Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Белгия Фаластинни тан олади

Белгия шу ойда бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеясида Фаластин давлатини тан олади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Максим Превот маълум қилди.

«Бу Исроил халқини жазолаш ҳақида эмас, балки унинг ҳукумати халқаро ва ҳуманитар ҳуқуққа риоя қилиши ҳамда вазият жойида ижобий томонга ўзгариши учун ҳаракат қилиш ҳақида», дейди вазир.

Шунингдек, Белгия миллий даражада 12 та қатъий санкция жорий қилади. «Улар жумласига қуйидагилар киради: мустамлакалардан келадиган маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлаш, исроиллик компаниялар билан давлат харид сиёсатини қайта кўриб чиқиш, халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний мустамлакаларда яшаётган белгияликларга консуллик ёрдамларини чеклаш, суд таъқиблари эҳтимоли, учиш ва транзитга тақиқ, мамлакатда икки экстремистик исроиллик вазирни, бир неча зўравон кўчманчиларни ва Ҳамас раҳбарларини «персона нон грата» рўйхатига киритиш…»

Бундан ташқари, Белгия Европа даражасида Исроил билан ҳамкорликни тўхтатишга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлайди. «Бунинг учун малакали кўпчилик овози керак бўлади. Бунга Европа Иттифоқи билан ассоциация битимини тўхтатиш, илмий-тадқиқот дастурларини, техник ҳамкорликни тўхтатиш ва ҳоказолар киради».

ОАВнинг ёзишича, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари шанба куни Копенгагенда бўлиб ўтган йиғилишда Ғазо уруши бўйича иккига бўлинган: баъзилари Иттифоқни Исроилга жиддий иқтисодий босим ўтказишга чақирди, бошқалари эса бундай чораларни қатъий рад этди.

Превотнинг айтишича, Белгия Исроил ҳукумати ва Ҳамасга босимни кучайтириш қарорини қабул қилди. Ғазодаги уруши учун тобора кўпроқ халқаро танқид остида қолаётган Исроил эса европалик иттифоқчиларининг Фаластин давлатини расман тан олиш ваъдаларидан ғазабда.

Украина дронлари

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси дронлар ёрдамида Россия босиб олган Қримдаги Гвардейское аэродромида Россиянинг иккита МИ-8 вертолёти йўқ қилинганини хабар берди.

Украина разведкаси маълумотларига кўра, фойдаланишдан чиқарилган вертолётларнинг тахминий нархи 20 миллиондан 30 миллион долларгача. Бундан ташқари, Севастопол кўрфазида буксир катери — эҳтимол BUK-2190 йўқ қилинган.