Жаҳон | 12:29 / 17.08.2025
13362
9 дақиқада ўқилади

Лавозим олган президент қизи, Starlink Қозоғистонда ва кўпхотинлиликка «йўқ» деган Жапаров – МО ҳафта ичида

Тожикистон президенти кенжа қизини ҳам катта лавозимга тайинлади. Туркманистон пахта далаларида иш бошланди, яна сарсон ўқитувчи-ю давлат ходимлари. Қозоғистон Starlink интернетига уланди. Қирғизистон президенти танқид қила-қила кўпхотинлиликка йўқ деди. Афғонистондаги БМТ ходималари ўлим таҳдиди билан юзлашмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тожикистонда президент қизи вазирликда лавозимли бўлди

Тожикистонда президент навбатдаги қизини ҳукуматга яқинлаштиришни бошлади. Матбуотда тарқалган хабарларга кўра, Имомали Раҳмоннинг кенжа қизи Фарзона Имомали Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ислоҳотлар, бирламчи тиббий ёрдам ва халқаро алоқалар бошқармасига раҳбар бўлган.

Фарзона 27 ёшда бўлиб, Тожикистон тиббиёт университетининг даволаш факултетини тугатган, педиатрия бўйича ординатурани ўтаган. 2023 йилда эса президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини битирган. У энди раҳбарлик қилаётган департаментда 2021 йилдан бери мутахассис бўлиб ишлаган.

Фарзона Имомали Тожикистон Халқ демократик партиясининг аъзоси. У фарзандини ёлғиз тарбиялаётгани ҳақида хабарлар бор. Баъзи хорижий нашрларга кўра, 2022 йилда у ўша пайтдаги бош прокурор Юсуф Раҳмоннинг ўғли Сафархон Раҳмонга турмушга чиққан. 2025 йилда Сафархон Раҳмон лавозимидан озод этилган эди.

Президентнинг ўғли – ҳокимиятнинг кейинги эгаси сифатида кўрилади. Рустам Имомали стратегик ҳудуд – пойтахт Душанбенинг мэри ҳисобланади. Бундан ташқари, Имомали Раҳмоннинг қизлари ҳам президент администрациясидан тортиб хориждаги элчихоналаргача жиддий лавозимларда ишлаб келишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда президентнинг ўғли президентликка сайланган. 2024 йил охирида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тўнғич қизи Ўғулжаҳон Атабаева отаси номидаги хайрия фондининг даволаш ишлари бўйича вице-президенти бўлганди. Қозоғистонда эса биринчи президент Назарбоевнинг оиласи ҳокимиятни қўлга олиб, унинг қизи Сенат раиси лавозимида ҳам ишлаган.

Starlink интернети Қозоғистонда

13 август куни Starlink Қозоғистонда сунъий йўлдош интернет хизматларини расман ишга туширди. Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги хабарига кўра, бу мамлакат аҳолисига SpaceXʼнинг паст орбитали сунъий йўлдош тармоғи орқали юқори тезликдаги ва барқарор интернетга уланиш имконини беради. SpaceX бош директори Илон Маск ҳам Starlink энди Қозоғистонда ҳам мавжуд эканини тасдиқлади.

«Биз бир йил давомида Starlink ва давлат идоралари ҳамда назорат қилувчи органларнинг позицияларини бир-бирига яқинлаштириш бўйича музокаралар олиб бордик. Бугун Starlink Қозоғистонни ўзининг расмий мавжудлик харитасига қўшди», деб ёзди Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари Жаслан Мадиев Х ижтимоий тармоғида.

Июн ойида Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги хизмат кўрсатишда мамлакат қонунчилигига риоя қилиш бўйича Starlink билан шартнома имзолаганди.

Компания сайтидаги нархларга кўра, Starlink фойдаланувчи терминали 104 минг тенгедан 201 минг тенгегача туради. Чексиз уй тарифларининг нархи ойига 23 минг тенгедан 31 минг тенгегачани ташкил этади.

Starlink Қирғизистонда 2025 йил охиригача, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда эса 2026 йилда ишга туширилиши кутилмоқда.

Жапаров кўпхотинлиликка «йўқ» деди

Қирғизистонда президент кўп хотинлиликка рухсат бермади. Садир Жапаров Жогорку Кенешга икки ва кўпхотинлилик учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш тўғрисидаги қонунни эътирозлар билан қайтарди. 

Президентнинг эътирозлари омбудсман, Бош прокуратура, президент ҳузуридаги Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар миллий агентлиги, Миллий фанлар академияси, Адлия вазирлиги ва Конституциявий суд аппарати хулосалари асосида тайёрланган.

“Икки ёки кўпхотинлилик учун жиноий жавобгарликнинг сақланиб қолиши Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига мос келади. Бу давлатнинг гендер тенглиги ва қонун устуворлиги тамойилларига содиқлигини намойиш этади, аёллар ва болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий тенгсизликдан ҳимоя қилади, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади”, дейилади давлат раҳбарининг эътирозида.

