Жаҳон | 21:39 / 17.09.2025
6205
2 дақиқада ўқилади

Россияда миграция сиёсатининг янги тамойили эълон қилинди: «келди – пул ишлади – кетди»

Таъкидланишича, Россия мигрантларни оиласи билан бирга қабул қилишга тайёр эмас. Улар пул ишлаб топгач, ватанига қайтиб кетиши керак.

Фото: Сергей Ведяшкин

Россия миграция сиёсатини янада қатъийлаштирмоқчи. «Биз миграцияга «келди – пул ишлади - кетди» тамойили бўйича ёндашамиз», деб маълум қилди Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников.

Сентябр ойида Давлат Думасига меҳнат мигрантларига оила аъзоларини Россияга олиб келишни тақиқловчи қонун лойиҳаси киритилди.

«Ҳаммаси кундек равшан - одамлар бошқа мамлакатлардан келади, пул топади, пул олади, кетади. Бизга бу ерда оилалар керак эмас, биз ўз мамлакатимиз фуқароси бўлмаганларни ўқитишга мажбур эмасмиз... Бу жараён тўғриланмоқда. Миграцияга, менимча, ҳеч ким узоқ муддатга таянишга тайёр эмас», деди Решетников.

Россияда мигрантларга нисбатан муносабат 2024 йил март ойида «Крокус Сити Холл»да содир этилган терактдан сўнг кескин ёмонлашди. Ҳукумат уларнинг ҳуқуқларини чекловчи қонунларни босқичма-босқич қабул қилмоқда. Расмийлар иқтисодиёт мигрантларсиз ишлай олмаслигини тан олади, аммо айни пайтда улар учун шартларни кучайтирмоқда.

Мигрантлар оила аъзоларининг Россияга киришига тақиқ қўйилиши расман ижтимоий инфратузилмага юк билан изоҳланмоқда.

«Мигрантларни жалб қилиш керак албатта, лекин биз бошлаган жараённи якунлашимиз лозим», деб хулоса қилди Решетников.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид