Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил баланд биноларни портлатишда давом этмоқчи

Исроил армияси пайшанба куни Ғазо шаҳридаги баланд турар жой биноларини бузишни давом эттиришини ва бу бутун шаҳарни эгаллашга қаратилган ҳужумнинг бир қисми эканини билдирди.

IDFʼга кўра, бу бинолар Исроил «қўшинларига бевосита таҳдид солади». Аммо маҳаллий аҳоли, ҳуқуқ ташкилотлари ва ҲАМАС бу даъволарни рад этиб, миноралар оддий фуқаро яшайдиган бинолар эканини билдиришди.

Чоршанба куни исроиллик қўшинлар юзлаб одам яшаган ва кўчирилганлар лагери ёнида жойлашган «Тиба 2» минорасини ер билан яксон қилди. Зарба оқибатида икки фаластинлик ҳалок бўлди, бир неча киши яраланди, минглаб одамлар эса бошпанасиз қолди.

Баланд биноларни тизимли равишда бузиш усули – аҳолининг жанубга қараб мажбуран кўчирилишини тезлаштириш, шаҳарни бўшатиш режасининг бир қисми бўлиши мумкин.

Ғазо ҳукумати матбуот идорасининг сешанба кунги баёнотига кўра, доимий бомбардимон ва кўп маротаба берилган эвакуация буйруқларига қарамай, Ғазо шаҳрида 1,2 миллиондан ортиқ фаластинлик ҳануз қолмоқда.

Исроил армиясининг Ғазо секторида олиб бораётган амалиёти натижасида 2023 йил октябрдан бери камида 64 700 фаластинлик ҳалок бўлган. Ҳодисалар геноцид кўринишида баҳоланмоқда. Ҳарбий юриш анклавни вайрон қилган, у ҳозир очарчилик таҳдиди остида қолмоқда.

Чарлининг ўлими: ФҚБ маълумот учун 100 минг доллар мукофот эълон қилди

АҚШ терговчилари консерватив фаол Чарли Киркнинг ўлдирилиши билан боғлиқ «қизиқиш уйғотувчи шахс»нинг суратлари ва видеосини эълон қилди. Reutersʼнинг ёзишича, полиция сиёсий тус олган ушбу қотилликда қўлланган деб ҳисобланаётган милтиқни ҳам топган.

Терговчилар ҳали расмий равишда мотив ҳақида гапирмаган, бироқ Трамп журналистларга қотилнинг нияти борасида ўзида маълумот борлигини айтди. «Бу ҳақда кейинроқ сизларга айтамиз», деди у, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар терговда «катта ютуқларга» эришаётганини қўшимча қилди.

ФҚБ ва штат расмийларининг маълум қилишича, қотил тадбир бошланишидан бир неча дақиқа олдин кампусга келган. Кузатув камераларидаги видеоларда бир киши зинадан чиқиб томга кўтарилгани ва у ердан ўқ узгани кўринган.