Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил Доҳага зарба берди

9 сентябр куни тушдан кейин Қатарнинг Доҳа шаҳрида бир нечта портлаш овозлари эшитилди. Ахиос мухбири Исроил расмийларига таяниб, Доҳадаги портлаш ҲАМАС расмийларига суиқасд эканини айтди. Айни шу вақтда Исроил мудофаа кучлари ва хавфсизлик идораси ҲАМАС раҳбариятига аниқ зарба берганини маълум қилган.

Кейинроқ Қатар ташқи ишлар вазирлиги зарба ҲАМАС сиёсий бюросининг бир неча аъзолари истиқомат қилаётган турар жой биноларига берилганини тасдиқлади ва Исроил ҳужумини қоралади.

ҲАМАС расмийларининг Al-Jazeera'га айтишича, Исроил зарбалари Доҳада айнан Трампнинг сулҳ таклифини муҳокама қилаётган гуруҳ амалдорларига қаратилган бўлган. Шундан сўнг Исроил Доҳадаги операция учун тўлиқ масъулиятни ўзига олганини маълум қилди.

«Бугунги операция тўлиқ мустақил Исроил амалиёти бўлди. Исроил уни бошлади, ўтказди ва унга тўлиқ масъулиятни ўз зиммасига олади», дейилади бош вазир идораси баёнотида.

Исроил ҳужумда ўзини оқлашга уринса, Қатар уни хиёнаткорона ва «давлат терроризми» деб атамоқда. Қатарнинг бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ос-Сонийнинг айтишича, бу зарбалар Қатар воситачилик қилаётган ҲАМАС ва Исроил тинчлик музокараларини издан чиқариш хавфини туғдирмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил зарбаси ҳақида «жуда норози» эканини айтди.

«Мен бундан мамнун эмасман. Бу яхши вазият эмас, аммо шуни айтаман: биз гаровдагиларни қайтаришни хоҳлаймиз, лекин бугун бўлган воқеа шаклидан ҳам хурсанд эмасмиз», деди Трамп.

Трамп шунингдек, Ҳамасни нишонга олишни «арзишга лойиқ мақсад» деб атади, бироқ ҳужум АҚШнинг НАТОга кирмаган йирик иттифоқчиси бўлган давлатда амалга оширилгани учун афсус билдирди.

Хусусан, Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитга кўра, Трамп ўзининг махсус вакили Стив Уиткоффга «қатарликларни яқинлашаётган ҳужум ҳақида хабардор қилишга» топшириқ берган.

Бироқ Қатар бу таърифни рад этди. Қатар ташқи ишлар вазирлиги вакили ҳукумат «олдиндан хабардор қилинган» деган даъволарни «мутлақо ёлғон» деб атади.

«Исроилнинг Доҳадаги ҳужуми оқибатида юзага келган портлашлар овози жараёнида қатарликлар америкалик расмийдан қўнғироқ қабул қилишди», деб ёзди Мажид ал-Ансорий. Қатарнинг ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ос-Соний воқеани «давлат терроризми» деб таърифлади.