Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Евроиттифоқнинг «дрон девори», Навалний беваси даъволари ва Покистон билан мудофаа пактини имзолаган МБС – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ғазода ҳалок бўлганлар сони 65 мингдан ошди
Исроил армияси чоршанба куни Ғазо шаҳрида Ҳамасга қарши ҳаракатларини кучайтириш баҳонасида фаластинликлар шаҳардан чиқиши учун 48 соатга қўшимча йўл очаётганини маълум қилди.
Исроил ер устидан ҳужум бошланганини эълон қилганидан бир кун ўтиб, танклар шаҳарнинг марказ ва ғарбий томонларига уч йўналишдан қисқа масофаларда силжиди, аммо катта илгарилаш ҳақида хабар қилинмади.
Исроиллик расмийга кўра, уни тўлиқ эгаллаш учун бир неча ой кетишини, агар Ҳамас билан оташкесим тузилса, операция тўхтатилиши мумкинлигини айтди. Бироқ ўтган ҳафта Исроил Доҳага ҳужум қилгач, оташкесим имконияти узоқлашди.
Шаҳарда юз минглаб одамлар бошпанага жамланган, кўплари эса Исроил буйруғига кўра жанубга қараб кетишдан бош тортяпти. Сабаб – йўлдаги хавф-хатарлар, оғир шароитлар, жанубда озиқ-овқат танқислиги.
«Ҳатто агар биз Ғазо шаҳрини тарк этмоқчи бўлсак ҳам қайтишимизга кафолат борми? Уруш қачон тугайди? Шунинг учун мен ўз маҳаллам – Сабрада ўлишни афзал кўраман», деди Reuters билан гаплашган Аҳмад исмли ўқитувчи.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари маълум қилишича, чоршанба куни Исроил зарбалари ва отишмаларида Ғазо сектори бўйлаб камида 63 киши ҳалок бўлди, қурбонларнинг асосий қисми Ғазо шаҳрида. Ҳалок бўлганлар орасида 13 киши шаҳардан чиқиш буйруғини бажараётган бўлган.
Фаластин ва БМТ расмийларига кўра, Ғазода ҳеч қайси жой хавфсиз эмас, ҳатто Исроил «гуманитар зона» деб атаган жанубда ҳам. Хусусан, сешанба куни ҳаво зарбасида жанубга йўл олган бир машинада беш киши ҳалок бўлди.
Евроиттифоқ чегарасида «дрон девори»
Россия дронлари томонидан Полша ва Руминия ҳаво ҳудуди бузиб кирилиши билан боғлиқ сўнгги воқеалар фонида Европа Иттифоқида ҳамжамиятнинг шарқий қисмидаги чегараларни ҳимоя қилиш бўйича хавотирлар ортиб бормоқда, деб ёзади Financial Times.
Рўй берган ҳодисалар шуни кўрсатдики, НАТО давлатлари нисбатан арзон дронларни тўхтатиш учун жуда қиммат технологияларга таянади, бу эса «Москва келажакда фойдаланиши мумкин бўлган жиддий заифликдир».
Вазиятни ўнглаш учун миллий ҳукуматлар мувофиқлашган ҳолда Европа Иттифоқи маблағлари ҳисобидан Украинада ўзини яхши томондан кўрсатган арзонроқ ҳимоя тизимларини сотиб олиши керак.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг марказий раҳбарияти бундай ёндашув тўлиқ интеграциялашган технологияларга асосланган тақдирдагина самарали бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 10 сентябр куни Европа Иттифоқи Россия таҳдидларига «реал вақт режимида» жавоб бериш учун «дрон девори» барпо этиши кераклигини айтди. У Украина билан биргаликда «дронлар алянси» тузилишини эълон қилди, бу Европага ўз мудофаасини мустаҳкамлаш учун Украинанинг кенг кўламли тажрибасидан фойдаланишга имкон беради. Ушбу маблағлар учун Россиянинг музлатилган активлари гарови остида 6 миллиард евро кредит ажратилади.
Алексей Навалний колонияда заҳарлангани айтилди
Россиялик сиёсатчи Алексей Навалнийнинг беваси – Юлия Навалнаянинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи 2024 йил феврал ойида колонияда заҳарланган. Унинг сўзларига кўра, биологик материалларни таҳлил қилган иккита лаборатория шундай хулоса берган. Навалная лабораториялардан натижаларни расман эълон қилишни талаб қилди.
«2024 йил феврал ойидаёқ биз Алексейнинг биологик материаллари намуналарини ишончли тарзда чет элга жўнатишга муваффақ бўлгандик. Икки мамлакатдаги лабораториялар бир-биридан мустақил равишда ушбу намуналар бўйича тадқиқотлар ўтказган. Бир неча ой олдин мен натижалар чиққанидан ва ушбу лабораториялар Алексей заҳарлаб ўлдирилган, деган хулосага келганидан хабар топдим», – дея ёзган Навалная.
Бу қандай лабораториялар ва улар қайси мамлакатларда жойлашганига сиёсатчининг беваси аниқлик киритмади. У «турмуш ўртоғи Алексей Навалний айнан нимадан заҳарлангани бўйича тадқиқотлар натижалари ошкор этилиши»ни талаб қилган.
Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати Навалнийнинг ўлими ҳақида 2024 йил 16 февралда хабар берганди. Сиёсатчининг сафдошлари аввал ҳам у ўлдирилганини айтиб, унинг ўлимида Россия президенти Владимир Путинни айблаганди.
Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати Навалнаянинг баёнотига муносабат билдирмади. Расмийлар Навалний колонияда зўравонлик натижасида ҳалок бўлгани ҳақидаги версияни мунтазам равишда рад этиб келган.
Саудия Арабистони ва Покистон ўзаро мудофаа пактини имзолади
Саудия Арабистони ва ядровий қуролга эга Покистон чоршанба куни расмий ўзаро мудофаа пактини имзолади. Бу қадам – араб кўрфази давлатлари АҚШни узоқ йиллик хавфсизлик кафолатчиси сифатида ишончлилигига шубҳаланишлари кучайган бир шароитда пайдо бўлди. Ўтган ҳафта Исроилнинг Қатарга ҳужуми бу хавотирларни янада кучайтирди.
Пакт минтақадаги стратегик мувозанатни ўзгартириши мумкин. Вашингтон иттифоқчилари бўлган Кўрфаз монархиялари узоқ йиллик хавфсизлик хавотирларини ҳал қилиш учун ҳам Эрон, ҳам Исроил билан муносабатларни барқарорлаштиришга интилган эди.
Бироқ Ғазо уруши бутун минтақани издан чиқарди ва Қатар бир йил ичида икки марта – аввал Эрон, кейин эса Исроил ҳужумларига дучор бўлди.
«Пакт доирасида Покистон Саудия Арабистонига ядровий «қалқон» тақдим этиши шартми?» деган саволга саудиялик юқори лавозимли расмий «Бу барча ҳарбий воситаларни қамраб олувчи кенг қамровли мудофаа келишуви», деб жавоб берди.
«Келишувда қайд этилишича, бир давлатга қарши қилинган ҳар қандай тажовуз иккисига қарши қилинган тажовуз ҳисобланади», дейилган Покистон бош вазири девони баёнотида.
Трампга британча хушомад
АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Буюк Британияга давлат ташрифи давомида Виндзор қасрига сафар қилди ва Подшоҳ Чарлз III билан учрашди.
Трамп – замонавий даврда бир монарх томонидан икки марта давлат ташрифида қабул қилинган илк сайланган сиёсий раҳбарга айланди.
Улар Виндзордаги тантанали маросимда иштирок этаётганда – Лондонда минглаб одамлар «Stop Trump» ҳаракати уюштирган норозилик намойиши ўтказди. Улар қўлларида анти-Трамп шиорлари ва Фаластин байроқларини кўтариб юришди.
Сафарда Трампга асосий маслаҳатчиларидан ташқари йирик молиявий фигуралар: Blackstone раҳбари Стив Шварцман, Руперт Мёрдок, Apple раҳбари Тим Кук, Nvidia раҳбари Женсен Хуанг ва OpenAI раҳбари Сэм Алтман ҳам ҳамроҳлик қилмоқда.
Пайшанба куни Трамп Британия бош вазири Кейр Стармер билан учрашади. Улар матбуот анжумани ўтказишлари кутилмоқда.
Энди Green Card ўйнаш пулли
2025 йил 16 сентябрдан бошлаб, Green Card лотереясининг барча иштирокчилари рўйхатдан ўтиш учун 1 АҚШ доллари тўлаши шарт. Бу ҳақда АҚШ Федерал реестрида маълум қилинди.
Янгилик лотереяда иштирок этиш учун ариза берилган пайтда ундириладиган қўшимча йиғим ҳисобланади. Илгари иштирок этиш бепул эди. Аммо фақат ғолиб бўлганлар ва виза ҳужжатларини топширганлар $330 тўлаган.
Янги тўловни жорий этишдан мақсад - лотереяни ташкил этиш харажатларини фақат танланган иштирокчилар ўртасида эмас, балки барча аризачилар ўртасида адолатлироқ тақсимлаш экани таъкидланмоқда. Хусусан, маблағлар маълумотларни қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш, ғолибларни автоматик танлаш ва дастурнинг техник инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш бўйича йиллик харажатларни қоплайди. Шу билан бирга, виза аризасини кўриб чиқиш учун асосий йиғим миқдори ($330) ўзгармай қолди.
Рўйхатдан ўтказиш йиғимини ундириш сохта аризалар ва дастурни суиистеъмол қилиш ҳолатларини камайтиришга қаратилган. Рўйхатдан ўтиш бадали тўлови иштирок этиш натижаларидан қатъи назар қайтарилмайди ва келгуси лотереяларга ўтказилмайди.
Green Card – АҚШда 1990 йилдан бери чет элликларга ҳар йили тасодифий равишда 50 мингта яшаш гувоҳномаси тарқатиладиган дастур. 2025 йил май ойида эълон қилинган лотерея натижаларига кўра, Ўзбекистон саралаб олинган ғолиблар бўйича мамлакатлар рўйхатида етакчилик қилди - 5564 киши. Кейинги ўринларда Жазоир ва россияликлар энг кўп лотереядан ютган.
Мавзуга оид
15:07 / 06.12.2025
Макроннинг Хитойдан илтимоси, Путиннинг Модига таклифи ва Трампнинг шоусига айланган FIFA тадбири – кун дайжести
16:20 / 05.12.2025
Ҳиндистонга келган Путин, Трампнинг яна бир «ғалабаси» ва Ғазода ўлдирилган «Исроилнинг одами» – кун дайжести
15:03 / 04.12.2025
Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи бўлган Исроил, Хитойга келган Макрон ва йўқолган самолёт қидирувини бошлаган Малайзия – кун дайжести
14:59 / 03.12.2025