Жаҳон | 15:35 / 02.09.2025
5348
10 дақиқада ўқилади

Хитойда янграган баёнотлар, Ғазода давом этаётган геноцид ва Афғонистондаги даҳшатли зилзила – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроилнинг Ғазодаги геноциди

500 аъзодан иборат Халқаро Геноцид тадқиқотчилари уюшмаси аъзоларининг 86 фоизи овоз бериб, Исроилнинг «Ғазодаги сиёсат ва ҳаракатлари» 1948 йилдаги БМТнинг геноцид тўғрисидаги конвенциясида белгиланган ҳуқуқий таърифга мос келишини эътироф этувчи резолюцияни қўллаб-қувватлади.

Уч саҳифалик резолюция Исроилни «фаластинликларга қарши геноцид, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлардан иборат барча ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга» чақиради.

«Бу геноцид тадқиқотлари соҳасидаги мутахассислардан аниқ баёнотдир: Ғазода содир бўлаётган воқеа — геноцид. Уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар ёки геноцид содир этишга ҳеч қандай асос бўлиши мумкин эмас, ҳатто ўзини ҳимоя қилиш ҳам», деди уюшма президенти, халқаро ҳуқуқ профессори Мелани О'Браян

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса баёнотни шармандали ва «бутунлай Ҳамаснинг ёлғонларига асосланган» деб атади.

Айни шу кунларда ҳам Исроил танклари Ғазо шаҳрига янада чуқурроқ кириб бормоқда. Хусусан, душанба куни Исроил танклари портловчи моддалар билан тўлдирилган машиналарни портлатди, ҳаво ҳужумлари эса камида 19 кишини ўлдирди.

Аҳоли вакилларининг Reutersʼга айтишича, Исроил кучлари аҳоли зич яшайдиган шайх Радвон маҳалласининг шарқий қисмларига эски зирҳли машиналарни юборган ва кейин уларни масофадан портлатиб юборган. Натижада бир нечта уй вайронага айланиб, кўпроқ оилалар қочишга мажбур бўлган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 24 соат ичида бутун анклав бўйлаб исроилликларнинг ҳужумларидан камида 98 фаластинлик ҳалок бўлганини билдирди. Яна 9 киши, жумладан уч бола сўнгги бир кун ичида озиқ-овқат етишмаслиги ва очликдан вафот этгани айтилди.

Исроил мудофаа вазирлигига кўра, берилган зарбалар оқибатида ҲАМАС ҳарбий қаноти — Ал-Қассам бригадалари сўзчиси Абу Убайда ҳам ҳалок бўлган. Фалокатли ҳужум 30 август куни Ғазо шаҳрининг Римал маҳалласида бўлган. Ҳамас ушбу воқеа юзасидан ҳали ҳеч қандай расмий изоҳ бермади.

Абу Убайда номи билан машҳур бўлган 40 ёшли Ҳузайфа Абдуллоҳ ал-Каҳлоут кўп йиллар давомида Ҳамас роликларида ҳарбий кийимда ва юзини яширган ҳолда пайдо бўлган. Убайда ўзининг сўнгги баёнотини 29 август куни Исроил армияси Ғазога янги ҳужум уюштирганида бериб, шаҳар ҳудудини «хавфли жанговар ҳудуд» деб эълон қилганди.

Афғонистонда кучли зилзила: 812 киши ҳалок бўлди

1 сентябрга ўтар кечаси Афғонистон шарқида рўй берган зилзила 812 кишининг ҳаётдан кўз юмишига олиб келди. Яна 2800 нафардан ортиқ инсон жароҳатланган. Бу ҳақда «Толибон» ҳукумати расмийси Забиҳулло Мужоҳид маълум қилди. Вайроналар остидан омон қолганлар қидирилмоқда.

«Маҳаллий расмийлар ва аҳоли жабрланганларни қутқариш учун ҳамма чораларни кўряпти. Пойтахтдан ва атроф вилоятлардан ёрдам гуруҳлари аллақачон йўлда. Инсонларни қутқариб олиш учун барча ресурслар йўналтирилади», – дея ёзди Мужоҳид.

«Толибон» Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 магнитудали зилзила келтирган вайроналарни бартараф этиш учун халқаро ёрдам чақирди. «Бизга ёрдам керак, чунки бу ерда жуда кўп одамлар ҳаётини ва уйини йўқотди,» деди у.

Қутқарувчилар Покистон чегараси бўйлаб мобил алоқадан узилиб қолган, тоғ ёнбағрида лой ғиштдан қурилган уйлари жойлашган олис ҳудудларга етиб боришга уринмоқда.

«Зилзила содир бўлган ҳудудда охирги 24–48 соатда кучли ёмғир ёғди, шу сабаб кўчки ва тошларнинг қулаш хавфи ҳам анча юқори, кўплаб йўллардан ўтиб бўлмайди», деди БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш идораси ходими. Расмийларнинг айтишича, қутқарув жамоалари яккаланган ҳудудларга етиб боргач, қурбонлар сони ортиши мумкин.

Хитой ва Ҳиндистон ўз ёрдамларини юборишга тайёрлигини билдирди. БМТ бош котиби Антониу Гутерреш БМТнинг Афғонистондаги миссияси зилзиладан талафот кўрган ҳудудлардаги одамларга ёрдам тайёрлаётганини айтди.

Еврокомиссия раҳбари самолётининг GPS сигнали ўчириб қўйилди

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг самолёти Болгарияга қўнаётганда GPS сўндирувчи тизимлар таъсирига тушиб қолди. CNN хабарига кўра, ҳодиса 31 август куни содир бўлган. Вазиятдан хабардор манбанинг сўзларига кўра, навигация тизимлари ишдан чиққан ва учувчилар қоғоз хариталардан фойдаланишга мажбур бўлган.

«Аэропорт атрофидаги бутун ҳудуд GPS сигналисиз қолди. Бир соатлик айланишдан сўнг учувчи самолётни қўлда қўндиришга қарор қилди. Бу сўзсиз аралашув эди», деди суҳбатдошлардан бири.

Financial Times 'нинг ёзишича, ҳодиса Россиянинг аралашув операцияси сифатида баҳоланмоқда. Болгария ҳаво ҳаракатини бошқариш хизмати ҳодиса фактини тасдиқлади.

2022 йил феврал ойидан бошлаб минтақада GPS сигналларини ўчириш ва симуляция қилиш ҳолатлари сезиларли даражада ошган.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков FT'га берган изоҳида айбловларни рад этди.

Трамп ўлими ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди

АҚШ президенти Доналд Трамп соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлганидан сўнг Truth Social ижтимоий тармоғида ўзини ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ ҳис қилаётганини ёзди. «Ҳаётимда ҳеч қачон ўзимни бунчалик яхши ҳис қилмаганман», деди у.

Бунгача Axios нашри Оқ уйнинг юқори мартабали мулозими баёнотига таяниб Доналд Трамп мутлақо соғлом эканини маълум қилганди.

29 август куни АҚШ вице-президенти Жеймс Вэнс агар Доналд Трампга нимадир бўлса, давлат раҳбари бўлишга тайёрлигини айтди. Бу баёнот Ғарб ижтимоий платформаларида фаол муҳокама қилинди. Сўнгги вақтларда Трампнинг қўлида кўринган қора доғлар вазиятни кескинлаштириб юборди. Шундан сўнг, Трампнинг ўлими ҳақидаги жуда катта фейк ахборотлар оқими тарқалди. Оқ уй бу хабарларни рад этиб чиқишга мажбур бўлди.

Хитойда йирик дипломатик кун

31 август–1 сентябр кунлари Тианжин шаҳрида Хитой раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25-саммити бўлиб ўтди. Унда Осиёнинг асосий кучлари Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Россия етакчиси қатнашди. Туркия президенти меҳмон сифатида келди.

Хитой етакчиси Си Жинпинг «совуқ уруш тафаккурига қарши» чиқди, кўп қутблиликни урғулади. ШҲТ доирасида AI бўйича ҳамкорлик ва грант/қарз пакетларини эълон қилди. Путин Ғарб бошчилигидаги тартибга муқобил «Евросиё хавфсизлик архитектураси»ни тарғиб қилди, ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталар улушини оширишни қўллаб-қувватлади.

Моди учун бу — 2018 йилдан кейинги илк Хитой сафари бўлди. ОАВга кўра, саммит якунида «Тианжин декларацияси» ва рекорд миқдорда пакет ҳужжатлар имзоланди. Улар қаторига сунъий интеллект хавфларига қарши бирга ишлаш, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ҳар бир давлатнинг интернетини тартибга солишда суверен бошқариш ҳуқуқи қўллаб-қувватланди.

Глобал мавзуларда баёнотлар берилди: Ғазода ўт очишни тўхтатиш, гуманитар ёрдам ва «адолатли сиёсий ечим»га чақириқлар акс этди. «Евроучлик» томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Эронга қарши санкцияларини тиклаш ташаббуси рад этилиб, унинг ноқонуний экани қайд этилди.

Global Sumid Flotilliyasi Ғазога йўл олмоқда

50 дан ортиқ кема Исроилнинг ноқонуний қамали қаршисига чиқиш ва шошилинч инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун Ғазога йўл оляпти. Дунё бўйлаб флотилия — Ғазодаги очликдан азият чекаётган одамларга ёрдам етказишга қаратилган халқаро денгиз ташаббуси — якшанба куни сузиб чиққанидан сўнг ёмон об-ҳаво туфайли орқага қайтишга мажбур бўлган.

Ташкилотчилар баёнотида айтилишича, хавфли об-ҳаво шароитлари, жумладан, 55,5 км/соат ошадиган кучли шамол туфайли бортдагилар хавфсизлигини биринчи ўринга қўйиб, портга қайтишга қарор қилинган.

Биринчи карвон, ўнлаб кичик фуқаролик кемаларидан иборат бўлиб, уларнинг бортида фаоллар, инсонпарварлик ходимлари, шифокорлар, денгизчилар ва ёрдам юклари бор эди. Улар 31 август куни Испания портларидан сузиб чиқиб, 4 сентябр куни Тунисда иккинчи тўлқин билан учрашиши режалаштирилган.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, Global Sumid Flotilliyasi Ғазога қаратилган энг йирик денгиз миссиясидир, 50 дан ортиқ кема, камида 44 мамлакатдан делегацияларни бирлаштиради.

2007 йилдан бери Исроил Ғазонинг ҳаво ҳудуди ва сув ҳудудларини қаттиқ назорат қилиб келмоқда, товарлар ва одамларнинг ҳаракатланишини чеклаб қўйган. Урушдан аввал ҳам Ғазода ишлайдиган аэропорт йўқ эди, чунки Исроил 2001 йилда Ғазо халқаро аэропортини бомбардимон қилиб, уни вайрон этган.

Инсонпарварлик ва фуқаролик флотилиялари одатда халқаро ташкилотлар ҳимояси остида фаолият юритади ва денгиз қонунлари билан бошқарилади. Лекин, Исроил халқаро ҳуқуқий ҳимояга қарамай олдинги ёрдам кемаларини ҳам ушлаб, ортга қайтариб юборган. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид