Жаҳон | 15:03 / 29.08.2025
6657
10 дақиқада ўқилади

Кариб денгизидаги кескинлик, кучини кўрсатиб қўймоқчи бўлган Хитой ва Эронга бошланган халқаро босим – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

БМТ ходимлари Ғазодаги вазиятни геноцид деб аташни талаб қилди

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Bолкер Тюрк идорасидаги юзлаб ходимлар унга мурожаат қилиб, Ғазодаги урушни аниқ равишда давом этаётган геноцид сифатида тасвирлашни сўради.

Reuters нашри тасдиқлаган хатда айтилишича, ходимлар деярли икки йилдан бери давом этаётган Исроил-Ҳамас уруши бўйича геноциднинг ҳуқуқий мезонлари бажарилган деб ҳисоблайди. Улар бу фикрни ҳужжатлаштирилган ҳуқуқбузарликларнинг кўлами, миқёси ва характери билан асослаган.

«БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги геноцидни қоралаш борасида кучли ҳуқуқий ва ахлоқий мажбуриятга эга», дейилади хатда. Бу хат 500 дан ортиқ ходим номидан ходимлар қўмитаси томонидан имзоланган бўлиб, Тюркни «аниқ ва очиқ позиция» билдиришга чақирган.

«Давом этаётган геноцидни қораламаслик БМТнинг ишончлилиги ва инсон ҳуқуқлари тизимини емиради», дейилади хатда.

БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг айтишича, олий комиссар — бош котиб Антониу Гутерришнинг тўлиқ ва сўзсиз қўллаб-қувватлашига эга. У қўшимча қилиб шундай деди: «Бирор воқеани геноцид деб аташ ваколати фақат ҳуқуқий органларга тегишли».

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса БМТ ички ходимларининг хатларига «улар Исроилга нисбатан кўр-кўрона нафрат билан йўғрилган бўлса ҳам» жавоб бермаслигини билдирди. Исроил илгари ҳам Ғазодаги геноцид айбловларини рад этганди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ҳужумлари натижасида ҳудудда қарийб 63 минг одам ҳалок бўлган. Глобал очарчилик мониторинг тизими эса ҳудудда расман очарчилик бошланганини қайд этган.

Amnesty International каби кўплаб ҳуқуқий ташкилотлар аллақачон Исроилни геноцидда айблаган. БМТнинг мустақил эксперти Франческа Албанезе ҳам бу атамани ишлатган. Бироқ БМТнинг ўзи ҳали «геноцид» сўзини расмий равишда қўлламаган. БМТ расмийсининг айтишича, геноцидни белгилаш халқаро судларнинг вазифасидир.

2023 йилда Жанубий Африка Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига доир геноцид иши билан Халқаро судга мурожаат қилган эди. Аммо ишнинг моҳияти ҳали кўриб чиқилмаган, бу жараён йиллар давом этиши мумкин.

Пекинда Хитой ўз кучини кўрсатади

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин келаси ҳафта Россия президенти Владимир Путин билан бирга Пекиндаги ҳарбий парадда қатнашади. Ин учун биринчи кўп томонлама халқаро учрашув ҳисобланган бу ташриф — Хитой раиси Си Жинпинг учун дипломатик ютуқ сифатида талқин қилинмоқда.

Мазкур тадбир Хитой раҳбарига ўз таъсирини ҳам Путинга, ҳам Ким Чен Инга кўрсатиш имконини беради. Айнан шу пайтда эса АҚШ Россия билан Украинадаги урушни тугатиш бўйича келишувга эришишга уринмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп Пекиндаги тадбирда қатнашмайди, бироқ у шу ҳафта бошида КХДР етакчиси билан учрашишни исташини айтди. Ким эса ядровий арсенали кенгайиб бораётган ва Россияни қўллаб-қувватлаётгани сабабли Ғарбда хавотир уйғотмоқда.

Хитойнинг «Ғалаба куни» паради Япониянинг Иккинчи жаҳон урушидаги таслим бўлиши ва можаронинг тугашига 80 йил тўлиши муносабати билан нишонланади. Унда 26 давлат раҳбари, жумладан, Марказий Осиё етакчилари ҳам иштирок этади.

Кутилишича, Хитой ўзининг энг янги қуролларини – юзлаб самолётлар, танклар ва дронларга қарши тизимларни намойиш қилади. Шунингдек, мамлакат қуролли кучларининг янги тузилмаси илк бор тўлиқ таркибда тақдим этилади. Бу тадбир Ғарб давлатлари ва таҳлилчиларининг алоҳида эътиборини тортиши кутилмоқда. Лекин Ғарбдан бирорта ҳам нуфузли сиёсатчи бу тадбирга келишини билдирмаган.

Мерц: Путин ва Зеленский учрашуви «чамаси, бўлмайди»

28 августга ўтар кечаси Украинанинг кўплаб ҳудудлари, жумладан, Киев шаҳри Россия ракета ва дрон ҳужумларига учраганди. Ушбу ҳужумнинг қурбонлари сони 29 август тонгига келиб 23 киши, жумладан, тўрт нафар бола ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ одам яраланди. Россия зарбаси оқибатида Киевдаги Британия Кенгаши (British Counsil) биноси ҳам жиддий зарар кўрди, шунингдек, Европа Иттифоқи делегацияси биноси, қурилаётган Байрактар заводи ҳам зарар кўрган.

Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлиги 28 август куни Украинанинг «Симферопол» разведка кемаси чўктирилганини маълум қилди. Кейинроқ Украина ҳарбий-денгиз кучлари ҳам ҳолатни тасдиқлади. Россия армияси учун бу — экипажсиз катер (дрон) ёрдамида душман кемасига биринчи муваффақиятли ҳужумдир.

Бу ҳужумлар – Путин ва Зеленский ўртасида кутилаётган учрашув тақдирини ҳам савол остига қўймоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп Россиянинг сўнгги ҳужуми ҳақидаги хабарни «мамнуният билан қабул қилмаган, аммо ажабланмаган».

«Эҳтимол, бу урушнинг иккала томони ҳам уни ўзлари тугатишга тайёр эмас. Президент унинг тугашини истайди, бироқ бу икки мамлакат раҳбарлари ҳам урушни тугатишни исташлари керак. Ўйлайманки, президент бу масала юзасидан кейинроқ қўшимча баёнотлар қилади», - деди Оқ уй вакили Керолин Левит.

Германия канцлери Фридрих Мерц эса Путин ва Зеленский ўртасида учрашув «чамаси, бўлмаслигини маълум қилди».

«Президент Зеленский ва президент Путиннинг учрашуви, худди президент Трамп ва президент Путиннинг учрашуви бўлгани каби амалга ошмайди», - дея Мерцнинг сўзларини келтирмоқда AFP.

Эронга босим бошланмоқда

Буюк Британия, Франция ва Германия бошчилигидаги E3 давлатлари БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиб, Эрон бўйича БМТ санкцияларини қайта тиклаш имконини берувчи «снапбаcк» механизмини ишга туширишни сўради.

3 давлат ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнотида айтилишича, Эрон Халқаро атом энергияси агентлигининг назорат ва мониторинг фаолиятини чекламоқда ҳамда аввалги келишувларга риоя этишдан воз кечган. Бу эса Эронга юклатилган мажбуриятларнинг бузилиши сифатида баҳоланмоқда. Уларнинг фикрича, Эроннинг ядро дастури «халқаро тинчлик ва хавфсизликка очиқ таҳдид» бўлиб қолмоқда.

E3 давлатлари 30 кунлик муддат давомида Эронга ўз мажбуриятларини бажариши ёки музокараларни давом эттириш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни, жумладан, Теҳрон билан алоқаларни давом эттиришини маълум қилди. Агар бу даврда Хавфсизлик Кенгаши Эронга санкцияларни бекор қилишни узайтириш ҳақида қарор қабул қилмаса, илгари бекор қилинган олти резолюция автоматик тарзда кучга киради.

Агар «снапбаcк» механизми ишга тушса, Эронга қурол эмбаргосини қайта тиклаш, ядро каллакларини таший оладиган ракеталар ишлаб чиқишни тақиқлаш каби ўнлаб чекловлар қайта жорий этилади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса ушбу қарорни кескин танқид қилди.

«E3 томонидан 'снапбаcк'ни ишга солиш уринишлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2231-сонли резолюциясига зид ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳақиқий эмас», - дейилади баёнотда. Вазирликнинг таъкидлашича, Европа давлатлари «ҳуқуқий ҳам, ахлоқий ҳам ҳуқуққа эга эмас», чунки улар ўзлари 2015 йилги ядровий келишув бўйича мажбуриятларини бузган.

АҚШ ва Венесуэла кескинлиги кучаймоқда

Сўнгги кунларда АҚШ ва Венесуэла ўртасида кескинлик кучайди. Бунга Жанубий Кариб денгизи ва унга яқин ҳудудларда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг йирик тўпланиши сабаб бўлмоқда. АҚШ расмийлари буни Лотин Америкаси гиёҳванд моддалар картеллари таҳдидига қарши йўналтирилганини айтмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп ўз маъмурияти учун гиёҳванд моддалар картелларига қарши курашни устувор мақсад қилган, бу унинг миграцияни чеклаш ва АҚШнинг жанубий чегарасини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатининг бир қисми ҳисобланади.

АҚШнинг Соҳил қўриқлаш хизмати ва ҳарбий-денгиз кучлари одатда Жанубий Кариб денгизида фаолият юритади. Reutersʼнинг ёзишича, бу сафарги тўпланиш одатдагидан анча йирик. Пайшанба куни исми ошкор этилмаган АҚШ расмийси — еттита жанговар кема ва бир ядро қуввати билан ишлайдиган тезкор ҳужумчи сувости кема ҳозирда минтақада жойлашгани ёки бир ҳафта ичида етиб келишини айтган.

Мазкур йирик ҳарбий кемалар таркибида 4 500 ҳарбий хизматчи, жумладан, 2 200 денгиз пиёда мавжуд. Шунингдек, АҚШ ҳарбийлари минтақада разведка маълумотларини йиғиш учун P-8 турдаги жосус самолётларини учирмоқда, бироқ улар халқаро ҳудудларда фаолият юритмоқда.

Венесуэла президенти Николас Мадуро бу ҳаракатларни қоралади. Венесуэла пайшанба куни БМТ бош котиби Антониу Гутерришга шикоят қилиб, АҚШни БМТ низомини бузганликда айблади.

«Бу — мутахассислар 'кинетик ҳаракатʼ деб атайдиган нарсани оқлаш учун мўлжалланган улкан пропаганда операцияси. Бу эса суверен ва мустақил бўлган, ҳеч кимга таҳдид солмайдиган мамлакатга ҳарбий аралашувни англатади», - деди Венесуэланинг БМТдаги элчиси.

Пайшанба куни Оқ уй Трампнинг «мамлакатга гиёҳванд моддалар оқиб келишини тўхтатиш учун АҚШ қудратининг барча унсурларидан фойдаланишга тайёр» эканини билдирди.

Шунингдек, Мадуро ҳукумати ҳам наркотрафик гуруҳларига қарши курашиш учун Колумбия билан чегарадош ҳудудларга 15 минг аскар юборишини эълон қилган. У ҳар жума ва шанба кунлари фуқаровий мудофаа гуруҳларини машқ қилишга чақирди. 

Мавзуга оид