Ҳозирда Қирғизистон Жиноят кодекси 176-моддасига кўра, икки ёки кўпхотинлилик, яъни эркакнинг икки ёки ундан ортиқ аёл билан умумий хўжалик юритиб бирга яшаши юз соатдан уч юз соатгача жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 500 (50 минг сўм)дан 1000 (100 минг сўм) ҳисоб кўрсаткичигача миқдорда жарима билан жазоланади.

Бундан аввал Садир Жапаров “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунни имзолаганди. Ҳужжатда таҳририятларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, иш қоидалари ва ҳуқуқий мақоми, шунингдек, журналистлар учун жавобгарлик ва кафолатлар белгиланган.

Июл ойида Қирғизистон президенти мамлакат жиноят кодексига СИМ карталар ва молиявий маълумотларни бегоналарга беришга жазо белгилайдиган ўзгартиришларни тасдиқлаганди. Қонуннинг мақсади шахснинг ўз банк картаси, ҳисобрақами, электрон ҳамёни, мобил банкинг, СИМ-картаси ёки бошқа молиявий маълумотларини учинчи шахсларга бериши ёки сотишининг олдини олишдан иборат.

БМТ ходимларига ўлим таҳдиди

Афғонистонда ишлаётган БМТнинг ўнлаб афғон ходималарига ўлим билан таҳдид қилишди. Бу ҳақда ташкилот ҳисоботига таяниб, Al Jazeera хабар берди.

«Толибон» 2021 йилда ҳокимиятга қайтгач, аёлларнинг иш ҳуқуқларини кескин чеклади. Охирги марта ходималар май ойида очиқ таҳдидга учради. «Толибон» бу таҳдидларга жавобгар эмаслигини билдирди ва Ички ишлар вазирлиги тергов олиб бораётганини таъкидлади. Вазирлик матбуот котиби Абдул Матин Қани эса ҳеч қандай таҳдид бўлмаганини айтди.

Бу мутлақо нотўғри. Уларга ҳеч қандай соҳада таҳдид йўқ, ҳеч ким уларга таҳдид қила олмайди ва уларнинг хавфсизлигига хавф туғдира олмайди, деган у Associated Press ахборот агентлигига берган интервюсида.

Ҳисоботда қайд этилишича, таҳдидлар БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (UNAMA) ҳамда бошқа агентликлар, фондлар ва дастурлар билан ҳамкорлик қилган номаълум шахслар томонидан амалга оширилган. Бу ҳолат БМТни ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун вақтинчалик чоралар кўришга ундади.

«Толибон» 2022 йил декабрда афғон аёлларига маҳаллий ва хорижий нодавлат ташкилотларда ишлашни тақиқлаган эди. Орадан олти ой ўтиб, бу тақиқ БМТ ходималарига ҳам татбиқ этилди. Кейинчалик, «Толибон» аёлларни ишга қабул қилаётган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятини чеклаш билан қўрқитди. БМТ ҳисоботи соҳада фаолият юритаётган афғон аёлларига ўлим таҳдидлари мавжудлигини биринчи марта расман тасдиқлади.  

Туркманистонда яна мажбурий меҳнат

Туркманистонда яна бир пахта терими мавсуми бошланди ва бу яна мажбурий меҳнатсиз ўтмайди. Turkmen.news нашри ўз манбаларига таяниб Лебап шаҳрида ва Марй вилоятида август ойининг биринчи кунларидан бошлаб давлат сектори ходимларидан ёлланган теримчилар далада иш бошланганини хабар қилди. Шифокорлар, ўқитувчилар, Туркманобод ипак ишлаб чиқариш бирлашмаси ва трикотаж фабрикаси ишчилари пахта теримига ёлланган бошқа теримчиларнинг ҳам ҳақини ундиришган. Давлат муассасалари ходимлари ёлланма ишчиларга ўз чўнтакларидан кунига 30 манат (1,5 доллар) маош беришга мажбур.

3 августдан бошлаб Марй вилоятидаги ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларига ҳам худди шундай чоралар эълон қилинди.

Амалдорлар ҳар йили бундай товламачиликни амалга оширади. Бундан ташқари, бюджет соҳаси ходимлари мунтазам равишда ўзлари пахта теримига олиб чиқилади. Баъзан уларга «танлов» берилади: далаларга бориш ёки ёлланган теримчига пул тўлаш, деб ёзади ушбу нашр. Айримлар ўз ўрнига бошқа бировни пахта теримига жўнатади.

2024 йилда Туркманистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорликда йўл харитасини ишлаб чиққанди. Бу эса республикада пахта теримида мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам беришга олиб келиши керак эди.

Шу билан бирга Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббуси (ТИҲР), «Тараққиёт» жамғармаси ва Пахта кампанияси ҳуқуқ фаоллари таъкидлаганидек, давлат уруғлик, техника ва ўғитлар етказиб берувчи, шунингдек, пахта хомашёсининг ягона харидори бўлган шароитда кўплаб чора-тадбирлар самарасиздир, дея ёзади Turkmen news.

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид