Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нидерландия ташқи ишлар вазири Исроилга қарши кескинроқ чоралар қўллай олмагач истеъфога чиқди
Нидерландия бош дипломати Каспар Велдкамп ҳукумат йиғилишида Ғазодаги ҳуманитар инқироз туфайли Исроилга қарши қатъийроқ санкциялар жорий этишга чақирганди. «Агар мен зарур деб ҳисоблаган сиёсатни юритишдан чекланган бўлсам, уйга бориб истеъфо хатини ёзаман», деган Велдкамп. Лекин у керакли қўлловни олмади ва ҳукуматдан кетди.
Фото: Anadolu Agency
Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп Исроилга қарши қўшимча чоралар ҳақидаги таклифлари коалиция ҳамкорлари томонидан рад этилгач, 22 август куни истеъфога чиқди.
Велдкампнинг айтишича, коалициядаги VVD ва BBB партиялари янги чораларни қўллашга қарши чиққани боис, ўз режалари амалга ошишига ишончи қолмаган ва истеъфо беришга қарор қилган.
Politico нашрининг ёзишича, Велдкамп жума куни Ғазодаги гуманитар инқироз юзасидан ҳукуматдаги бир неча соатлик самарасиз баҳсдан сўнг, Исроилга қарши қатъийроқ санкциялар жорий этишга чақирди.
«Биз ҳукумат сифатида аллақачон анча қадамлар қўйдик. Нидерландия бундан уялмаслиги керак. Лекин Ғазо шаҳрида ва Ғарбий Соҳилда содир бўлаётган воқеалар юзасидан қўшимча чоралар кўришга кабинетда қаршилик сездим. Мен яқин ҳафталар ёки ойлар давомида вазият ўзгаришига ишончим йўқ, агар мен зарур деб ҳисоблаган сиёсатни юритишда шунчалик чекланган бўлсам. Уйга бориб истеъфо хатини ёзаман», дея Велдкампнинг сўзларини келтирмоқда NL Times.
Бу фикрни Нидерландия бош вазири ўринбосари Эдди ван Хюм ҳам тасдиқлади: «Исроил ҳукумати ҳаракатлари халқаро шартномаларни бузмоқда. Энди чизиқ тортилиши керак. Ҳукуматда қолишимиз ишончли бўлмай қолди. Қисқаси, биз чарчадик… Велдкамп Исроил ҳукуматига қарши қўшимча чоралар зарурлигини жуда кескин ҳис қилди, аммо доимо тўсиқлар қўйилди», деган у.
Бош вазир Дик Схооф парламентга кечқурун қилган мурожаатида NSCʼнинг ҳукуматдан чиқиб кетишини «афсус билан» қабул қилганини айтди: «Биз бу қарорларни ҳурмат қилишимиз керак, бироқ уларни жуда афсус билан қабул қиламиз — айниқса вақтинчалик ҳукумат зиммасидаги масъулиятни ҳисобга олсак», деди у.
Коалициянинг икки қолган шеригидан бири – Фермерлар ва фуқаролар ҳаракати (BBB) партияси эса NSCʼнинг чиқиб кетишидан қаттиқ норози бўлиб, буни «Нидерландияни рулсиз қолдириш» деб атади.
Велдкампнинг истеъфоси, у парламентга Исроилга қарши «зарур» деб атаган чораларни киритишга ваъда берганидан кейин юз берди. Бу қарорни у коалиция ҳамкорлари билан мувофиқлаштирмаган эди.
Велдкампнинг истеъфосидан сўнг, унинг партияси ўзининг барча вазир ва давлат котибларини вақтинчалик ҳукуматдан чиқарди. Хусусан, ижтимоий ишлар вазири Эдди ван Хюм, ички ишлар вазири Жудитҳ Уитермарк, таълим вазири Эппо Бруинс ва соғлиқни сақлаш вазири Даниëлле Жансен, шунингдек, тўрт нафар бошқа амалдорлар ҳам истеъфога чиқди. Бу истеъфолар бош вазир Дик Схоофнинг аллақачон заифлашган вақтинчалик ҳукуматида ноаниқликни янада кучайтирди, деб ёзмоқда маҳаллий ОАВ.
Нидерландиянинг кейинги умумий сайловлари 29 октябр куни ўтказилиши белгиланган. Мамлакат ҳукумати 3 июн куни қулаган ва шундан бери вақтинчалик тартибда ишламоқда. Бунга сабаб — Геэрт Вилдерснинг ўта ўнг қанотда партияси миграция сиёсати юзасидан келишмовчилик сабаб коалицияни тарк этгани эди.
Ғазода очарчилик
Исроилда Нидерландиянинг собиқ элчиси бўлган Каспар Велдкамп истеъфога чиққан куни БМТ қўллаб-қувватлайдиган глобал очлик мониторинг тизими IPC Ғазода очарчилик мавжудлигини расман эълон қилганди. Шу билан бир вақтда Исроил қамал остидаги Ғазо шаҳрига янги ҳужумлар бошлади.
Ҳозиргача Нидерландияни ўнг қанотдаги исроиллик вазирлар – Итамар Бен-Гвир ва Безалел Смотричга мамлакатга кириш тақиқи жорий этиш билан чекланган.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Исроилнинг ҳарбий кампанияси натижасида 62 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Исроил ёрдамни тўсиб қўйгани учун 500 мингдан ортиқ инсон очликни бошидан ўтказмоқда. Кунига ўнлаб инсонлар Исроилнинг ҳужумлар ва очлик оқибатида вафот этмоқда.
Ўтган йилнинг ноябрида Халқаро жиноий суд (ХЖС) Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга Ғазодаги уруш билан боғлиқ уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун ҳибсга олиш ордерини чиқарган эди.
Исроил, шунингдек, Ғазодаги уруши учун Халқаро суд палатасида геноцид ишида жавобгар сифатида ҳам кўрилмоқда. Лекин, ҳозирча шу ва бошқа халқаро босимлар, танқидлар Исроилнинг геноцид кўринишидаги урушини тўхтата олмаяпти.
Мавзуга оид
07:35 / 06.12.2025
Ракета ўрнига нур: Исроил дунёдаги биринчи жанговар лазерни жойлаштириш арафасида
13:42 / 05.12.2025
Исроил «Евровидение-2026»да қатнашади, қатор давлатлар танловни бойкот қилади
15:51 / 02.12.2025
Нетаняҳу қандай айбловлар учун афв сўрамоқда ва бунинг имкони борми?
13:59 / 02.12.2025