Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп Ҳамасга янги сулҳ шартларини юборди
АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳамас қўлида қолаётган барча гаровдагиларни озод этиш бўйича тез орада Ғазо келишуви юзага келиши мумкинлигини айтди. Бу унинг Фаластин ҳарбий гуруҳи учун «охирги огоҳлантириш» деб атаган баёнотидан кейин айтилди.
Трамп 7 сентябр куни оқшомида Ню Йоркка сафаридан қайтгач, бу масала бўйича самолётда муҳокамалар олиб борганини айтди.
«Биз жуда яхши бўлиши мумкин бўлган ечим устида ишлаяпмиз. Буни жуда тез орада эшитасиз. Биз урушни тугатишга, гаровдагиларни қайтаришга ҳаракат қиляпмиз», деди Трамп. Лекин батафсил маълумот бермади.
У аввалроқ ҳам Ҳамасни ҳеч қандай тафсилотлари келтирилмаган «келишув шартларини» қабул қилишга чақирган эди.
«Исроилликлар менинг шартларимни қабул қилди. Энди Ҳамас ҳам қабул қилиши вақти келди», – деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social платформасида. – «Мен Ҳамасни қабул қилмаслик оқибатлари ҳақида огоҳлантирдим. Бу менинг охирги огоҳлантиришим, бошқа бўлмайди!»
Трамп, шунингдек, журналистларга барча гаровдагиларни қайтаришни ўйлаётганини айтди. Уларнинг айримлари аллақачон ҳалок бўлган бўлиши мумкин, аммо мақсад жасадларини қайтариб олиш.
Ҳамас кейинчалик АҚШ томонидан воситачилар орқали тақдим этилган баъзи ғояларни олганини ва Ғазода ўт очишни тўхтатиш борасида битимга эришиш учун ишлаётганини билдирди.
Ҳамас ўз баёнотида барча гаровдагиларни озод этишга тайёрлигини, бунинг эвазига урушнинг якунланиши ҳақида «аниқ эълон» ва Исроил қўшинларининг бутунлай чиқиб кетишини талаб қилишини яна бир бор таъкидлади.
Reutersʼнинг ёзишича, исроиллик расмий Трампнинг таклифи Нетаняҳу идораси томонидан «жиддий кўриб чиқилаётганини» айтди.
Россиянинг энг йирик дрон ҳужуми
7 сентябр куни Россия Украинага қарши уруш бошланганидан бери энг йирик ҳаво ҳужумини амалга ошириб, Киев марказидаги ҳукумат биносини ёндириб юборди.
Россия бир кечада Украинага 805 та дрон ва 13 та “Искандер” ракетаси йўллаган, Украина ҳаво мудофааси 747 та дронни ва тўртта ракетани уриб туширди, деди ҳаво кучлари. Бу – 2022 йил февралидан бери ишлатилган дронларнинг энг катта сони.






