларнинг бож тарифлари жуда юқори, дунёдаги энг юқорилардан бири», — деб ёзди Трамп.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид