Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уйда Ғазо келажаги муҳокама қилинди. Исроил эса Фаластин давлати бўлмаслигини айтди
АҚШ президенти Доналд Трамп куёви Жаред Кушнер ва Тони Блер билан Ғазо секторининг урушдан кейинги келажагини муҳокама қилди. Кушнер олдинроқ Ғазо ҳудудини «Яқин Шарқ Ривераси»га айлантириш режасини билан танилганди. Худди шу вақтда Вашингтонга келган Исроил ташқи ишлар вазири эса Фаластин давлати ҳақида ҳеч қандай режа бўлмаслигини айтди.
АҚШ президенти Доналд Трамп 27 август куни Оқ уйдаги Овал офисда Ғазо секторининг урушдан кейинги келажаги ҳақида узоқ учрашув ўтказди. Лекин ушбу учрашув юзасидан ҳозирча бирорта расмий изоҳ берилмади.
New York Times'нинг учрашувдан хабардор манбаларига кўра, Трамп ўзининг махсус элчиси Стив Уиткофф, шунингдек, куёви ва собиқ Оқ уй маслаҳатчиси Жаред Кушнер билан 90 дақиқадан ортиқ вақт давомида учрашув ўтказган. Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ҳам ҳисобланган – АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам учрашувнинг айрим қисмларида қатнашган. Шунингдек, Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блер ҳам муҳокамаларда иштирок этган.
«Трамп Ғазо учун порлоқ келажак ҳақида умумий гапирган — аммо бу келажак ҳудудда яшовчи фаластинликларни ўз ичига олиши шарт эмас. У ҳудудни ҳашаматли курортга айлантириш ҳақида ҳам ўйлаган, баъзида эса аҳолининг бошқа жойга кўчирилишини тилга олган», дейилади NYT хабарида.
Учрашувда қатнашган Жаред Кушнер — Трампнинг биринчи президентлик даврида унинг маслаҳатчиси бўлган, Исроил ва айрим араб давлатлари ўртасида «Иброҳим келишувлари» жараёнига раҳбарлик қилган. Минтақа билан боғлиқ ўз бизнес ва бошқа алоқаларига эга. Кушнер, шунингдек, Трампнинг қизи Иванка билан турмуш қурган. Яқинда Кушнер отаси Франция президенти Эммануэл Макронни антисемитизмда айблаб, танқид қилганди.
Трампнинг шу йилнинг февраль ойида Ғазони АҚШ назорати остига олиш ва ҳудудни «Яқин Шарқ Ривераси»га айлантириш режаси қаттиқ танқидлар остида ортга чекинган эди. Аслида унинг бу режаси — бир йил олдин Кушнер илгари сурган ғояга ҳамоҳанг бўлиб, Ғазони фаластинликлардан тозалаш ва уни денгиз бўйидаги кўчмас мулк ҳудудига айлантиришни кўзлаган эди.
2003 йил Ироқ уруши пайтида Британия бош вазири бўлган Тони Блернинг кеча Оқ уйдаги учрашувга чақирилгани бежиз эмас. Financial Times’га кўра, Тони Блер асос солган ақл маркази Ғазонинг урушдан кейинги қайта қурилиши юзасидан турли гуруҳлар билан кўплаб суҳбатлар ўтказган, аммо уларда одамларни мажбуран кўчириш ғояси бўлмаган.
Рубио ва Саар учрашуви
Оқ уйда учрашув бўлаётган пайтда АҚШ давлат котиби Марко Рубио Вашингтонда Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саъар билан учрашиб, Ғазо ва минтақавий масалаларни муҳокама қилганини маълум қилди.
Reutersнинг ёзишича, Саар учрашувдан кейин Фаластин давлати бўйича қандай режа борлиги ҳақидаги саволга «ҳеч қандай режа бўлмайди», деб жавоб берган.
«Биз икки мамлакат учун ўзаро муаммолар ва манфаатлар бўйича самарали учрашув ўтказдик. Исроил учун президент Доналд Трамп бошчилигидаги Қўшма Штатлардан буюкроқ дўст йўқ, ва АҚШ учун ҳам Исроилдан буюкроқ иттифоқчи йўқ», деб ёзган Саъар.
Шу кунларда Франция, Буюк Британия каби АҚШ ва Исроилнинг айрим иттифоқчилари Фаластин давлатини тан олиш режалари ҳақида эълон қилган эди.
Ғазода 2023 йил октябридан бери давом этаётган Исроилнинг ҳужуми 62 мингдан ортиқ фаластинликнинг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳужум очлик инқирозига, Ғазо аҳолиси тўлиқ ички кўчирилишига ва халқаро судларда Исроилга қарши геноцид ва уруш жиноятлари бўйича айбловларга сабаб бўлди. Исроил бундай айбловларни рад этмоқда.
Илгари ўтказилган музокаралар қисқа муддатга жангларни тўхтатишга муваффақ бўлган бўлса-да, ҳанузгача можаро тугатишнинг иложи бўлмаяпти. Исроил халқаро танқидларга қарамай геноцид кўринишида урушини давом эттирмоқда.
Мавзуга оид
16:15
Мерцга Кремлдан "ҳужум": АҚШнинг Украина бўйича роли атрофида баҳс кучаймоқда
15:44
АҚШ ЕИ давлатларини Киевга Россия активлари ҳисобидан кредит бермасликка чақирди
15:10
АҚШ НАТОдаги мажбуриятларнинг асосий қисмини Европага ўтказмоқчи
13:54