Ўзбекистон | 22:00 / 27.08.2025
3900
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда тиббиёт чиқиндисидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи завод ишга тушди

Завод кунига 20 соатда 6 тонна чиқинди ёқиш қувватига эга. Таъкидланишича, бу тиббиёт чиқиндиларини ёқиш орқали муқобил иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчи республикадаги илк завод ҳисобланади.

Фото: Чиқиндиларни бошқариш агентлиги

25 август куни Тошкент шаҳри, Чилонзор туманида жойлашган 16-сон шаҳар шифохонаси ёнида тиббиёт чиқиндиларини ёқиш заводи ишга туширилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, завод «Sayar» (АҚШ) компанияси томонидан барпо этилган. Ҳозир заводда кунига 3 тонна тиббиёт чиқиндиси ёқилиб, бартараф этилмоқда. Завод кунига 20 соатда 6 тонна чиқинди ёқиш қувватига эга. Таъкидланишича, бу тиббиёт чиқиндиларини ёқиш орқали муқобил иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчи республикадаги илк завод ҳисобланади.

Хабарга кўра, тиббиёт чиқиндиларини самарали утилизация қилишга мўлжалланган навбатдаги заводларнинг қурилиши Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги Тошкент Тиббиёт академиясининг 2-клиникаси (ТошМИ) ҳамда Тошкент туманидаги Тошкент Педиатрия тиббиёт институти (СамПИ) тиббиёт муассасаларида ҳам давом этмоқда.

2024 йил апрелида инвестор, лойиҳа компанияси ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида имзоланган шартномага кўра, биринчи босқичда, яъни 2024-2025 йиллар давомида 7 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш орқали Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг барча турдаги тиббиёт муассасаларида йилига 6 минг тонна тиббиёт чиқиндисини термик қайта ишлаб, 20 ГВт соат қувватга эга ускуналарни ишга тушириш белгиланган.

Иккинчи босқичда, яъни 2026-2030 йиллар давомида 108 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш орқали республиканинг қолган ҳудудларида жойлашган барча турдаги тиббиёт муассасаларида йилига 90 минг тонна тиббиёт чиқиндисини термик қайта ишлаб, 300 ГВт соат қувватга эга ускуналар ишга туширилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид