Жаҳон | 21:58 / 08.08.2025
9969
2 дақиқада ўқилади

Путин сулҳ тузиш учун Украина ҳудудларини сўрамоқда – ОАВ

АҚШ ва Россия расмийлари келаси ҳафта бўлиб ўтиши режалаштирилган Трамп ва Путин ўртасидаги саммит учун ҳудудлар бўйича келишув тайёрламоқда. Бироқ бундай келишувга эришиш учун ҳеч қандай кафолат йўқлиги қайд этилган.

Фото: Reuters

Вашингтон ва Москва Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича келишув устида ишламоқда. Ушбу келишув Россиянинг босиб олинган ҳудудлар устидан назоратини мустаҳкамлашга қаратилган. Путин бутун Донбасс ва Қримни беришни талаб қилмоқда, бунинг эвазига Россия Херсон ва Запорожие вилоятларида ҳозирги фронт чизиқлари бўйлаб ҳужумни тўхтатишга ваъда бермоқда, деб ёзди Bloomberg манбаларга таяниб.

Ушбу маълумотларга кўра, АҚШ ва Россия расмийлари келаси ҳафта бўлиб ўтиши режалаштирилган Трамп ва Путин ўртасидаги саммит учун ҳудудлар бўйича келишув тайёрламоқда. АҚШ ушбу битимга Украина ва Европа иттифоқчиларини рози қилишга уринмоқда, бироқ бундай келишувга эришиш учун ҳеч қандай кафолат йўқлиги қайд этилган.

Битим урушни амалда музлатиш ва якуний тинчлик ўрнатиш бўйича кейинги техник музокаралар билан ярашувга йўл очишга қаратилган. Аввалроқ АҚШ Россиядан урушни тугатиш бўйича музокаралар учун майдон яратиш мақсадида ҳеч қандай шартларсиз ўт очишни тўхтатишга рози бўлишни талаб қилганди.

Путин ўз ҳарбий мақсадлари ўзгаришсиз қолишини бир неча бор таъкидлаган - улар орасида Киевга нейтрал мақомни бериш, НАТО аъзоси бўлиш амбицияларидан воз кечиш ва Қрим ҳамда Украинанинг бошқа тўртта шарқий ва жанубий минтақасини Россия фойдасига бой берилганини тан олиш талаблари бор. Украина ўз Конституцияга кўра, ҳудудларни бера олмайди ва Россия томонидан босиб олиниши ва ўз ерларининг аннексия қилинишини тан олмаслигини айтмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид