Жаҳон | 13:57 / 05.09.2025
4779
9 дақиқада ўқилади

Россия пулларидан Украинага берилган ёрдам, АҚШда очиқланган «Эпштейн» ҳужжатлари ва Исроилга ортаётган босим – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эпштейн иши бўйича ҳужжатлар тўплами эълон қилинди

АҚШ Вакиллар палатаси қўмитаси молиячи Жеффри Эпштейннинг шов-шувли иши билан боғлиқ минглаб саҳифали ҳужжатларни эълон қилди. Адлия вазирлиги томонидан топширилган 33 минг саҳифадан ортиқ файллар Назорат ва ҳукумат ислоҳоти қўмитасининг веб-сайтига юкланди.

Эпштейн терговига оид минглаб саҳифали ҳужжатлар аввал ҳам эълон қилинган. «Биз бу ҳужжатларни тўлиқ шаффофликни таъминлаш ва Америкадаги ҳамма учун очиқ қилиш мақсадида юклаяпмиз», деди қўмита раиси Жеймс Комер. Унинг сўзларига кўра, қўмита юклаш жараёнини имкон қадар тезроқ якунламоқчи.

Вакиллар палатаси қўмитаси шунингдек, Адлия вазирлигидан қўшимча ҳужжатлар олишни кутаётганини айтди. Ҳозирда улар қурбонларнинг шахсини ҳимоя қилиш ва «болалар жинсий зўравонлиги билан боғлиқ барча материалларни» олиб ташлаш учун кўриб чиқилмоқда, дея қўшимча қилди у.

Жеффри Эпштейн — америкалик молиячи ва жиноятчи. 2019 йилда унга нисбатан вояга етмаганларни фоҳишаликка жалб қилиш бўйича федерал иш очилди, лекин у ҳибсда шубҳали тарзда ўз жонига қасд қилди. У — Кариб денгизидаги шахсий оролида вояга етмаган қизларни жинсий эксплуатация қилиш ва уларни бошқа таъсирчан одамларга «тақдим этиш»да айбланган. Унинг Доналд Трамп, Билл Клинтон ва Британия шаҳзодаси каби ўнлаб машҳурлар билан алоқаси иш атрофидаги шов-шувларни авж олдирмоқда.

Россия ҳисобидан Украинага ёрдам

Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили Киевга ташрифи чоғида музлатилган Россия активларидан фойдаланиб, Украинага 1 миллиард фунт стерлингдан ортиқ қурол ва бошқа ҳарбий ёрдам сотиб олинганини маълум қилди.

Бу Украинага юз минглаб артиллерия ўқ-дорилари, юзлаб зенит-ракеталар, қуроллар учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш, шунингдек, техника ва ҳарбий транспортга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича янги шартномалар тузиш имконини берди, дея хабар берди Буюк Британия ҳукумати.

Сўнгги 50 кун ичида Украина Буюк Британиядан 4,7 миллион ўқ-дори, 60 минг артиллерия ўқлари, ракеталар ва ракета тизимлари, 2,5 мингдан ортиқ дрон, 200 дан ортиқ электрон уруш тизимлари, 100 та бирлик енгил қуроллар, 30 та машина ва ҳаво мудофааси учун қўшимча жиҳозлар олди.

Бундан ташқари расмий Лондон Россиянинг учта ташкилоти ва саккиз нафар шахсга нисбатан санкциялар киритди. Ташқи ишлар вазирлигига кўра, янги санкциялар «Россияда мавжуд бўлган украиналик болаларга мажбурий мафкуравий ишлов бериш»ни қўллаб-қувватловчиларга қарши қаратилган.

Хусусан, Британия санкциялари рўйхатига Чеченистон раҳбарининг онаси Аймани Қодирова ва Ахмат Қодиров жамғармаси киритилган. Янгиланган рўйхатга кремлпараст «Движение первых» ва «Волонтеры победы» ёшлар ташкилотлари, Татаристон Республикаси бош вазири ўринбосари Лейла Фазлеева, федерал ёшлар маркази раҳбари Валерий Майоров, махсус полиция бўлинмаси чечен командири Замид Чалаев ҳамда украиналик болаларни ўғирлаш ва Россия Федерациясига олиб кетишда иштирок этган бир қанча россиялик амалдорлар киритилган.

СССРдаги пионерлар ҳаракатининг аналоги бўлган «Движение первых» ташкилотини шахсан Путиннинг ўзи 2022 йил ёзда тузганди. Путин бу ташкилот 11 миллиондан ортиқ кишини ўз ичига олганини айтиб мақтанган.

Ҳамас сулҳга тайёр, Исроил-чи?

Ҳамас ҳаракати 3 сентябр куни яна бир бор Ғазо бўйича кенг қамровли келишувга тайёр эканини маълум қилди.

Reutersʼга кўра, барча исроиллик гаровдагилар озод қилинади, бунинг эвазига келишилган миқдорда фаластинлик маҳбуслар қўйиб юборилади. Шунингдек, Al-Jazeera нашри Ҳамас Ғазони бошқариш учун мустақил миллий маъмурият тузилишига ҳам рози бўлганини ёзмоқда. Баёнот — Трампнинг 20 нафар гаровдагиларни озод қилишга чақирганидан кўп ўтмай билдирилди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу офиси эса Ҳамас баёнотини танқид қилиб, «бу ҳеч қандай янгилик олиб келмаган навбатдаги чалғитувчи юришдир», деди.

Исроил ҳукумати шунингдек, уруш тугашининг янги шартларини айтди. Уларга кўра, Ғазода барча гаровдагилар озод этилиши, Ҳамас қуролсизлантирилиб, сектор демилитаризация қилиниши керак. Исроил ҳудудда хавфсизлик назоратини ўрнатади ва муқобил фуқаролик бошқаруви ташкил этилганда уруш тугайди.

Ҳамас эса ҳозиргача сулҳ битимларини доимий бузиб келаётган Исроилга ишонмаяпти ва қуролини ташламаслигини билдирган.

Айни шу кунларда маҳаллий нашрлар Ғазо шаҳридаги тунни «яна бир дўзах кечаси» деб тасвирлади. Чунки Исроил ҳарбийлари тун давомида кўчирилган чодирлар ва уйларга зарба берган, тузоқ сифатида қўйилган роботларни портлатган.

Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, пайшанба куни тонгидаги Исроил ҳужумлари оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди. 2023 йил октябрда уруш бошланганидан буён эса камида 63 минг фаластинлик Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлди, 150 мингдан ортиқ инсон жароҳатланди.

4 сентябр куни БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам берувчи агентлиги яна бир бор Исроилни Ғазодаги ёрдам операцияларига қўйилган чекловларни бекор қилишга чақирди. Ташкилот олти ойдан буён Ғазога ёрдам етказиб бера олмаяпти.

Украина учун хавфсизлик кафолатлари

Парижда ўтказилган, асосан Европа давлатларидан иборат 35 нафар етакчи иштирок этган «иродали коалиция» йиғилиши Украинага хавфсизлик кафолатларини ва бундай кафолатларни амалга ошириш учун зарур бўлган Трамп қўлловини олишга қаратилди.

Франция президенти Эммануэл Макроннинг айтишича, 26 та давлат Украинага урушдан кейинги хавфсизлик кафолатларини беришни ваъда қилди. Бу — қуруқликда, денгизда ва ҳавода халқаро кучларни ўз ичига олади. «Уруш тугаши биланоқ хавфсизлик кафолатлари ишга туширилади».

Макрон аввал 26 давлат Украинага қўшин жойлаштиришини айтди, кейинроқ эса айримлари фақат кафолат беради, аммо Украина ҳудудига кирмайди — масалан, қўшинларни ўқитиш ва жиҳозлаш билан шуғулланади, деди.

Германия бу ташаббусни қўллаб-қувватлади, бироқ аниқ шароит ва АҚШнинг роли аниқланмагунча қўшин юбориш масаласини ҳал қилмаслигини билдирди. Италия бош вазири Жоржия Мелони Украина ҳудудига аскар юбормаслигини, бироқ сулҳни назорат қилиш ва Украина қўшинларини мамлакат ташқарисида тайёрлашга тайёр эканини айтди.

Франция ва Британия эса уруш тугагач Украинага қўшин юборишга очиқ эканини кўрсатди.

Трамп эса коалиция етакчилари билан суҳбатда Европани Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишга чақирди, чунки бу Москванинг урушни молиялаштиришига ёрдам бермоқда, деди Оқ уй расмийси. У шунингдек, Европа Хитойга босим ўтказиб, Россияга ёрдам беришини камайтириши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, европалик расмийлар Путин ва Зеленский ўртасида бевосита тинчлик музокаралари олдинга силжимаганидан хавотирда ва Трампни Москвага босимни кучайтиришга ундамоқда.

Путин эса урушни «соғлом ақл устун келса» музокара йўли билан тугатиш мумкинлигини, лекин керак бўлса куч билан ҳам якунлашга тайёрлигини айтди. У НАТО давлатларининг Украинага қўшин жойлаштиришини истисно қилмоқда.

Исроилга босим ортмоқда

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Фаластинни тан олмоқчи бўлган давлатларга таҳдид қилди.

«Биз барча мамлакатларга айтдик, барчасига тушунтирдик: агар сизлар бу тан олиш масаласига киришсангиз, бу ҳақиқий эмас. Шундай қилсангиз, муаммо яратишингизни айтдик», деди Рубио Эквадор президенти Даниэл Нобоа билан учрашувдан сўнг.

«Бунга жавоб бўлади, сулҳга эришишни қийинлаштиради», деди у. Шунингдек, Рубио Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш борасида Исроил муҳокамалари юзасидан фикр билдирмаслигини, бу ҳали якуний эмаслигини қўшимча қилди.

Шу кунларда Ғазодаги геноцидни тугатиш ва Исроилга халқаро босим ҳам ошиб бормоқда.

Венеция кинофестивали Каутер Бен Хания суратга олган «Ҳинд Ражабнинг овози» ҳужжатли филм 23 дақиқалик олқиш олди. Филм 6 ёшли Ҳинд Ражаб Ҳамаданинг фожиали ўлими ҳақида эди. Уни 2024 йил январда Ғазода Исроил аскарлари оиласи билан бирга отиб ташланган машинада ҳалок бўлган. Қизалоқнинг Фаластин Қизил ярим ой жамиятига қилган сўнгги қўнғироқлари бутун дунёда резонанс келтириб чиқарганди.

Шу кунларда 70 га яқин кема ва қайиқдан иборат халқаро флотилия Барселонадан Ғазога йўл олди. Флотилия 2025 йил 8 сентябр куни Ғазога етиб келиши кутилмоқда.

Испаниядаги велопойгада Исроил жамоасининг иштирокидан норози бўлган испан мухлислари пойга йўлига Фаластин байроқлари билан чиқди. Натижада пойга тўхтади, расмий ғолиб эълон қилинмади.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид