Технология | 12:23
916
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Telegram Passkey функциясини ишга туширди, энди парол ва SMS киритиш шарт эмас

Telegram Android ва iOS иловаларида янги кириш тизими Passkey пайдо бўлди. Бу функция аккаунтга киришни анча осонлаштиради, чунки энди парол териш ёки SMS код кутиш талаб қилинмайди. Passkey телефоннинг ўзида ва парол менежерларида сақланадиган махфий кириш калити сифатида ишлайди.

Фото: AP

Passkey Google, Apple, Samsung ва 1Password каби парол менежерлари билан мос келади. Калитни ҳеч ким кўрмайди, у Telegram серверларига ҳам юборилмайди. Кириш вақтида илова фойдаланувчини телефоннинг ҳимоя тизими орқали таниб олади. Масалан, юзни сканерлаш, бармоқ изи ёки қурилма пароли ёрдамида.

Бу ёндашув киришни тезлаштиради, паролни эслаш шарт эмас, SMS кечикиши билан боғлиқ ноқулайликлар йўқолади, хавфсизлик эса кучаяди. Калит телефоннинг ўзида сақланади, яъни уни ҳеч ким қўлга кирита олмайди.

Passkey функциясини ёқиш учун Telegram иловасида Созламалар → Махфийлик → Passkey бўлимига кирилади. Мавжуд калитлар ҳам шу ерда бошқарилади. Янгилик эса Google Play ва App Store’даги мессенжернинг янги версияларда аллақачон пайдо бўлган.

Технологиялар тез ўзгараётган бугунги кунда энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш муҳим. Рақамли дунёда адашиб қолмаслик ва шундай янгиликларни биринчилардан билиш учун KUN.UZ Texnologiya Telegram саҳифасини кузатиб боринг.

Тайёрлаган:  Аббос Юсуфжонов

Мавзуга оид