Нидерландия ҳукумати ушбу икки вазирга экстремистик фаолияти учун санкциялар жорий қилиш, уларни номақбул шахслар рўйхатига киритиш қарорини қабул қилди. Бу эса уларнинг Нидерландияга киришини тақиқлайди.

«Улар бундан буён Нидерландияга кира олмайди», - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Нидерландия, шунингдек, Европа Иттифоқи даражасида Исроил билан ассоциациялашган битимнинг савдо қисмини тўхтатиб туришни таклиф қилади. Ташқи ишлар вазири Велдкампнинг маълум қилишича, Нидерландия Исроилга ҳарбий мақсадлардаги маҳсулотлар экспортини чеклайди, бунинг учун бир нечта лицензиялар бекор қилинади.

Шунингдек, Нидерландия Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами сифатида БМТ ёрдам хизматлари идорасига 1,5 миллион евро, Қизил Хочга эса қўшимча 3 миллион евро ажратади.

Расмий баёнотда айтилишича, Смотрич ва Бен-Гвир мунтазам равишда фаластинликларга қарши зўравонликни тарғиб қилиб келган, ноқонуний яҳудий посёлкаларини кенгайтиришни ёқлаган ва Ғазода «этник тозалаш»ни талаб қилган.

Хусусан, Смотрич Ғарбий соҳилдаги яҳудий посёлкалари кенгайтирилишини маъқуллаган ва Ғазога инсонпарварлик ёрдамини киритишга қатъий қарши чиққан. У 2024 йил май ойида: «Уруш зонаси – Ғазога бир дона ғалла ҳам киритилмайди», - деган эди.

The Guardian нашрининг ёзишича, 6 май куни Смотрич қуйидагича баёнот берган: «Ғазо тўлиқ вайрон қилинади. Тинч аҳоли жанубдаги инсонпарварлик зонасига юборилади – у ерда ҲАМАС ва террор йўқ бўлади ва улар у ердан бошлаб оммавий равишда учинчи мамлакатларга кўчиб кетади».

Исроил Миллий хавфсизлик вазири Бен-Гвир эса Ғарбий Соҳилда яшовчи ашаддий яҳудий посёлкачиларидан бири бўлиб, Исроилдаги барча араб фуқароларини чиқариб юборишни илгари сурган. У Нетаняҳу коалициясининг ажралмас қисмига айланган ва Ғазодаги уруш тугатилса, ҳукуматдан чиқишини очиқ айтган.

Бундан ташқари, Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп мамлакатдаги Исроил элчиси Моди Эфрайимни чақириб, расмий норозилик билдириши ҳамда Нетаняҳу ҳукуматини «курсни ўзгартиришга» чақиради. Шунингдек, Каспер Исроилдан халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилишни эслатади.