Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда Трампнинг иттифоқчиси ва консерватив ёшлар етакчиси отиб ўлдирилди
АҚШда президент Доналд Трампнинг таъсирли иттифоқчиси, ўнг қанот фаоли ва шарҳловчиси Чарлз Кирк Юта университетида бўлиб ўтган тадбирда бўйнидан ўқ еб, ҳалок бўлди. Расмийлар буни «сиёсий суиқасд» деб атамоқда, ўқ узган шахс ҳамон қўлга олинмаган.
Фото: Boston Globe
Интернетда тарқалган видеоларда 10 сентябрь куни Кирк Юта водийси университетида катта ташқи аудиторияга мурожаат қилаётганида тўсатдан отишма юз беради. Кирк қўлини бўйнига теккизиб стулдан йиқилади, одамлар эса саросимада қочади. Бошқа лавҳада унинг бўйнидан қон фаввора бўлиб оқаётгани кўринади.
🚨 VEJA: O momento em que Charlie Kick leva um tiro no pescoçohttps://t.co/mKUoqJqMZj
— Globo do Brasil (@globodissidente) September 10, 2025
Ҳокимият гумонланувчи узоқ масофадан, том устидан ўқ узганини айтди. Тадбирга қарийб 3 минг одам йиғилган эди. Университет полицияси бошлиғи Жефф Лонг олти офицерни жалб қилгани ва Киркнинг шахсий хавфсизлик гуруҳининг раҳбари билан ҳамкорлик қилганини айтди.
Отишмадан олти соат ўтган бўлса-да, расмийлар гумонланувчини оммага ошкор қилмади. Reuters нашри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи манбаларга таяниб, гумонланувчи ҳибсга олинмаганини хабар қилмоқда.
ФТБ директори Каш Пател бир шахс сўроқ қилингач қўйиб юборилганини маълум қилди. «Терговимиз давом этмоқда», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Оқ уй жойлаштирган видеомурожаатда Доналд Трамп гумонланувчини топишга ваъда берди: «Маъмуриятим бу жиноятга ва бошқа сиёсий зўравонликларга алоқадор бўлганларнинг барчасини, жумладан уларни молиялаштирувчи ва қўллаб-қувватловчи ташкилотларни ҳам топади», деди Трамп.
Киркнинг ўлдирилиши АҚШ сиёсий арбобларига қилинган бир қатор ҳужумларнинг навбатдагиси бўлди. Ўтган йили Трампга икки марта суиқасд уюштирилганди.
Губернатор Спенсер Кокс аввалги матбуот анжуманида полиция «қизиқиш уйғотган шахс»ни сўроқ қилаётганини айтди, бироқ бу одамнинг шахси ва воқеа билан боғлиқлиги ҳақида тафсилот бермади.
«Бу бизнинг штатимиз учун қоронғи кун, мамлакатимиз учун фожиали кун», деди Кокс матбуот анжуманида. «Мен аниқ айтмоқчиман: бу сиёсий суиқасд».
Киркнинг чоршанбадаги чиқиши мамлакат бўйлаб 15 та университетда ўтказилиши режалаштирилган «Американинг қайтиш сафари» турининг биринчиси эди. У бундай тадбирларда одатда талабалардан иборат катта аудиториялар олдида жонли баҳс-мунозаралар ўтказарди.
Отишмадан бир неча сония аввал Кирк аудитория аъзоси томонидан АҚШдаги қуролли зўравонлик ҳақида савол олган эди. «Сўнгги 10 йилда Америкада нечта оммавий отишма бўлганини биласизми?» деб сўралди ундан. У «Жиноий гуруҳ зўравонликларини ҳисобга оламизми ёки йўқми?» деб жавоб қайтарди. Шундан сўнг дарҳол ўқ еди.
Кирк ва у асос солган мамлакатдаги энг катта консерватив ёшлар ташкилоти — Turning Point USA Трампнинг сайловдаги ғалабасида муҳим роль ўйнаганди. Иккинчи муддатга сайлангач, Трамп Киркни ёш сайловчиларни сафарбар этгани учун алоҳида таъкидлаган.
Киркнинг Х тармоғида 5,3 миллион обуначиси бор эди. У машҳур подкаст, теле ва радио дастурларининг муаллифи эди.
Мавзуга оид
16:15 / 06.12.2025
Мерцга Кремлдан "ҳужум": АҚШнинг Украина бўйича роли атрофида баҳс кучаймоқда
15:44 / 06.12.2025
АҚШ ЕИ давлатларини Киевга Россия активлари ҳисобидан кредит бермасликка чақирди
15:10 / 06.12.2025
АҚШ НАТОдаги мажбуриятларнинг асосий қисмини Европага ўтказмоқчи
13:54 / 06.12.2025