Жаҳон | 19:34 / 03.09.2025
4265
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларни Max ўрнатишга мажбурлаш таклиф қилинди

Депутатларнинг таъкидлашича, «мигрантлар ҳар доим ҳам хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ва маълумотларни етарли даражада ҳимоя қилмайдиган» хорижий мессенжерлар ва иловалардан фаол фойдаланмоқда.

Фото: ТАСС

Россия Давлат Думасининг «Новые люди» фракцияси депутатлари Владислав Даванков, Георгий Арапов ва Амир Хамитов ички ишлар вазири Владимир Колоколцевга мигрантларни Max мессенжерини ўрнатиш ва ундан фойдаланишга мажбурлаш таклифи билан мактуб йўллади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Депутатларнинг таъкидлашича, «мигрантлар ҳар доим ҳам хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ва маълумотларни етарли даражада ҳимоя қилмайдиган» хорижий мессенжерлар ва иловалардан фаол фойдаланмоқда. Парламент аъзоларининг фикрича, бу «мигрантларни фирибгарлик схемалари ва жиноий ҳаракатларга жалб қилиш учун қўшимча хавфларни келтириб чиқаради, шунингдек, давлатнинг миграция муҳитида ахборот ўзаро таъсирини кузатиш имкониятларини пасайтиради».

«Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб турган чет эл фуқароларининг мамлакатда бўлиш даврида Max мессенжерини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш мажбуриятини қонун билан мустаҳкамлаш зарур, деб ҳисоблаймиз», дейилади мактубда.

Депутатларга кўра, бундай ёндашув ушбу мессенжерни давлат хизматлари билан интеграция қилиш, миграция ҳолатини назорат қилиш самарадорлигини ошириш, мигрантларнинг давлат органлари ва иш берувчилар билан ўзаро алоқалари учун ягона хавфсиз рақамли канал яратиш, шунингдек, хорижий мессенжерлардан ноқонуний мақсадларда фойдаланиш эҳтимолини камайтириш имконини беради.

Аввалроқ, Россияда Telegram ва WhatsApp орқали қўнғироқ қилиш қисман чекланган эди. Расмийлар буни «ёвуз ниятли шахслар ушбу мессенжерлардан товламачилик ҳаракатларини амалга ошириш, қўпорувчилик ва террорчилик фаолиятига жалб этиш учун фойдаланаётгани» билан изоҳлади. Мутахассисларга кўра, бундай чекловлар Россиянинг миллий Max мессенжеридан фойдаланишга мажбурлаш чоралари билан боғлиқ.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид