Жаҳон | 12:25 / 14.08.2025
3990
2 дақиқада ўқилади

КХДР Россияга 6 минг аскар юборишни режалаштирмоқда

Шунингдек, Россияга техника, жумладан, жанговар танклар ва зирҳли жанговар машиналар юборилиши айтилмоқда.

Фото: Zhao Zhan / Xinhua / Global Look Press

Яқин вақт ичида КХДР Россияга қўшимча қўшин юборишни режалаштирмоқда: 6 мингга яқин ҳарбий хизматчи. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Кирилл Буданов The Japan Times нашри билан суҳбатда айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, КХДР шунингдек, Россияга гўё муҳандислик ишларини олиб бориш учун 50 дан 100 тагача техника, жумладан, М2010 (Cheonma-D) асосий жанговар танклари ва БТР-80 зирҳли транспортёрларини юборишни режалаштирмоқда.

«Уларнинг баъзилари ҳақиқатан ҳам миналардан тозалаш ва истеҳкомлар қуришга жалб қилиниши мумкин, аммо барчаси бу билан шуғулланадими?», деди Буданов.

Украина Қуролли кучлари Бош бошқармаси бошлиғи Москва ва Пхенян ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кўлами ва оқибатларини таъкидлаб, ҳозир дунёда кенг фронт чизиғида замонавий уруш олиб бориш тажрибасига эга бўлган фақат учта давлат борлигини таъкидлади.

«Ҳозир дунёда деярли барча мавжуд воситалардан фойдаланган ҳолда жуда кенг фронт чизиғида замонавий уруш олиб бориш тажрибасига эга бўлган фақат учта давлат бор - бу Украина, Россия ва Шимолий Корея», деб таъкидлади Буданов.

Унинг сўзларига кўра, Россия Шимолий Корея қўшинларининг Украинага қарши урушда иштирок этишини сахийлик билан молиялаштиряпти.

«Кремль барча ҳарбий техника ва қўшинлар учун пул тўлайди. Гап ўнлаб миллиард доллар ҳақида кетмоқда ва дунёдаги энг изоляция қилинган Шимолий Корея иқтисодиёти учун бу жуда жиддий пул», деб таъкидлади Украина разведкаси раҳбари.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид