Жаҳон | 11:25 / 07.08.2025
2915
2 дақиқада ўқилади

НАТО Киевга қуроллар етказишни мувофиқлаштиришни бошлади

НАТО PURL таъминот механизми доирасида Украинага катта миқдордаги қурол-яроғларни мунтазам етказиб беришни мувофиқлаштира бошлади. Дания, Норвегия, Швеция ва Нидерландия харидлар учун маблағ ажратилишини эълон қилди.

Фото: Globallookpress

НАТО Киевни мамлакат армияси учун энг зарур бўлган қурол-яроғ билан таъминлаш механизми – Priority Ukraine Requirements List (PURL, "Украина учун устувор талаблар рўйхати") доирасида Украинага катта миқдордаги қуролларни мунтазам етказиб беришни мувофиқлаштира бошлади. Бу ҳақда Шимолий Атлантика алянси матбуот хизмати хабар берди.

Бу қарор Дания, Норвегия ва Швеция 5 август куни Украина учун 500 миллион долларлик қурол-яроғ ва ўқ-дорилар пакетини молиялаштиришини тасдиқлаганидан кейин қабул қилинди. Улар АҚШ томонидан етказиб берилади.

Аввалроқ, 4 август куни Нидерландия ҳам Вашингтондан қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган артиллерия ва ўқ-дориларнинг дастлабки пакетини харид қилиш учун маблағ ажратишини маълум қилган эди. Бу пакетнинг умумий қийматини тахминан 1 миллиард долларгача оширади.

«Россия кенг кўламли ҳужумининг дастлабки кунларидан бошлаб Дания, Норвегия ва Швеция Украинани қўллаб-қувватлади. Молиялаштиришнинг бу янги босқичи фронтга ҳаётни сақлайдиган қуроллар ва муҳим юкларни етказади, Украинанинг мавқейини мустаҳкамлайди ва унинг барқарор тинчликка эришиши йўлида тажовузнинг олдини олишга ёрдам беради», деди НАТО бош котиби Марк Рютте.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид