Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил АҚШ ёрдамисиз қанча яшайди?
Исроилнинг уруш олиб бориши кўп ҳолларда АҚШнинг қўллаб-қувватлашига боғлиқ деб қаралади. Аммо рақамлар ва таҳлиллар шуни кўрсатадики, Исроил иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан мустақил салоҳиятга эга. Бироқ психологик омил ҳал қилувчи: араб давлатлари Исроил ортида АҚШ туришини билганидан унга бевосита ҳужум қилмайди. Шу сабабли АҚШнинг чекиниши вазиятни тубдан ўзгартириши мумкин. Бу ҳақда “Геосиёсат”да таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромов сўз юритади.
Шавкат Икромов: Агар Қўшма Штатлар бир кунда бу урушдан чиқиб кетса, яъни Исроилни ҳарбий, молиявий, сиёсий ва ғоявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни тўхтатса уруш дарҳол тугайди деб ўйлайди. Бироқ масалани рақамлар орқали таҳлил қилсак бу унчалик тўғри эмас.
АҚШнинг Исроилга йиллик ёрдами 3,8 миллиард долларни ташкил этади (2024-2025 йиллар статистикаси). Исроилнинг ялпи ички маҳсулоти 500 миллиарддан, йиллик бюджети эса 100 миллиарддан ортиқ. Демак АҚШ ёрдами Исроил ЯИМнинг 1 фоизидан, бюджетининг эса 1,5 фоизидан ҳам кам. Шундай экан, Исроил фақатгина АҚШ ёрдамига таяниб яшаяпти, деб бўлмайди. Унинг иқтисоди мустақил ва минтақадаги энг қудратли иқтисодиёт ҳисобланади. Ҳарбий нуқтайи назардан ҳам Исроил Яқин Шарқда энг кучли давлатдир. У ўз қурол-яроғининг катта қисмини ўзи ишлаб чиқаради, ҳарбий саноати интеллектуал салоҳиятга таянган. Фақат айрим техник тизимлар, жумладан “Темир гумбаз”, АҚШнинг разведка ва техник кўмагига эҳтиёж сезади. Мутахассислар фикрича, агар АҚШ ёрдамни тўхтатса, Исроил бир йилдан ортиқ мустақил равишда бундай тизимларни тўлиқ ишлата олмайди. Халқаро даражада эса АҚШнинг чиқиши БМТ учун катта бурилиш бўлади. Вето ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти йўқолгач, Исроилга қарши қатъий қарорлар ва санкциялар қабул қилиниши осонлашади. Европа давлатлари ҳам Исроилни яккалатишга интилади, бироқ бу жараён секин кечади, чунки Европада Исроил лоббиси кучли.
Минтақа миқёсида араб давлатлари ва Эрон омили муҳим. Лекин тарих шуни кўрсатадики, араб давлатлари 1948 йилдан буён Исроил масаласида кескин чоралар кўрмаган. Эрон ва Туркия эса зудлик билан жиддий қадам ташлаши эҳтимолдан йироқ. Хулоса шуки, АҚШнинг қўллаб-қувватлашни тўхтатиши Исроилни дарҳол урушни тўхтатишига асос бўлмайди. Бироқ халқаро босим кучайиши, Европа ва БМТнинг чоралар кўриши эҳтимоли ортади. Исроил эса ўз дипломатияси орқали янги иттифоқчилар топишга уринади.
Камолиддин Раббимов: Исроил масаласида энг муҳим омил психологик фактор. Араб давлатлари Исроилга бевосита ҳужум қилмайди, чунки унинг ортида АҚШ туришини яхши билади. Тарихга назар ташласак, Исроил ва араб давлатлари ўртасида бир неча бор урушлар бўлган. Ўша пайтда Совуқ уруш даври эди: АҚШ Исроилни технологик ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлади, араб давлатларини эса Совет Иттифоқи қўллади. 1967 йилги уруш ҳам бунга яққол мисол. Бугун эса минтақа раҳбарлари шундай фикрда: “Агар Исроилга тегсак, АҚШ дарҳол барча қудрати билан аралашади.” Шу боис, агар АҚШ Исроилни ташлаб қўйса, Исроилнинг узоқ вақт бардош бериши қийин бўлади. Чунки минтақадаги бир қатор давлатларнинг иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти Исроилдан юқори. Масалан, Туркия: аҳолиси, ҳудуди, армияси ва ресурслари жиҳатидан Исроилдан анча кучли. Яқинда Эрон ҳам “Темир гумбаз”ни ёриб ўтди. Туркия хоҳласа, Исроилни қисқа фурсатда жиддий заифлаштира олади. Иқтисодий кўрсаткичларга қарасак, Исроил ЯИМ қарийб ярим триллион доллар атрофида. Саудия Арабистонининг ЯИМ эса бир триллионга яқин, Туркияники ҳам шунча. Демак, кўп давлатларнинг иқтисодий имкониятлари Исроилдан икки баравар юқори. Исроилнинг кучи кўпроқ АҚШнинг чексиз технологик, разведка ва ҳарбий ёрдами эвазига шаклланган. Роналд Реаган даврида (1980-йиллар охирида) АҚШ Исроилни НАТОдан ташқари “асосий иттифоқчи” мақомида тан олган эди. Яъни НАТО аъзолигига киритмаган бўлса-да, унга деярли шундай кафолатларни берган. Шу сабабли агар эртага АҚШ ҳокимиятига бошқа раҳбар келиб, “Исроилни ҳимоя қилмаймиз” деса, Исроил оғир босим остида қолади. Ҳатто уруш бошланмасдан ҳам мамлакат ўзини хавфсиз ҳис қилмай қолиши мумкин. Яна бир масала: “Агар АҚШдан юз ўгирса, Исроил бошқа ҳамкор топадими?” деган савол. Бу деярли мумкин эмас. На Хитой, на Россия, на Европа Иттифоқи АҚШнинг ўрнини босиб, Исроилга ҳомий бўла олмайди.
Суҳбатни батафсил YouTube’да томоша қилинг.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:55 / 16.12.2025
Украинада сулҳ ва сайлов эҳтимоли ортмоқда — сиёсатшунослар
14:44 / 16.12.2025
🔴 LIVE: “НАТОга ўхшаш хавфсизлик кафолати оляпмиз” – Зеленский | "Геосиёсат"
09:46 / 16.12.2025
Берлиндаги музокаралар: АҚШ Донбассни топширишни талаб қилмоқда
20:40 / 15.12.2025