Ўзбекистон | 13:11 / 03.01.2026
1259
2 дақиқада ўқилади

Ҳар йили томчилаб суғориш қамрови 500 минг гектарга оширилади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида республикада сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини кучайтириш, сув ишлатиш самарадорлигини ошириш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишга қаратилган қатор аниқ кўрсаткичлар белгиланган.

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида сув ресурсларидан унумли фойдаланиш масаласи алоҳида йўналиш сифатида киритилган. Лойиҳада сув ишлатиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялар улушини кенгайтириш, ирригация тизимини модернизация қилиш ҳамда аҳоли учун ичимлик суви ҳисобини тўлиқ йўлга қўйиш режалаштирилган.

Лойиҳада келтирилган мақсадли кўрсаткичлар қуйидагича:

  • сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш;
  • қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув тежовчи технологиялари билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш;
  • ҳар йили томчилаб суғориш технологияси қамровини 500 минг гектарга ошириш;
  • ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти кўрсаткичини 0,73 гача етказиш;
  • сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг йиллик қувватини 300 минг гектарга етказиш;
  • барча ичимлик сув истеъмолчиларига ҳисоблагичлар ўрнатишни 100 фоиз таъминлаш.

Лойиҳага кўра, ушбу чоралар сув сарфини қисқартириш, сув таъминотида шаффоф ҳисоб-китобни кучайтириш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни барқарор сақлаш ҳамда ирригация инфратузилмасининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид