Жаҳон | 12:24 / 31.08.2025
10688
9 дақиқада ўқилади

Аэропортда ёнган эркак, «бизнес»и ўлган фолбинлар ва Жапаровдан Tracker совғаси – Марказий Осиё ҳафта ичида

Олмаота аэропортида эркак ўзини ёқиб юборди. Тожикистонда фолбин ва сеҳргарларга борганлар энди жаримага тортилади. Иссиқкўл атрофини чиқиндидан тозалаган Россия фуқаросига Қирғизистон президенти машина совға қилди. Туркманистонда гўшт нархи ошиб бормоқда. Афғонистон паспорт берилмайдиган одамлар рўйхатини кенгайтирди, бундай инсонлар энди хорижга чиқолмайди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Олмаота халқаро аэропортида эркак ўзини ёқиб юборди

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, воқеа аэропортнинг терминалида содир бўлган ва эркак оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган.

Полиция ходимлари аэропорт хавфсизлик хизмати вакиллари билан биргаликда зудлик билан хавфсизлик чораларини кўришган, ёнғинни ўчиришган ва тез ёрдамни чақиришган.

Олмаота шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарига кўра, бемор тез ёрдам машинасида 4-сонли шаҳар клиник шифохонасига етказилган ва реанимация бўлимига ётқизилган.

"Унинг аҳволи ўта оғир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги клиник протоколига асосан тўлиқ даволанмоқда", - дейилганди биринчи хабарларда.

Транспорт полицияси департаментининг маълум қилишича , эркакнинг ўзини ёқиб юборишига шахсий муаммолари сабаб бўлган. Ҳодисанинг барча ҳолатлари дастлабки тергов жараёнида аниқланади, дея қўшимча қилди бўлим.

Tengri news’нинг хабарига кўра, 26 август куни эрталаб Олмаота аэропортида вазият тинч эди. Фақат зўрға сезиладиган куйиш ҳиди ва ўт ўчиргичдан қолган оқ излар бир кун олдинги воқеани эслатарди.

Ёнғин аэропорт ичидаги сайёҳлик фирмаси хонасида рўй берган, эртаси куни у ерда ҳеч ким йўқ ва хона ёпиқ эди. Аэропортдаги капсула меҳмонхона ходимининг гапларига кўра, у эркак билетидан айрилгани боис ўзини ёқиб юборган. Аэропортда айнан шундай гап-сўзлар тарқалган.

Лекин полиция ва тергов органлари иш юзасидан бу миш-мишларнинг бирортасини ҳали расман тасдиқлаганича йўқ.

Бошқа аэропорт ходимларига кўра, ўша соатларда атрофни бензин ҳиди қоплаган. Эркак ўзини бензинга бўктириб ёққан, дейди улар. 

Полиция ходимларининг берган норасмий муносабатига кўра, у одам аэропортга устига бензин сепган ҳолда кириб келган. Чунки у ўзининг шериги билан поездни ўтказиб юборган ва ўша поезд билетини самолётга алмаштириб беришни талаб қилган.

"Ҳамма дарров ўт ўчириш мосламалари билан тайёр бўлди. Уларнинг айтишича, ўт қўйишнинг олдини олиш қийин бўлган, чунки эркакда ичоқ ёки бомба бор-йўқлиги номаълум эди. Шунинг учун кутишди”, - дейди воқеага гувоҳ бўлганлар.

Беморнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Фолбинга борганлар жазоланади

Тожикистонда фолбин ва сеҳргарларга борганлар энди жарима тўлайди, жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда Душанбе ички ишлар бошқармаси хабар берди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга янги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Эндиликда фолбин ёки сеҳргар хизматидан фойдаланган фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилади. Жумладан, шундай хизматдан фойдаланган фуқароларга ҳисоблаш кўрсаткичининг 50 баравари, яъни 3 750 сомонийдан 60 баравар, яъни 4 500 сомонийгача жарима белгиланган. Бу ўзбек сўмида тахминан 4 миллион 900 мингдан 5 миллион 900 минг сўмгача дегани.

Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармаси фуқароларни қонунга хилоф ҳаракатлардан қатъий тийилишга чақирди ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олишда милиция органларига ёрдам беришни сўради.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Тожикистонда маъмурий жазо қўлланганидан сўнг бир йил ичида фолбинлик ёки сеҳргарлик билан қайта шуғулланилса, жиноят иши қўзғатилади. Аммо тегишли модда бўйича қандай жазо чораси қўлланиши аниқ кўрсатилмаган. Тожикистонда фолбин ва сеҳргарларга қарши мунтазам рейдлар амалга оширилади. Мамлакат расмийлари бу йил фолбин ва жодугарларга қарши курашишни эълон қилишган. Апрель ойида Ички ишлар вазирлиги табиблар ва сеҳргарлар 6 ойгача мажбурий меҳнатга мажбурланишини маълум қилганди.

Жапаров чиқиндиларни йиғган сайёҳга машина совға қилди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Иссиқкўлдаги чиқиндиларни тозалаш ишлари билан танилган экофаол Андрей Панаевга автомобиль совға қилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Президент экофаол билан учрашувда у ҳақида интернет орқали хабар топганини айтган.

Қирғоқни тозалаётганингизни кўрганимда, маҳаллий йигит бўлса керак, деб ўйлагандим. Кейин сизнинг сайёҳ эканлигингизни айтишди. Сизнинг ишингиз кўпчиликка ибрат бўлмоқда. Экология ва табиатнинг чегараси йўқ. Бутун дунё бир ҳаводан нафас олади.

Шунинг учун ер юзидаги ҳар бир инсон сиз каби иш тутиши керак. Биз экология ва табиатни асраб-авайлаб, келгуси авлодларга тоза ҳолда етказишимиз шарт. Бу ҳар биримизнинг бурчимиз. Баракалла!”, деган Қирғизистон президенти.

Россия фуқароси Панаевнинг сўзларига кўра, у сайёҳ сифатида Қирғизистонга келган ва 2024 йилда Иссиқкўлда дам олаётганда қирғоқдаги чиқиндиларни тозалашга киришган. Бу орқали у одамларни тозаликка ундамоқчи бўлган. Шунингдек, Қирғизистонда умрбод қолишга қарор қилганини таъкидлаб, мамлакатни ўз уйи деб атаган.

Қирғизистон халқи номидан, кўнгиллилар ва экофаоллар номидан сизга автомобиль совға қиламан”, деган Жапаров ва “Чевролет” автомобили калитларини топширган.

Тўғрисини айтсам, буни кутмагандим. Йўлда келаётиб, шунчаки бирор фахрий ёрлиқ беришар, деб ўйлагандик”, дея изоҳ берган Панаев.

 Афғонистонда паспорт олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар рўйхати кенгайтирилди

Паспорт бошқармаси янги қоидаларни жорий этмоқда. Унга кўра, судланганлар, васийси йўқ болалар, тўланмаган қарз ёки бошқа мажбуриятларга эга шахсларнинг чет элга чиқиши ва паспорт олиши тақиқланади.

Биометрик тизимлар ва маълумотлар базаларида чет элга чиқиши тақиқланган деб белгиланган шахсларга паспорт бериш автоматик равишда рад этилади.

Илгари барча фуқаролар паспорт олиш ҳуқуқига эга бўлган, чекловлар эса фақат айрим жиноий ишлардагина қўлланган. Афғонистонда миллий шахсни тасдиқловчи ҳужжат «тазкира» ҳисобланади ва аҳолининг аксарияти ундан фойдаланади. Паспорт эса одатда чет элга чиқиш учун талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон 2025 йилги дунёнинг кучли паспортлари рейтингида энг охирги ўринни (98-ўринни) эгаллаганди. Мамлакат фуқаролари бор-йўғи 25 та мамлакатга визасиз бориш ҳуқуқига эга. Марказий Осиёда энг кучли паспорт Қозоғистонники, чунки бу давлат фуқаролари 79 давлатга визасиз бора олади, кейинги ўринларида эса Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон. Дунё рейтингида эса бу давлатлар 73,74,80,85-ўринда турибди. Қозоғистон 63-ўринда.

 Туркманистонда гўшт нархлари ошиб бормоқда

Айниқса, Туркманбоши шаҳрида бу яққол сезила бошланган. Балкан вилоятидагиларнинг айтишича, нарх-навонинг ошишига қўшни давлатлар – Қозоғистон, Ўзбекистон ва Эронга гўшт экспорти сабаб бўляпти. Тurkmen newsʼнинг ёзишича, товуқ гўштлари ҳам тез сотилиб кетяпти. Каспий бўйидаги Туркманбошида масалан мол ва қўй гўшти йил бошидан бери бир неча маротаба қимматлаган. Масалан, қиш мавсумида қўй гўштининг 1 килоси 2-2,5 доллар эди ва ҳозир бу нарх 95 манатга, яъни 4,5 долларга кўтарилган.

Январь-февраль ойларида мол гўшти килограмми 50 манатдан сотилаётган бўлса, ҳозир умуман очиқ сотувда йўқ, лекин йўлини қилиб 120 манатдан олиш мумкин, деб ёзади ушбу нашр.

Турли манбаларнинг матбуотга айтишича, гўшт нархининг бунчалик сезиларли даражада ошишига маҳсулотнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Эронга экспорт қилиниши сабаб бўлмоқда. Илгари, унга кўра, йўловчилар хорижга чиқаётганда ўзлари билан гўшт олиб кетиш ҳуқуқига эга бўлмаган бўлса, олти ойдан ортиқ вақтдан бери бир киши бошига 25 килограммдан экспорт қилишга рухсат берилган.

Ўзбекистонда янги қўзи гўштининг бир килограмми 7 доллардан бошланса, Қозоғистон ва Эронда 10 доллар ва ундан ҳам кўпроққа етади. Шундай қилиб, гўштни чет элга ташишнинг фойдаси сезиларли. Айни пайтда Туркманистоннинг оддий фуқаролари асосан байрамларда ўз дастурхонига гўштли таомларни қўяди, деб ёзди Тurkmen news.

Сўнгги пайтларда Туркманбошининг давлат дўконларида товуқ оёқлари ҳам йўқолиб қолган. Аҳолига кўра, мол ва қўй гўшти қимматлагани боис одамлар товуқ сотиб олишни кўпайтирган.

Туркманистонда ўтган Қурбон ҳайитидан бери гўшт нархи кўтарилгани сезилган. Баъзи нашрлар буни Аҳал вилоятида чорва молларининг нобуд бўлиши билан боғлаган.

Туркманистоннинг бошқа вилоятларида ҳам гўшт маҳсулотлари нархи ошиши кузатилмоқда. Бироқ улар орасида Каспий минтақаси ўзининг юқори нархлари билан ажралиб турибди.

Мавзуга оид