Жаҳон | 21:07 / 27.08.2025
17266
2 дақиқада ўқилади

Исроил бош вазири биринчи марта Усмоний империясида арман геноциди бўлганини тан олди

Узоқ вақт давомида Туркияни асосий савдо шериги сифатида кўрган Исроил шу пайтгача геноцидни тан олишдан тийилган эди.

Фото: AFP

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу илк марта Биринчи жаҳон уруши йилларида турклар томонидан арманлар, оссурияликлар ва юнонларга нисбатан содир этилган геноцидни тан олганини очиқ эълон қилди. The Times of Israel нашрининг ёзишича, сиёсатчи бу ҳақда америкалик подкастер Патрик Бет-Давид саволига жавоб тариқасида айтган.

Бошловчи Нетаняҳудан нега Исроил ҳалигача арман геноцидини тан олмаганини сўради. «Тан олдим, деб ўйлайман. Кнессет бу борада резолюция қабул қилган кўринади», деб жавоб берди бош вазир.

Аслида, The Times of Israel таъкидлаганидек, Исроил парламенти бу борада ҳеч қандай ҳужжат қабул қилмаган. Бет-Давид нима учун Исроилнинг ҳеч бир бош вазири геноцидни тан олмаганини сўраганида, Нетаняҳу: «Мен буни ҳозиргина қилдим», деб жавоб берди.

Бугунги кунда арман геноцидини давлат даражасида 34 та мамлакат тан олади - асосан Ғарб ва насронийлар. Усмоний империясининг ҳуқуқий вориси бўлган Туркия 1,5 миллионгача одамнинг ўлимига сабаб бўлгани айтилаётган оммавий қирғинлар ва депортацияларни геноцид деб тан олишдан бош тортмоқда ва қурбонлар сони камлигини таъкидлаб келмоқда.

Узоқ вақт давомида Туркияни асосий савдо шериги сифатида кўрган Исроил ҳам геноцидни тан олишдан тийилган. 2023 йил октябрь ойидан бери давом этаётган Ғазо секторидаги уруш фонида Анқара ва Тел-Авив ўртасидаги сиёсий муносабатлар ёмонлашди, чунки Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроилни фаластинликларга қарши геноцид уюштирганликда очиқчасига айблади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид