Жаҳон | 07:53 / 22.08.2025
2948
2 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Ғазони назорат этиш ва ҲАМАСни йўқ қилиш режаларини тасдиқлади

Шунингдек, барча гаровга олинганларни озод қилиш бўйича зудлик билан музокаралар бошлашни буюрди.

Фото: REUTERS

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Мудофаа армиясининг (IDF) Ғазо шаҳри устидан назорат ўрнатиш ва ҲАМАСни йўқ қилиш режаларини тасдиқлади. Бу ҳақда 21 август куни Исроил бош вазири девони маслаҳатчиси Дмитрий Генделман маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат раҳбари Исроил урушни давлат учун мақбул шартларда якунлашга қатъий қарор қилганини таъкидлаган ва бир вақтнинг ўзида барча гаровга олинганларни озод қилиш бўйича зудлик билан музокаралар бошлашни буюрган.

«Биз ҳал қилувчи босқичга кирмоқдамиз. ҲАМАСни тор-мор қилиш ва гаровга олинганларни озод қилиш - ёнма-ён борадиган икки вазифа», деди бош вазир.

Қайд этилишича, Нетаняҳу, шунингдек, захирадагилар ва мунтазам армия ҳарбий хизматчиларига «бу муҳим миссияни бажаришга тайёрлиги ва фидойилиги учун» чуқур миннатдорлик билдирган.

Аввалроқ ОАВ Исроил янги аҳоли пунктларини қуриш режасини маъқуллагани, баъзиларнинг фикрича, бу Фаластин давлати ғоясини кўмиб ташлаши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. E1 лойиҳаси Ғарбий қирғоқ ва Шарқий Қуддусни ажратиб, Қуддус ва Маале-Адумим аҳоли пункти ўртасида қурилишни ўз ичига олади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид