Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазодаги геноцид

Исроил Ғазо шаҳрининг 40 фоизи устидан назорат ўрнатган ва Исроил Мудофаа кучлари бутун ҳудудни эгаллашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Исроил армияси вакили Эффи Дефрин маълум қилди.

«Биз Ҳамас инфратузилмасини зарарлашда давом этмоқдамиз. Бугун Ғазо шаҳрининг 40 фоиз ҳудудини назорат қиляпмиз. Биз гаровга олинганлар қайтарилгунича ва Ҳамас ҳокимияти тугагунига қадар урушни давом эттирамиз», деди у.

Ўтган ҳафта Исроил шимолдаги Ғазо шаҳрини жанговар ҳудуд деб эълон қилди. Айрим туманлар «қизил зоналар» сифатида белгиланди ва фаластинликларга уларни тарк этиш тавсия қилинди.

Исроил армияси жума куни Ғазо бўйлаб 50 дан ортиқ фаластинликни, жумладан, камида 7 нафар болани ўлдирди, уларнинг кўпчилиги қамал остидаги Ғазо шаҳрига қилинган ҳужумларда ҳалок бўлган.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Зайтун, Сабра, Туффаҳ ва Шайжаъия туманлари оғир бомбардимонга учради, танклар эса шаҳар марказидан шимоли-ғарбда жойлашган Шайх Радван ҳудудига кириб борди, уйларни вайрон қилди ва лагерларда ёнғинлар келтириб чиқарди.

Ғазо фуқаролик фавқулодда хизматлари вакили Маҳмуд Бассал бомбардимонни «фуқароларни нишонга олувчи ёнғин камари» деб атади ва 4 та бино вайрон бўлганини билдирди. «Исроил огоҳлантиришлар берган тақдирда ҳам одамларни жойлаштириш мумкин бўлган ҳеч қандай жой қолмаган», деди у.

Озарбойжон самолёти атрофидаги баҳслар

4 сентябр куни Россия ташқи ишлар вазирлиги «Озарбойжон ҳаво йўллари» йўловчи самолёти ҳалокати билан боғлиқ суғурта тўловлари амалга оширилмагани бўйича тарқатилаётган маълумотларни фожиадан фойдаланишга уриниш ва ёлғон деб атади.

Россия ТИВга кўра, мамлакатнинг «АльфаСтрахование» суғурта компанияси 2025 йил февралдан бошлаб самолёт ҳалокати билан боғлиқ суғурта тўловларини амалга оширмоқда.

«Озарбойжон авиакомпаниясига самолёт учун тўлиқ суғурта қиймати — 1 миллиард рубл (12,3 миллион доллардан кўпроқ) миқдорида товон пули тўлаб берилган. Бугунги кунга келиб, самолёт йўловчилари ва ҳалок бўлганларнинг яқинларига жами 358,4 миллион рубл (4,5 миллион доллар) миқдорида суғурта тўловлари амалга оширилди», дейилади ТИВ баёнотида. Шунингдек, вазирлик зарар кўрганлар ва ҳалок бўлганларнинг қариндошлари билан компенсация суммаларини келишиш ишлари давом эттирилаётганини билдирди.