Жаҳон | 13:52 / 15.09.2025
9487
9 дақиқада ўқилади

Гипертовушли ракета учирган Россия, Ғазода кучайган бомбардимонлар ва Тik Tok устида савдолашаётган АҚШ – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил Ғазо шаҳрида бомбардимонни кучайтирди

14 сентябр куни Исроил армияси Ғазо шаҳрида камида 30 та турар жой биносини вайрон қилди ва минглаб одамларни уйларидан чиқишга мажбур қилди. Шу пайтда АҚШ давлат котиби Марко Рубио можарога оид келажакдаги масалаларни муҳокама қилиш учун минтақага етиб келди. Бу ҳақда Reuters нашри фаластинлик расмийларга таяниб хабар берди.

Исроил шаҳарни эгаллашни режалаштирган, бу ерда қарийб бир миллион фаластинлик бошпана топган. Бу эса Ҳамасни йўқ қилиш ҳақидаги баён қилинган мақсадининг бир қисми сифатида кўрилмоқда. Шу сабаб Исроил ушбу гуруҳнинг «сўнгги таянч нуқтаси» сифатида таърифлаган ҳудудларга ҳужумларни кучайтирди.

«Бўлиб ўтган воқеалар бўлиб ўтди. Биз Исроил раҳбарияти билан учрашамиз. Келажак нималарни олиб келишини муҳокама қиламиз», деди Рубио Исроилга кетишидан олдин. У кейинроқ Қуддусдаги Ғарбий деворга ташриф буюрди. АҚШ Давлат департаментига кўра, бу ташриф «Американинг Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олишини яна бир бор тасдиқлади».

Доналд Трамп 2017 йил охирида президентлигининг биринчи даврида Қуддусни Исроил пойтахти сифатида расман тан олган ва АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан кўчирган эди.

Бундан ташқари, Нетаняҳу пайшанба куни Ғарбий Соҳилда фаластинликлар давлат тузишни истаётган ҳудудларни кесиб ўтадиган янги яҳудий посёлкаларини кенгайтириш режасини имзолади. Бирлашган Араб Амирликлари бу қарор — Исроил билан муносабатларни нормаллаштирган Иброҳим келишувларини хавф остига қўйишини огоҳлантирди.

БМТнинг Фаластин қочқинлари агентлиги комиссари Филипп Лаззарини якшанба куни Ғазодаги Беач лагер клиникаси фаолияти тўхтаганини билдирди. Унга кўра, бу Ғазонинг шимолидаги ягона тиббий хизмат манбаи эди. Лаззаринининг айтишича, ҳозир сув ва санитария хизматлари ярим қувватда ишламоқда, сўнгги тўрт кунда эса Ғазо шаҳрида БМТ агентлигининг 10 та биноси зарба остида қолган.

Al-Jazeera нашрининг ёзишича, кечанинг ўзида Исроил кучлари Ғазо секторида 53 нафар фаластинликни ўлдирди, қурбонларнинг камида 35 нафари Ғазо шаҳрида ҳалок бўлган.

Ҳуманитар ташкилотлар Исроилнинг Ғазо шаҳрини эгаллаши аллақачон очликдан азият чекаётган аҳоли учун фалокатли оқибатларга олиб келишини билдирмоқда. Ҳудуд соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, очлик ва озиқ-овқат етишмовчилигидан камида 422 киши вафот этди. Шулардан 145 нафари болалар.

Россия кучини кўрсатишга ҳаракат қиляпти

Россия армияси якшанба куни Баренс денгизида нишонга қарата «Циркон» гипертовушли қанотли ракетасини учирганини ва Су-34 бомбардимончи самолётлари зарбалар берганини билдирди. Бу ҳаракатлар Беларус билан биргаликда ўтказилаётган қўшма ҳарбий машғулотлар доирасида амалга оширилди.

Россия Мудофаа вазирлиги Шимолий флотнинг «Адмирал Головко» фрегатидан «Циркон» гипертовушли ракетасини учириш жараёнини акс эттирган видеони эълон қилди. Кадрларда ракетанинг вертикал тарзда учирилиши, сўнгра уфққа томон бурчак остида тезлик билан учиб кетиши кўрсатилган. Путин 2019 йилда «Циркон»ни мақтаб, товушдан тўққиз баравар тезликда учиши ва денгиз ҳамда қуруқликдаги нишонларни 1 минг км масофагача уриши мумкинлигини айтганди.

Шунингдек, машқларда Шимолий флотнинг аралаш авиация корпусига қарашли узоқ масофали сувости кемаларига қарши самолётлар, Су-34 қирувчилари ҳам қатнашди.

«Ғарб» деб номланган стратегик қўшма машқлар 12 сентябр куни бошланган бўлиб, мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Россия ёки Беларусга ҳужум бўлганда ҳарбий қўмондонлик ва мувофиқлаштиришни яхшилашга қаратилган.

Москва ва Минск машқлар фақат мудофаа характерига эга эканини ва НАТО аъзоларига ҳужум қилиш ниятида эмаслигини билдирди. Бироқ АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ 9-10 сентябр кунлари Россия дронлари Полшага кириб келганидан кейин «Шарқий навбатчи» операциясини бошлади.

АҚШ ва Хитой савдо музокаралари

АҚШ ва Хитой расмийлари 14 сентябр куни Мадридда ўзаро таранглашган савдо алоқалари, TikTok иловаси бўйича яқинлашаётган активларни сотиш муддати шароитида кунлик музокараларни якунлади.

Бессент ва АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир бошчилигидаги делегация Хитой вице-премери Хе Лифенг ва Хитойнинг бош савдо музокарачиси Ли Ченгганг билан учрашди. Reutersʼнинг ёзишича, музокаралар олти соат давом этди.

АҚШ молия вазири Скотт Бессент марказий ҳукумат саройидан чиқаётганида журналистларга: «Эрталаб яна давом эттирамиз», деган.

Делегациялар охирги бор июлда Стокҳолмда учрашиб, 90 кунлик савдо сулҳини узайтириш, ўзаро уч хонали миқдордаги тарифларни кескин камайтириш ва Хитойдан АҚШга ноёб ер металлари оқимини қайта тиклаш борасида принципиал келишувга эришган эди.

Трамп Хитой маҳсулотларига қўйилган жорий АҚШ тариф ставкаларининг — тахминан 55 фоизини 10 ноябргача узайтиришни маъқуллаган.

Музокараларда энг кутилаётган натижа — TikTokʼнинг хитойлик эгаси Byte Dance'га 17 сентябргача АҚШдаги активларини сотиш муддати яна узайтирилиши. Акс ҳолда, илова АҚШда блокланади.

Таҳлилчиларга кўра, асосий «натижалар» йил охирида бўладиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик саммитида Трамп ва Си ўртасидаги учрашувга қолдирилиши мумкинлигини айтмоқда.

Маск Британия ҳукуматини алмаштиришга чақирди

Америкалик миллиардер Илон Маск Лондондаги митингда қилган онлайн чиқишида Бирлашган Қироллик ҳукуматини алмаштириш ва парламентни тарқатиб юборишга чақирди.

Ултра ўнг кучларнинг «Қиролликни бирлаштирамиз» деб номланган акцияси Томми Робинсон номи билан танилган фаол Стивен Яксли-Леннон томонидан ташкиллаштирилди.

Маск митинг вақтида видеоқўнғироқ орқали у билан суҳбатлашди. Видеоқўнғироқ митинг қатнашчиларига трансляция қилинди.

«Мен ростдан ҳам Буюк Британияда ҳукумат алмашиши зарур деб ҳисоблайман. Бизда навбатдаги сайловларга тўрт йил вақт йўқ. Бу жуда узоқ муддат. Нимадир қилиш керак. Парламент тарқатилиши ва янги сайловлар ўтказилиши керак», — деди Маск.

Маълумот берилишича, ушбу митингда 100 мингдан ортиқ киши қатнашган.

Ғазога ёрдам кемаси

Якшанба куни Тунис шимолидаги Ла Гоулетте портидан Ғазога ёрдам етказишга мўлжалланган флотилия таркибида қатнашаётган Туниснинг илк кемаси сузиб чиқди. Бу кема Исроилнинг Фаластин анклавига қўйган қамали барҳам топиши учун уюштирилаётган халқаро ташаббусга қўшилди. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар бермоқда.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, кемада беш нафар фаоллардан иборат кичик гуруҳ бор. Бу кема Шимолий Африкадан жўнаётган 23 та маҳаллий ва 22 та хорижий кемадан иборат Global Sumud Flotilla'сининг Мағриб бўлинмаси таркибида жўнаб кетган биринчи кема ҳисобланади.

Якшанба куни Испаниянинг учта кемаси ҳам Туниснинг Бизерте портидан чиқиб, умумий флотилияга қўшилиш учун йўл олди.

Ташкилотчиларнинг билдиришича, ҳозирда 47 мамлакатдан вакиллар иштирок этаётган қарийб 50 та кема Туниснинг турли портларида тўпланган. Флотилия таркибида Европа, Лотин Америкаси, АҚШ, Покистон, Ҳиндистон ва Малайзия давлатларидан парламент аъзолари, санъаткорлар ва сиёсий арбоблар ҳам бор.

Ташкилотчилар бу ташаббусни олдинги, қатнашчилари Исроил томонидан ушланиб, депортация қилинган уринишлардан кескин фарқ қилувчи, мислсиз ташаббус сифатида таърифламоқда.

Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, 2023 йил октябридан буён Исроил армияси Ғазода деярли 65 минг фаластинликни ўлимига сабаб бўлди. Тинимсиз бомбардимон анклавни яшаш учун яроқсиз ҳолга келтирган, очлик ва касалликларнинг кенг тарқалишига олиб келган.

Японияда кексалар сони рекорд даражага чиқди

Якшанба куни эълон қилинган ҳукумат маълумотларига кўра, Японияда 65 ёш ва ундан катталарнинг жами аҳоли улуши 29,4 фоизга етди.

Япония ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги маълумотига кўра, кексалар сони 36,19 миллионни ташкил этади. Шундан 9,3 миллиони ҳали ҳам ишлашда давом этмоқда, бу эса кетма-кет 21 йил давомида ўсиш қайд этилганини англатади. Японияда ҳар еттита ишчидан бири кексадир.

Май ойида саноат хавфсизлиги ва соғлиқ тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, компаниялар энди ёши катта ходимлар учун иш шароитларини яхшилаши шарт, чунки ёш улғайиши билан меҳнат жараёнидаги бахтсиз ҳодисалар хавфи ҳам ошади.

Прогнозларга кўра, 2040 йилга бориб Японияда кекса аҳолининг сони 39,28 миллионга етади ва умумий аҳолининг 34,8 фоизини ташкил этади.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид