Жаҳон | 15:03 / 30.08.2025
6242
1 дақиқада ўқилади

Украина ГУР: Қримда С-400 «Триумф» таркибидаги комплекс йўқ қилинди

Россия томони радар мажмуасига зарба ҳақидаги маълумотга изоҳ бермади. Украина Қуролли кучлари Бош штаби Брянск вилоятидаги нефт иншоотига ҳам зарба берилгани ҳақида хабар қилди.

Фото: AP

Украина мудофаа кучлари бўлинмалари Брянск вилоятидаги Найтоповичи аҳоли пункти яқинидаги ишлаб чиқариш станциясига зарба берди. Бу ҳақда 29 август, жума куни Украина Қуролли кучлари бош штаби маълум қилди.

Станция дизел ёнилғисини магистрал нефт қувурлари орқали, шу жумладан Россия армияси эҳтиёжлари учун ҳам ҳайдайди, дея аниқлик киритди Украина Бош штаби. Объектнинг қуввати, Украина томонига кўра, йилига 10,5 миллион тоннани ташкил қилади. «Объектда ёнғин қайд этилди, етказилган зарар натижалари аниқланмоқда», — дейилади Украина Қуролли кучлари Бош штаби Telegramʼдаги хабарида.

Ўз навбатида, Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (ГУР) 28 августга ўтар кечаси Россия томонидан қўшиб олинган Қрим ҳудудида жойлашган С-400 «Триумф» ҳаво мудофаа тизимидан 91Н6Е радар мажмуасига етказилган зарар тўғрисида маълум қилди. Россия томони бу маълумотга изоҳ бермади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид