Александр Дюма. Бу номни эшитмаган китобхон жуда оз топилса керак. Унинг 1844 йилда ёзилган “Граф Монте-Кристо” асари бутун дунё китобхонлари учун абадий дурдоналардан бири ҳисобланади. Шу ўринда айтишни истардик, аксарият кузатувчиларимиз ҳам бу асар ҳақида гапиришимизни сўрашган.

Демак, бугун “5 дақиқа”да “Граф Монте-Кристо” ёхуд “Иф қалъасининг маҳбуси” ҳақида гаплашамиз.

Асар марказида денгизчи Эдмон Дантес туради. У ёш, самимий ва меҳнатсевар йигит. Тақдир эса унга кенг йўллар очгандек кўринади: кема капитани бўлиш арафасида. У севгилиси Мерседес билан бахтли ҳаёт сари интилаётган дамлар. Бироқ ҳасад ва нафс ҳар қандай буюк режаларни йўққа чиқара олади. Дантеснинг атрофида дўст бўлиб юрган Фернан, Данглар ва Кадрус уни йиқитиш учун режа тузишади. Ёлғон айблов уюштириб, қаҳрамонни қамоққа ташлашга эришадилар.

“Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай” - Имом Бухорий

Дантес қамоқ деворлари орасида тақдир билан юзма-юз қолди. Дастлабки йилларда у умидсизликка тушди, ҳеч қандай ёруғ йўл кўринмасди. Бироқ қамоқда доно Фариа билан танишиши барчасини ўзгартирди. Фариа унга илм, сиёсат, тиллар ва ҳаётий тажрибани ўргатди. Бу тарбия орқали Дантес оддий денгизчидан ақл ва билим соҳибига айланди. Донишманд Фарианинг қўлида яна бир сир бор эди — Монте-Кристо оролидаги туганмас хазина. Унинг ўлими Дантес учун оғир зарба бўлди, бироқ айнан шу фожиа унга эркинликка йўл очди.

Қамоқдан қочиш саҳнаси романнинг энг драматик бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Дантес йиллар давомида тош деворлар, зулмат ва ёлғизлик билан курашди. Фариа ўргатган билим ва чексиз ирода унга куч берди. У маҳбуснинг жасадини алмаштириш орқали қутулиш режасини амалга оширди. Ўзини ўлганга солиб, қисматдошининг ўрнига қопга кириб ётди. Кейин у денгизга улоқтирилди — озодликка эришиш учун жон-жаҳди билан курашишига тўғри келди. Бу саҳна шунчаки қамоқдан қочиш эмас, балки инсон иродасининг ғалабаси, руҳий қайта туғилишга ўхшарди.

Ўлмай туриб тирилиш имкони ҳамиша бор...

Эркинлик ва хазина Дантесни янги шахсга айлантирди. Энди у оддий денгизчи эмас, балки сирли ва қудратли шахс – Граф Монте-Кристо сифатида намоён бўлди. Унинг ҳаётида энди фақат бир мақсад бор эди: хиёнат қилганлардан адолат талаб қилиш. Аммо бу интиқом шунчаки ёвузлик эмас, балки режали, ҳар бир қадамда ҳисоб-китоб қилинган ҳаракатлар эди. У Фернан, Данглар ва Вилфор каби душманларининг ўзига хос заиф нуқталарини топиб, уларни мағлуб этди.