Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Талабалар учун ётоқхоналар: топшириқ ижроси қониқарлими?
4 йил олдинги ҳукумат қарорига асосан, 2025 йил якунигача давлат-хусусий шериклик асосида талабалар учун 241 та ётоқхона қурилиши керак эди. Олий таълим вазирлиги бўлими бошлиғи Дониёр Юсуповнинг Kun.uz'га айтишича, охирги 3 йилда 73 та ётоқхона қурилган. У кечикишларни қурилишга рухсат олиш, ДХШ тартиб-қоидалари ва бошқа омиллар билан изоҳлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил сентябрида қабул қилинган 563-сонли қарорига кўра, олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари белгиланган эди.
Хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги олдига 2025 йил якунига қадар ДХШ асосида 241 та талабалар турар жойини барпо этиш вазифаси қўйилганди.
Kun.uz янги ўқув йилининг илк ҳафтасида бу топшириқнинг ижроси билан қизиқиб, вазирликнинг Давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Дониёр Юсупов билан суҳбатлашди.
Режадаги 241 тадан амалда 73 таси қурилган
Вазирликнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 1,5 млн нафар талаба бўлса, шунинг кундузги таълим шаклида ўқийдиганлари 540 мингдан зиёдни ташкил этади. Шундан 270 мингга яқинининг турар жойга эҳтиёжи бор.
2025 йил 1 сентябр ҳолати билан давлат олий таълим муассасаларида 155,8 минг нафардан ортиқ талабага мўлжалланган 385 та талабалар турар жойи бор. Бу – ётоқхонага эҳтиёжи бор 270 минг нафар талабанинг 114,2 минг нафари учун жойлар етишмовчилигини кўрсатади.
Юсуповнинг айтишича, 2022-2025 йил дастурига асосан, бугунги кунгача 74 100 ўринли 170 та ётоқхона барпо этилиб, фойдаланишга топширилган. Яна 34 500 ўринли 58 та ётоқхоналар лойиҳалари амалга ошириляпти. Шундан 21 500 ўринлисида қурилиш ишлари кетмоқда.
Аммо 170 та ётоқхонанинг ҳаммаси ҳам янгидан барпо этилмаган, улар орасида таъмирланган, қайта реконструкция қилинганлари ҳам бор.
“Охирги 3 йил ичида тўлиқ давлат-хусусий шериклик асосида 38 600 ўринли 73 та янги ётоқхона қурилган. Ундан ташқари, олий таълим муассасаларининг ўз бюджетидан ташқари маблағлари, давлат шу мақсадда ажратилган инвестиция дастурлари доирасида ҳам яна янгидан қурилган ётоқхоналар мавжуд. Улар ҳам кўп”, – деди расмий.
Ҳукуматнинг юқорида эслатилган қарорига кўра, 2022 йилда 37 та, 2023 йилда 59 та, 2024 йилда 72 та ва 2025 йил охиригача 73 та ДХШ асосидаги ётоқхоналар қурилиши керак эди. Аммо масъулнинг берган маълумотидан келиб чиқилса, топшириқ атиги 30 фоизга бажарилган.
Кечикиш нима билан боғлиқ?
Дониёр Юсупов кечикишни қурилишни бошлашга рухсат олиш жараёни узоқлиги билан изоҳлади.
“Қуриш жараёнини кўрсангиз, жуда кўп муддат талаб қилади. Сабаби ҳар битта лойиҳа янги қонунчилик бўйича экологик хулоса олиш керак. У ҳудудда битта кичкина дарахт бўлиши мумкин, уни кўчириш чораларини кўриш керак. Бунинг ҳаммаси нимага боради? Вақт талаб қилади. Унинг тагидан коммуникация [тармоқлари] ўтган бўлиши мумкин.
Мисол, қайсидир туманнинг электр токи ўтиб кетган бўлиши мумкин, қайсидирида канализация ўтиб кетган бўлиши мумкин. Биз қураётганда уни билмаймиз. У қурилиш жараёнида юзага келади. Уни ҳаммасини ўтказиш вақт олади. Ҳамма идоранинг вақти бор-да”, – дейди у.
Масъулнинг қўшимча қилишича, давлат-хусусий шерикликда тадбиркор лойиҳасини тендерга жойлаштирганда, қонунчилик бўйича эълон 45 кун туриши талаб этилади. Яъни бу ҳам вақт оладиган жараён.
Юсупов битта ётоқхона қурилишига қанча вақт кетишини тушунтиришга уринди. Унинг таъкидлашича, 400 ўринли ТТЖ учун ўртача 7-8 ой керак, минг ёки ундан кўпроғи эса 1,5-2 йил талаб этади.
“Бундоқ қарасангиз, бу бутун дунёда бор нарса ўзи. Ҳамма 100 фоиз ётоқхона билан қамраб олинмаган. Ҳатто замонавий, ўша биздан иқтисоди юқори бўлган давлатларда ҳам 100 фоиз таъминланмаган.
Муҳтарам президентимиз томонидан бу ётоқхона билан таъминланмаган бола учун ҳам ижара тўлови ҳаққи белгилаб қўйилган. Шунинг учун у таъминланмади дея олмаймиз, у бола кўчада қолмаган. Бугунги кунда [қонуний ижарада турган] ҳар бир талаба Тошкент шаҳрида 412 минг сўм – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида давлатдан компенсация олади”, – деди вазирлик вакили.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда Фарғона вилоятидаги тадбиркор ётоқхонаси талабалар билан етарлича тўлмагани учун вазирликка мурожаат қилган.
“Фарғона вилоятидан бугун хат келди: қурган ётоқхонамизга етадиган талаба йўқ, ётоқхонамни тўлдириб беринг, деган маънода тадбиркордан хат келяпти. Кўнглингизни тўқ қилиб билсангиз бўлади, шу даражадаки, ётоқхоналар жуда кўп, олдингига нисбатан жуда кўп қурилди. Ҳақиқатда тан олиш керак буни”, – дейди Олий таълим вазирлиги бўлим бошлиғи.
Юсуповнинг аниқлик киритишича, талабалар етишмаётган ётоқхона ҳозирча битта, у ҳам бўлса юқорида келтирилган Фарғона вилоятида. Қолган ҳудудларда бундай ҳолат кузатилмаган.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
19:38 / 04.12.2025
Андижон тиббиёт институти талабаларига ижара компенсацияси нега бекор қилинди?
09:36 / 01.12.2025
Қишки ўқишни кўчириш: талабалардан ариза қабул қилиш 20 декабрдан бошланади
16:33 / 29.11.2025
Ўзбекистон ОТМда бизнес-таълимга AMBA аккредитацияси жорий этилади
09:44 / 26.11.2025